Юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида Ўзбекистон - Хитой ҳамкорлиги масалалари муҳокама этилди

    Ўзбекистон элчихонаси ташаббускорлигида Чунцин шаҳридаги Хитой Жанубий – Ғарбий сиёсий фанлар ва ҳуқуқ университетида давра суҳбати ташкил этилди.

    Тадбир Ўзбекистонда олий таълим соҳасида, хусусан, юридик кадрларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мавзусига бағишланди.

    Учрашувда мамлакатимизда юриспруденция мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш борасида Япония, Германия, Буюк Британия ва Хитой каби давлатларнинг тажрибалари ўрганилаётгани қайд этилди.

    Хитой томони суҳбат давомида Тошкент Давлат юридик университети билан Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш ва унинг дорасида мазкур университетлар қошида Хитой ва Ўзбекистон ҳуқуқини ўрганиш марказларини ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.

    Меморандумнинг имзоланиши келажакда ўзаро ҳамкорликда илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, қўшма таълим ва илмий дастурларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун малака ошириш ва амалиёт ўташ дастурларида иштирок этиш учун кенг имкониятлар яратиши, шунингдек, талабалар алмашувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда турли танловлар, конференция, семинар ва давра суҳбатларини ўтказиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.