2021 йилнинг 14 апрел куни Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ходимлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидаги археологик ёдгорликларни қайта хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилди.
Текшириш пайтида ушбу туманнинг Суранкент МФЙ, Янги ҳаёт маҳалласи, Меҳрибон кўчасида алоҳида тепалик кўринишида сақланиб қолган Сигиртепа археологик ёдгорлигининг жануби-шарқий томонидаги тупроқлар орасида синган ҳолатдаги сопол идишга дуч келинди. Ушбу сопол идиш тупроқдан ажратиб олингач, тана қисми тухумсимон, бўғзи узун, бир учи бўғзининг тепасига, иккинчи учи кенг тана қисмига уланган “Г” шаклидаги қалин дастали кўза эканлиги аниқ бўлди. Кўза ўрганилганда бўйининг сақланган қисми 48 см.ни, оғзининг диаметри – 10 см.ни, ясси шаклидаги тагининг диаметри – 15 см.ни, узун бўғзининг баландлиги эса – 15 см.ни ташкил қилди.
Бу кўза кулолчилик чархи ёрдамида ясалган бўлиб, унинг елкасига айланаси бўйлаб тароқсимон мослама билан ёнма-ён тўрт қатор ботиқ чизиқ тушириб, безак берилган. Кўза хумдорда пиширилгандан сўнг жигарранг тусга кирган. Пиширилиб тайёр бўлгандан сўнг унинг сиртига қизил рангдаги ангоб бир текисда суртиб, чирой берилган.
Тадқиқотларда бунга ўхшаш қизил рангда ангобланган, танаси тухумсимон, бўғзи узун кўзалар Тошкент воҳасида аниқланиб, милоддан олдинги II асрдан – милодий VI асрнинг биринчи ярмигача бўлган давр билан даврлаштирилган, Қавунчи маданияти номи берилган кулолчилик буюмлари мажмуасида кўплаб учрайди. Аммо бу маданиятга оид кўзалар мўртлиги, чарх ёрдамисиз, қўлда ясалганлиги, дастасининг кичикроқлиги билан Юқоричирчиқ туманидан янги топилган кўзадан фарқ қилади.
Янги топилган кўза ўзининг чархда бежирим қилиб ясалганлиги, елкасига тароқсимон асбобда айланасига тирнаб безак берилганлиги, дастасининг шакли ва юксак дид билан яратилганлигига кўра IX-XII асрларга оид кўзаларга ўхшаб кетади. Шуларга асосланиб, янги топилган кўзани қадимий ҳунармадчилик анъаналарининг такомиллашуви натижасида IX-XII асрларда ишлаб чиқарилганлигини, у топилган ёдгорлик ҳам шу асрларга оидлигини тахмин қилиш мумкин.
Ушбу кўзани келажакда Тошкент музейига топшириш кўзда тутилган. Чунки, ўзбек халқининг узоқ вақтлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келган ўзига хос ҳунармандчилик анъаналарини кўрсатиб бера оладиган мазкур топилма музей кўргазмалари орасида ўзининг муносиб ўрнини топади ва музейга келувчи томошабинларда катта қизиқиш ўйғотади .
Дилмурод НОРМУРОДОВ,
Фанлар академияси Тарих институти бўлим бошлиғи