“Юртимга соз тупроқ, уйғоқ юрак билан қўшилсам дейман...”

    Жадид боболаримиз сиймоси ва ўтли сўзларини тарихга муҳрлаётган музей-устахонага саёҳат.

    “7-синф ўқувчисиман. Тўнғич фарзанд бўлганим боис туман марказидаги бозорга кўп борардим. Бир куни ярим қоп сабзини орқалаб яна бозорга йўл олдим. Ўзимни катта одамлардек ҳис қилиб, сабзини пештахтага жойлар эканман, атрофдагилар билан сўрашган бўлдим. Шунда бир чол ёнимга келиб, “Ўғлим, жуда дадил йигит экансан, қайси қишлоқдансан?” деб сўраб қолди. Ўғилой энам доим қишлоғимизни ҳамма танийди, ўша машҳур минг қўйли жалойир уруғиданмиз, дея кўп тайинлагани боис “Жалойирданман”, дедим фахр билан. Шунда чол “Қаерда экан бундай қишлоқ?” деди ҳайрон бўлиб. Бу гап менга шунчалар таъсир қилдики, бозордан тўғри энамникига бордим-да, эшикдан кира солиб бор овозда алам билан гапира бошладим: “Энааа, энааа, нега ёлғон гапирардингиз? Қишлоғимизни ҳеч ким танимас экан-ку...”.

    Гапларимни эшитган энам анча ўйланиб қолди. Кейин аста жилмайганича бошимни силаб, “Болам, агар қишлоғингни одамлар танишини, тан олишини истасанг, сен ўқишинг, зиёли бўлишинг, танилишинг керак. Қишлоғимиздаги одамларнинг кўплари деҳқончилик билан шуғулланади. Уларни ҳамма ҳам танийвермайди-да”, деди. Шартта ўрнимдан турдим-да, “Мана кўрасиз, энажон, мен қишлоғимиз – Жалойирни бутун дунёга танитаман!” дея югуриб кўчага чиқиб кетдим”...

    Фарғона вилоятининг Риштон туманига кириб борар эканмиз, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Бадиий академияси ва “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси Тоҳиржон Ҳайдаров айтиб берган ана шу болалик воқеаси эсимизга тушди. Бугун Тоҳир кулол музей-устахонасини излаб келаётган нафақат юртдошларимизнинг, балки хорижлик сайёҳларнинг-да кети узилмайди. Демак, 14 ёшли Тоҳиржоннинг орзуси амалга ошиб, Жалойир қишлоғини дунё танияпти!

    — Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар, хуш келибсизлар, қадамларингизга ҳасанот! — дейди бизни кўрган уста кулол пешонасига боғланган оппоқ чит рўмолини қўлига олар экан, қувончдан юзлари ёришиб. — Сайёҳ-меҳмонларимизга ҳозиргина тандирдан чиққан янги ишимни кўрсатиб турган эдим. Нима десанглар денглар-у, оддий кулол бўлсам ҳам Президентимизнинг “Бу кимгадир ёқадими, йўқми, халқимиз жадид боболаримиз бошлаб берган йўлдан оғишмай бориши керак. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир”, деган сўзларини эшитганимдан буён ўзимни қўярга жой тополмадим. Негадир юрак-юрагимдан бир туйғу тошиб келаверди-келаверди. Охири бўлмади, мен мана шу сўзларни игна билан сополга ўйиб ёздим. Токи халқни уйғоқликка, жасоратга чорлайдиган бу сўзлар мангу юрагимизга муҳрлансин, дедим.

    Тўғриси, ортиқча илтифотни хуш кўрмайдиган жайдари ва чапани кулолдан бундай гапларни эшитиб, аввалига биз ҳам ҳайрон бўлдик. Кейин ҳовли юзига қатор қилиб терилган лаганлардаги жадид боболаримиз сиймолари ва уларнинг ўтли мисраларига кўзимиз тушар экан, кулолнинг ўзи таърифлаганидек, “гўё танамизда чумоли ўрмалагандек бўлди”. Ўз-ўзидан бизнинг-да юрагимиз ўртана бошлади: “Нега, қачон ўз миллатимиз ўтмиши, келажаги ва бугуни билан боғлиқ сўзлар ва воқеликларга нисбатан совуққонлик билан қарайдиган инсонларга айланиб улгурдик? Нега шу сўзларни ҳар куни эсга олмаймиз?”.

    — Уста кулол Тоҳиржон Ҳайдаровнинг музей-устахонасига ўқувчиларимни тез-тез олиб келаман, — дейди Қўқон шаҳридаги 15-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Нигорахон Ҳасанова. — “Жадидлар” рукнидаги янги ишларини телеграм каналига жойлаштирганидан сўнг ўқувчиларим тезроқ борайлик, деб ҳоли жонимга қўйишмади. Абдулҳамид Чўлпон ҳаёти ва ижодига бағишланган дарсимизни мазкур уй-музейида очиқ ҳавода ўтказдик. Абдулла Қодирий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Исҳоқхон Ибрат, Усмон Носир, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний каби боболаримизнинг сопол лаганларга игна билан чизилган, миллатимиз эрки ва озодлиги борасида айтган сўзларини болалар қўлларини ҳарфлар устига югуртириб ўзгача меҳр билан ўқишди. Ҳатто бир ўқувчим “Устоз, жадид боболаримизнинг сўзлари ёзилган лаганни бағримга боссам, қалбим ёришиб кетгандек бўляпти”, деганида кўзларимга ёш келди. Бизга шундай ажойиб муҳитни яратиб берган моҳир устадан жуда миннатдормиз.

    Музейга келган одам борки, қўлига лой олиб кулол дастгоҳини бир айлантириб кўргиси, ўз бармоқлари билан янги буюм яратгиси келади. Бу жараён, яъни кўз ўнгингда яралгувчи мўъжаз буюм қалбга ўзгача сеҳр ва ҳузур бағишлайди. Гўё томирларингда оқаётган қон тафти дастгоҳ чархпалагида ийланиб, ана шу яралмиш буюм ранглари ва шаклига сингиб кетаётгандек бўлади...

    – Турмуш ўртоғим Марямхон билан кулоллик буюмларига жуда қизиқамиз, – дейди Эрондан келган сайёҳ Фарзод Ғаффорзода. – Ижтимоий тармоқ орқали Тоҳир кулол музей-устахонаси ҳақида ўқиганимизда, тўғриси, жуда ҳаяжонландик. Чунки бошқа юртларга борганимизда фақат музейларни томоша қилиш имконига эга бўлганмиз. Мазкур музей-устахонада эса жаннатга келиб қолгандекмиз. Тоҳир кулол ўз қўллари билан ўчоқда дамлаб берган паловнинг мазасини айтмайсизми... Биргаликда музейда истаганимизча қолишимиз, кулоллик буюмлари тайёрланишини ўз кўзимиз билан кўришимиз мумкин экан. Ҳатто ўз қўлларимиз билан кўзачалар ҳам ясадик. Мени таъсирлантирган яна бир воқеа шуки, Тоҳир ака нафақат кулол, балки шоиртабиат инсон экан. 200 йиллик тарихга эга бўлган Қўқон аравани бизга сотинг десак, дунёдаги энг катта маблағни тортиқ этсангиз ҳам сотмайман, чунки бу арава аждодларимизга тегишли, дея она юрт ҳақида бир шеър ўқиди. Қанийди шундай ватанпарвар ва миллатпарвар инсонлар бу дунёда кўп бўлса...

    Қаҳрамонимиз музей-устахона очиш ташвишига тушганида унга туман марказидан ер ажратмоқчи бўлишган. Шунда уста кулол музей учун жойни ўзи болалигидан ялангоёқ югуриб ўсган, меҳнат қилган даланинг қоқ ўртасидан танлаган. Бу масканнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, деворлар оддий лойсувоқдан чиқарилган, холос. Тоҳир ака ҳатто хоналар ва деразаларга ҳам ортиқча ҳеч қандай пардоз берилишига йўл қўймаган.

    – Бир куни хориждан жуда бадавлат сайёҳ келди, – дейди жилмайганича Тоҳиржон Ҳайдаров. – Салобат билан “энг қимматбаҳо маҳсулотингизни айтган нархингизга сотволаман”, дегандай гап қилди. Мен музейимизда 3 та қимматбаҳо асарим борлигини, уларни ҳеч қандай бойликка алишмаслигимни, бу асарлар миллатимизга, келажагимизга тегишли бойлик эканини айтдим, энсаси қотгандек бўлди. Индамадим. Меҳмонни девор олдига чақирдим-да, мана бу лойсувоқ деворни кўряпсизми, дедим. Сиз билан мен ҳам бир куни шундай тупроққа айланамиз. Шу боис, мен ҳар бир инсонни ўз ака-укамдек кўраман. Эзгу ниятли инсонларнинг тупроғи ҳам тоза бўлади. Агар соз тупроқ бўлсангиз, сизни кулол санъат асарига айлантиради. Агар кулолга рўбарў келмасангиз, сизни сомонга аралаштириб деворга урворишади, дедим. Гапларимни эшитган таржимон ҳам, ўша бойвачча ҳам нима демоқчи бўлганимни англашди шекилли, бирданига жиддий тортиб, ранглари ўзгариб қолди. Бир оз сукут сақлаганидан сўнг иккаласи ҳам мени қучоқлаб, “Оғайни, раҳмат сизга ҳақиқатни гапирганингиз учун. Жуда оддий ва самимий инсон экансиз”, дейишди.

    Қишин-ёзин одам аримайдиган музей кўплаб ижодкорларнинг ҳам севимли гўшаси. Янги шеър ёзган шоир ҳам, китобини нашр эттирган ёзувчию мусиқий асар ёзган композитор ҳам Тоҳиржон акага дил ёргиси келиб қолади. Шу боис, музейда водий ижодкорларининг “Дилкаш давралар” деб номланган мушоира ва мунозара кечалари тез-тез ўтказилиши анъанага айланган. Бу гал ҳам қишки мушоирага тайёргарлик қизғин кечмоқда.

    – Аввалги мушоирамиз куз фаслида музейдаги анорлар роса етилиб пишган паллада бўлган эди, – дейди Учкўприк туманидан келган шоира Шодия Умрзода. – Табиатнинг ўзига хос манзараси ва ижодкор дўстларимизнинг ёниқ мисраларидан илҳомланиб, музей дафтарига янги шеър ёзиб қолдирган эдим. Мушоирамиз аввалида Тоҳиржон кулолнинг янги асарлари намойиши бўлиб ўтди. Ёзиб қолдирган ўша шеъримни уста кулол лаганга игна билан ёзибди. Жуда таъсирланиб кетдим. Бу ажойиб сопол лаганни онажонимга, ҳамкасбларим ва ўқувчиларимга кўрсатмоқчиман.

    Ижодий кечада эътироф этилган яна бир янгилик шуки, Тоҳир кулол ҳақида драматург Илҳом Ўрмон “Кулол орзуси” номли янги драма ёзди. Иштирокчилар эътирофича, драмада бугунги ўзбек ҳунарманди юрагидан кечаётган ўйлар, изтироблар, орзулар ўзига хос талқинда ифодаланган.

    – Дастлаб драма ҳақида эшитганимда оддий кулол ҳаёт мезонлари қиёмига етказиб ифодалаб бера олинганмикин, дея шубҳаланган эдим, – дейди режиссёр Обиджон Абдуллаев. – Музейда Тоҳиржон ака билан суҳбатлашиб, ҳаёт тарзини, мулоҳазаларини тинглаб, драма билан танишар эканман, уста кулолнинг қанчалар ўзига хос ижодкор эканига ва бу “Кулол орзуси”да тўлиқ акс эттирилганига гувоҳ бўлдим. Мен бу саҳна асарига жиддий киришишим, ўзбек кулолининг ўзига хос ҳаёт тарзини, ҳақиқатларини нафақат Ўзбекистонга, балки бутун дунёга кўрсатишим зарурлигини англадим.

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Дилшода Ҳалимжонова бу галги мушоира ҳам жуда файзли ўтганини таъкидлар экан, Тоҳиржон Ҳайдаров 2000 йилгача республикадаги энг таниқли журнал — “Муштум” билан ижодий ҳамкорлик қилгани борасида сўзлади. У чизган карикатуралар 1970 йиллардан бошлаб чоп этила бошлаган. Тоҳиржон Ҳайдаров ҳар сафар таҳририятга борганида журнал бош муҳаррири Неъмат Аминовнинг хонасида бўлиб ўтадиган кўплаб ижодий суҳбатлар ва мушоираларга гувоҳ бўлган. Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид каби эл севган ижодкорлар билан танишиб, суҳбатлашган. Муҳаммад Юсуф ўша машҳур “Парижнинг энг гўзал ресторанларин битта тандирингга алишмасман мен”, деган мисраларини ҳам илк бора ўша даврада шоир дўстларига ўқиб берганини ҳаяжон билан эслайди.

    – Ўзим ўрта маълумот олганман, холос, – дейди Тоҳиржон ака. – Журналга хилма-хил мавзуларда карикатуралар чизиб берардим. 1985 йиллардан кейин пахта яккаҳокимлиги, СССРнинг қулаши, Орол денгизи қуриши, ўша пайтдаги раҳбарларнинг амал курсисидан тушганидан кейинги ҳолати ҳақида ўнлаб сиёсий карикатуралар чизганман.

    Бир куни журнал бош муҳаррири Неъмат Аминов Тоҳиржон Ҳайдаровга “Ука, ҳушёр бўл, карикатураларинг сабаб душманларинг ҳам кўпайди. Энди иложи бўлса, сиёсий карикатуралар чизмай тур”, дейди. Шунда ёш рассомнинг боши қотиб қолади. “Энди нима қиламан, қандай қилсам ичимдаги ижодга бўлган иштиёқни сўндираман”, деб ўйлай бошлайди. Кунларнинг бирида, 1987 йил эди ўшанда, Тоҳиржон бир юмуш билан Ўзбекистон халқ устаси Набижон Қодировнинг кулоллик устахонасига бориб қолади. У ердаги сопол буюмларни кўздан кечирар экан, унда ҳам кулолликда ўзини синаб кўриш истаги туғилади.

    – Тўғрисини айтаман, гарчи ўзим риштонлик бўлсам-да, 25-26 ёшимгача бир дона ҳам кулоллик буюми ясамаган эдим, – дейди Тоҳиржон ака. – Ўзимни карикатурачи рассом билардим ва умримнинг охиригача фақат қоғозга карикатура чизаман, деб ўйлардим. Набижон Қодировга кулолликка қизиқиб қолганимни, агар устозлик қилса, бу ҳунарни жон деб ўрганишимни айтдим. Ўзим тайёрлаган сопол буюмларга игнада миниатюралар, портретлар чизиб, шеърлар ёза бошладим. Шу тариқа Риштон кулоллик мактабига янги йўналиш олиб кирдим.

    От изини той босар, дейдилар. Тоҳир кулол қачон устахонага йўл олса, дарҳол икки ёнида икки қаноти – ўғиллари Элбек ва Темурбек пайдо бўлади. Уста кулолнинг ҳар бир ҳаракатини зимдан кузатишга, айтилган вазифани ортиғи билан бажаришга интилишади..Ўзига хос санъат асари дунёга келиши учун ҳар бир ҳунарманд ўша асарга қалб қўрини бағишлаши зарур.

    Кўҳна ҳунаримизнинг янги йўналишини тез илғай олган ёш кулол Темурбекниг изланишлари эътиборга олиниб, 2021 йилда у “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.

    – Эсимни танибманки, дадам бизга юртимиз тарихи, улуғ аждодларимизнинг шажаралари ҳақида жуда кўп гапиради, – дейди Темурбек. – Темурий шаҳзодалар, Бобурийлар шажараси ҳақида сўзлаш билан бирга, улар амалга оширган улуғ ишларни ҳам эринмай ҳикоя қилиб беради. Миллатимизнинг чин фарзанди бўлишингиз учун тарихни, маънавиятни, қадриятни англашингиз жуда зарур, болаларим, дея бот-бот таъкидлайди. Уйимиздаги кутубхонамизда 2 мингдан ошиқ китоб жамланган. Ҳар куни мактаб ўқувчиларидан тортиб нуроний отахону момоларимизгача китобларимизни ўқиш учун кириб келади. Шундай пайтларда дадамнинг кўзларидаги қувонч ва ёлқинни кўриб жуда ҳайратланаман. Шундай инсоннинг фарзанди эканимдан фахрланаман.

    Айни пайтда қаҳрамонимиз ўз фарзандлари билан яна бир анъанани йўлга қўйди. 2023 йилдан бошлаб Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабида ҳамда Фарғона вилоятининг кўплаб мактабларида ота-бола Ҳайдаровларнинг кулоллик устахоналари ташкил этила бошлади.

    – Куни кеча Президентимиз раислигида ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда мактабларда ўргатиш мумкин бўлган 50 та касб-ҳунар рўйхати тузилиб, ҳар бири бўйича ўқув ва амалиёт дастурлари ишлаб чиқилиши айтилди, – дейди Тоҳиржон Ҳайдаров. – Бу гаплар айни кўнглимиздаги бўлди. Энди мактабларда устахоналар ташкил этилиб, “касбий таълим устаси” лавозими жорий этилар экан. Мен ҳар гал мактаблар ва коллежларга борганимда фарзандларимизнинг миллий ҳунарларимизга ўзгача қизиқиш билан қараганига гувоҳ бўлганман. Ёшликда ўргатилган ҳунар эса тошга ўйилган нақш кабидир. Ўғил-қизларимиз қайси касбни танламасин, қўлида ҳунари бўлса, ҳар қандай машаққат ва қийичилик олдида синиб қолмайди.

    Дарҳақиқат, қаҳрамонимизнинг ўзи ҳам 1991 йилда Риштон туманидаги Ёшлар клубида бўлиб ўтган кўргазмасини катта ҳаяжон билан эслайди. Ўшанда машҳур инсонларнинг сопол лаганларга чизилган шаржлари иштирокчиларда жуда катта таассурот қолдирган эди. Мазкур кўргазмада Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ҳам иштирок этган, бири биридан ажойиб санъат асарларини кўздан кечираётиб, “Тоҳиржон, болам, сен кулолликда янги иш бошлабсан. Энди сени “Тоҳир сопол” деб атаймиз”, дея лутф қилган эди. Шунда машҳур қизиқчи ва сўз устаси Муҳиддин Дарвешов “Бахтингиз бор экан, сизга халқ ёзувчисининг ўзи ном қўйиб берди-я”, деган сўзларини Тоҳиржон Ҳайдаров фахр билан эслайди.

    Мақола аввалида таъкидлаганимиздек, Тоҳир кулол жуда ҳушёр ва сергак инсон. Айниқса, ўтган йил сўнггида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг Президентимиз раислигида бўлиб ўтган йиғилишида ўртага ташланган мулоҳазаларни ҳам жуда катта эътибор билан тинглади. Ҳатто тинглаганларига қаноат қилмай юрагига теккан сўзларни ва белгиланган муҳим вазифаларни сопол лаганларга игна билан ёзиб, минг даража ҳароратдаги олов билан пиширди.

    Музей-устахонага келганига уч кун бўлган америкалик Жулия хоним тандирдан эндигина чиққан бу рангин лаган ва кўзаларни кўздан кечираётиб, бундай савол берди:

    – Айтинг-чи, кулол жаноблари, бу маҳсулотларингиз қуёшда шунчалар товланиб туриши учун уларга қандай бўёқ сургансиз? Бу сайқал неча йил сақланиб туради ўзи?

    – Жулия хоним, сайқал юртимнинг соз тупроғи ва юрагимдан чиққан аланга билан товланиб турибди. Бу бўёқ шундай сирлики, агар ушбу буюм синиб кетмаса, то қиёматга қадар қуёшда товланиб тураверади. Миллий қадриятларимизнинг асрори шундаки, маънавиятимиз жуда чуқур маърифий илдизлардан, уммонлардан сув ичган. Мен бир оддий кулол бўлсам-да, ҳар дақиқада она юртимга соз тупроқ ва қайноқ юрагим билан қўшилсам дейман... “Мен ўзбекман”, деган фахрли туйғудан ҳар лаҳза ҳам чуқур изтиробга тушаман, ҳам етти осмон қадар юксаламан. Чунки мен уйғоқ инсонман.

    Жалойирлик жайдари ва чапани Тоҳир кулолнинг мана шу самимий сўзларини бугунги учрашувимизнинг хулосаси, деб танладик. Зеро, юракдан чиққан сўзгина юракларни манзил этгусидир!

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates