Юртимизда Ўзбекистон – Озарбайжон соғлиқни сақлаш декадаси бошланди

    Саломатлик 3 октябр 2023 1300

    Хабар берганимиздек, шу йил 2 октябрдан мамлакатимизда Ўзбекистон – Озарбайжон соғлиқни сақлаш декадаси бошланди. Хўш, бу акциядан қандай мақсадлар кўзланган?

    Қардош халқларимизни муштарак мақсадлар йўлида бирлаштираётган соҳалардан бири — тиббиёт! Соғлиқни сақлаш тизимига инновацион ютуқларни кенг жорий этиш — бу йўналишдаги энг устувор мақсад. Ўн кун давом этадиган Ўзбекистон – Озарбайжон соғлиқни сақлаш декадаси айни шу вазифа ижросига хизмат қилади.

    Ушбу тадбирлар доирасида Озарбайжондан ташриф буюрган тиббиётнинг еттита йўналиши бўйича ўнлаб етакчи тиббиёт мутахассислари, соҳа олимлари иштирокида юртимиздаги қатор даволаш муассасаларида катталар ва болаларда 100 дан ортиқ юқори технологик, кам инвазив операциялар бепул ўтказилиши режалаштирилган.

    Бинобарин, ўзаро ҳамкорликда:

    - қўшма амалиётлар,

    - маҳорат дарслари,

    - кам инвазив хирургия ва трансплантология,

    - офтальмология,

    - онкология,

    - гинекология,

    - травматология каби қатор йўналишлар бўйича маслаҳатлашувлар бўлиб ўтяпти.

    Бунинг учун мамлакатимиздаги қуйидаги 6 та йирик тиббиёт муассасаси ва уларнинг ҳудудий филиаллари танланган:

    Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази,

    Болалар миллий тиббиёт маркази,

    Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази,

    Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази,

    Республика перинатал маркази,

    Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази.

    Шунингдек, декада давомида озарбайжонлик меҳмонлар Ўзбекистон тиббиётидаги трансформация жараёнлари билан яқиндан танишиб, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш имкониятига эга бўляпти.

    Якунда икки давлат соғлиқни сақлаш вазирлари, тизим масъуллари ва етакчи тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида пойтахтимизда Ўзбекистон — Озарбайжон тиббиёт форуми ўтказилади, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

    Унда соҳани рақамлаштириш, фармацевтика, халқ табобати, тиббий таълим ва илм-фан соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилиб, икки томонлама меморандум ва шартномалар имзоланиши режалаштирилган.

    Бинобарин, декада доирасида ўзбекистонлик жами 100 нафар мутахассис, яъни 50 нафар шифокор ҳамда 50 нафар ўрта тиббиёт ходимини Озарбайжонга малака ошириш ва қайта тайёрлаш учун юбориш масаласи юзасидан келишувга эришилиши кутиляпти.