Юпитернинг янги суратлари: унда сайёранинг икки томони акс этган

    Олимлар Юпитернинг “Хаббл” телескопи томонидан олинган янги суратларини тақдим этди. Улар 2024 йилнинг 5-6 январь кунлари олинган бўлиб, уларда улкан сайёранинг икки томони акс этган.

    Тасвирларни таҳлил қилгач, экспертлар Юпитер атмосферасида кўп бор фаоллик содир бўлган деган хулосага келишди. Маълумки, сайёра қаттиқ сиртга эга эмас. У доимо қалинлиги тахминан 48 км бўлган аммиак муз кристаллари булутлари билан қопланган.

    Турли кенгликларда 563 км/соат тезликда ҳаракатланувчи атмосфера оқимлари сайёра юзасида чизиқлар ҳосил қилади. Қарама-қарши оқимлар ўзаро таъсир қилганда, бўронлар пайдо бўлади.

    “Хаббл” ҳар йили Юпитер ва ташқи Қуёш тизимидаги бошқа сайёраларни кузатади. Унинг янги суратида Юпитердаги улкан бўрон – Катта қизил нуқта тасвирланган. Жанубий кенгликда эса 1998-2000 йилларда бўронларнинг қўшилиши натижасида ҳосил бўлган антициклон – Кичик қизил нуқта бор.

    Доғнинг қизил рангга айланишининг сабаби ҳали аниқланмаган. Олимлар буни бир қатор кимёвий бирикмалар: олтингугурт, фосфор ёки органик моддалар билан боғлиқ деб ҳисоблашади.

    Олимлар Юпитерда кўплаб йирик бўронлар ва майда оқ булутлар белгиларини ҳам аниқлашди. Тасвирлар шунингдек, сайёранинг табиий йўлдоши Иони ҳам ўз ичига олади. Бу бутун Қуёш тизимидаги энг фаол вулқонларга эга осмон жисмдир, деб хабар беради mir24.tv.