Юқори рейтингдаги тадбиркор: “Zelal Tekstil” қўшимча имтиёзлардан фойдалана бошлади

    Ушбу имконият ортидан корхона 7 миллиард сўм пулни тез фурсатда қайтариб олишга эришди.

    Охирги вақтларда тадбиркорлар рейтинги ҳақида кўп эшитяпмиз. Бизнес вакилларининг аксарияти ана шу рейтингнинг юқори поғонасидан жой эгаллашга интиляпти. Бу уларга қўшимча қулайлик, имтиёзлар беришини таъкидламоқда. Боиси, юртимизда жорий йил 1 февралдан тадбиқ этилган тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги ишбилармон доира вакилларининг фаолиятини баҳолабгина қолмасдан, уларни қўшимча рағбатлантиришни назарда тутади.

    Барқарорлик рейтинги одатдаги каби юқори, ўрта, қониқарли ва қуйи тоифаларга бўлинади. Улар ҳам яна бир нечта тоифаларга ажратилади. Масалан, юқори тоифа “ААА”, “АА”, “А” даражаларни ўз ичига олса, ўрта “B” ҳамда қониқарли “С” тоифалар ҳам шу тарзда сараланади. Қуйи “D” тоифа эса ягона даражадан иборат.

    Яъни, тадбиркорлик субъектлари оладиган тоифалар уларнинг фаолиятига бериладиган баҳодир. Бу баҳо яхши ёки ёмон бўлишига кўра маълум чоралар белгиланади. Аммо рейтинги паст корхоналарга нисбатан жазо чоралари қўллаш назарда тутилмаган. Фақатгина, рағбатлантириш кўрсаткичга қараб ўзгариб боради. Бунинг қулайликларини рейтинг даражасини ошириб бораётган ишбилармонлар яққол сезмоқда. Мавжуд имтиёзларни олиш учун ўрта даражадаги корхоналар ҳам юқори рейтингга эга бўлишга интилаётгани боиси шунда.

    Пойтахтимиздаги “Zelal Tekstil” МЧЖ хориж корхонаси рейтингнинг энг юқори тоифасидан жой олганлар қаторида. Бу даража уларга кўплаб имтиёзлар берди. Энг катта қулайлиги эса ҚҚСдан ҳосил бўлган суммани бир кунда қайтариб олиш имконияти бўлмоқда. Ушбу имконият ортидан корхона 7 миллиард сўм пулни тез фурсатда қайтариб олишга эришди.

    — ҚҚС пулларининг қайтиши ҳафталаб, баъзан ойлаб кечикарди. Бунинг ортидан иш фаолиятимиз секинлашиб, ишлаб чиқариш қувватлари тушиб кетарди, — дейди “Zelal Tekstil” МЧЖ ХК директор ўринбосари Раҳматулла Абдураҳмонов. — Корхонамиз рейтингнинг энг юқори тоифасига кириши ортидан айни шу муаммо ҳал бўлди. Яъни, тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий этилгач, бизнес вакилларини рағбатлантириш, имтиёзлар янада ошди. Корхоналар қанча яхши, тўғри ишлаб, натижа кўрсата олса, имкониятлари шунча кенгайиб боради. Имтиёзларнинг тоифаларга кўра белгилангани ҳам тўғри ечим, деб биламан. Бу тадбиркорларни ажратиш ёки ишига қараб муносабат билдириш эмас, аксинча, фаолиятининг ўсиши, ривожланишига туртки беради. Қуйи тоифадаги фирмалар ҳам кўпроқ имтиёздан фойдаланиш учун яхшироқ ишлашга, қонун доирасида фаолият олиб боришга интилади. Бунинг ортидан, барчамиз биргаликда мамлакат иқтисодий ривожига ҳисса қўшамиз. Бозорда соғлом рақобат муҳити таъминланади. Бизнинг “Zelal Tekstil” МЧЖ хориж корхонамиз доим юқори сифат ва ҳалоллик тарафдори бўлиб келган. 2016 йилдан буён шу мақсад асосида фаолият олиб боряпмиз ва айни пайтда корхона мамлакатимиздаги энг йирик текстиль экспортёрларидан бирига айланган. Солиқ ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўлаб, юзлаб иш ўрни яратиши ортидан барқарорлик рейтингининг энг юқори тоифасидан жой олди.

    Туркиялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган текстиль фабрикасида 20 дан ортиқ турдаги мато ишлаб чиқарилади. Корхонанинг кунлик ишлаб чиқариш қуввати 70 тонна. Тайёр маҳсулотлар Россия, Қирғизистон, Озарбайжон, Арманистон, Польша, Словения, Италия каби давлатларга сотилади. Ўтган йили 76 миллион долларлик экспорт қилинди.

    Заводда тайёр ип-калавадан хом мато тўқилиб, сўнг, бўяш, қуритиш, гул босиш босқичларидан ўтади. Назорат-текширув бўлимида маҳсулот сифат кўригидан ўтказилгач, қадоқланиб, мижозга етказилади. Ушбу жараёнларнинг бари энг замонавий технологиялар ёрдамида бажарилади. Қурилмалар Италия, Австрия, Туркия, Хитой давлатларидан келтирилган. Шунга қарамай, замонавий техникаларни бошқариш ва бошқа ишларда қўл меҳнати ҳам зарур — корхонада 900 кишининг бандлиги таъминланган. Туркиялик мутахассислар уларга иш ўргатиб, тажрибасини ошириб боради.

    Корхона иш фаолиятини янада кенгайтириб, текстиль соҳасида биринчилар қаторида бўлишни мақсад қилган. Бу борада юртимизда тадбиркорларга берилаётган имтиёзлардан ҳам унумли фойдаланяпти. Жорий йилда 5 миллион доллар имтиёзли кредит олиб, янги технологиялар сотиб олишга йўналтирилди.

    Талаблари қандай?

    Аслида, бошқалардан яхшироқ ишлаган, кўпроқ натижа кўрсатганларни рағбатлантириш амалиётда синовдан ўтган тажриба. Бу барча соҳада мавжуд имкониятларни аниқлаб, талабгорларда ишчанлик, меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидан кўзланган мақсад ҳам шу — рағбат тоифага қараб ошиб боради. Асосий талаб эса тадбиркорларнинг қонунчиликда белгиланган меъёрлар бўйича мажбуриятларини ихтиёрий равишда ва ўз вақтида бажаришларига қаратилган.

    — Содда қилиб айтганда, ҳар ким меҳнатига яраша рағбат олади. Бу жаҳон тажрибасида ҳам синалган усул бўлиб, имтиёзларнинг тоифалар асосида берилиши уларга киришга бўлган интилишни оширади, — дейди Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Сарварбек Ниязов. — Барқарорлик рейтинги ҳам шундай. Масалан, агар тадбиркор “ААА” тоифадаги рейтингга эга бўлса, солиқ текширувларидан тўлиқ озод бўлади, ҚҚСдан ҳосил бўлган солиқ суммаси амалдаги 7 кундан 30 кунгача бўлган муддатда эмас, балки бир кунда қайтарилади. Худди шундай, ҚҚСдан бошқа солиқ турлари бўйича ҳосил бўлган ортиқча солиқ суммаларини 3 кунда қайтариш юзасидан қўшимча преференциялар берилади. Рағбатлантиришлардан яна бири — солиқ ва божхона органларида товарларни импорт қилиш вақтида тўланган солиқларни ҳисобга олиш тизимининг жорий қилинганидир. Аввал бу фақат йирик солиқ тўловчилар ҳамда “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида сертификат олган корхоналар учун амал қиларди. Энди эса рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларига ҳам мазкур тартиб тадбиқ этилган. Бироқ рейтинг тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар беришнигина назарда тутмайди. У ишбилармонларга ҳамкорлари тўғрисида ишончли маълумот берувчи, шубҳали шартномалар ва инсофсиз рақобат хавфидан огоҳлантирувчи ҳимоя тизими ҳамдир.

    Рейтинг Солиқ қўмитасининг “Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги” электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилиб, Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилмоқда. Маълумотларга кўра, платформа ишга туширилган вақт — жорий йил 1 февралда энг юқори “ААА” тоифадаги тадбиркорлик субъектлари сони 38 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда 500 дан ошди. Ушбу даражадаги тадбиркорлар сони бўйича Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Андижон вилояти пешқадамлик қилмоқда, соҳалар кесимида эса саноат, улгуржи ва чакана савдо, хизмат кўрсатиш тармоқлари олдинда.

    Тадбиркорларнинг рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш уларнинг ўзигагина ташлаб қўйилган масала эмаслиги янада аҳамиятли. Бу борада улар Савдо-саноат палатаси, Солиқ қўмитаси ҳамда Бизнес-Омбудсман ёрдамидан фойдаланишлари мумкин. Тоифалар доирасидаги рағбатлантиришлар қаторига ҳам мунтазам янгилари қўшиб борилмоқда. Жорий йил 24 май куни қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш тартибларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан бу борадаги вазифалар янада такомиллаштирилди.

    Жумладан, шу йил 1 майдан 2026 йил 1 майгача “А” ва ундан юқори тоифадаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж йўналишидаги тадбиркорларда солиқ текширувлари ўтказилмайди. Қолаверса, ушбу тоифадаги тадбиркорлар учун ҳам ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш 1 кун муддатда текширувларсиз амалга оширилади. Бу, эндиликда, ушбу суммани ҳафталаб кутмасдан, бир кунда оладиган тадбиркорлар сафи кенгаяди, дегани.

    Имкониятлар ҳам шунга яраша. Масалан, тадбиркорларнинг рейтинг даражаси пасайганда, имтиёз бериш 3 ой давомида сақланиб қолинади. Юқорилаган тақдирда эса имтиёзлар кейинги ойдан бошлаб янгиланган рейтинг даражасига мувофиқ миқдорларда тақдим этилади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 29.05.24 й, 104-сонида эълон қилинди)

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates