Юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” тадбирлари бошланди

    186 туман ва шаҳарда 2022–2024 йилларда жами 1278 гектар, шундан 2022 йилда 584 гектар майдонда “Яшил боғлар”, 184 туман ва шаҳарлардаги 306 объектда 2022–2024 йилларда жами 1082 гектар майдонда янгидан “Яшил жамоат парклари”ни барпо этиш белгиланган.

    Атрофимизни ўраб турган бу турфа оламнинг ҳар бир неъмати инсон учун яратилган. Бир қарашда чексиз-чегарасиз, поёнсиздек туюлган бу замину коинотда аслида ҳамма нарса ўлчовли. Ана шу жиҳат эътиборга олиниб, муқаддас манбаларимизда табиатдан фойдаланишда тежамкор бўлиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик қайта-қайта уқтирилади.

    Афсуски, кишилик жамияти ривожининг ўтган даврида бу ҳаёт ҳақиқатига тўла амал қилинмади. Натижада бугунги кунга келиб илм-фан тараққиётининг юксак босқичлари билан юзлашиб турган инсоният қатор экологик нохушликлар гирдобига тушиб қолди. Чўлланиш, экотизимлар емирилиши, ўрмонлар камайиши, иқлим ўзгариши, тупроқ, ҳаво, сув ифлосланиши каби ҳолатлар бунга мисол.

    Бугунги ҳаётимиз ва тараққиётга рахна солаётган экологик муаммолар сайёрамизнинг тақдирини ўйлайдиган ҳар қандай инсонни ташвишлантирмай қўймайди. Шу боис, жаҳон ҳамжамияти томонидан глобал экологик муаммоларга қарши курашиш ва барқарор ривожланишга эришиш йўлида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Чегара билмас, ҳудуд танламас экологик муаммолар минтақамизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Шу боис, сўнгги йилларда жамиятимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида табиий мувозанатни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, экология соҳасидаги ишларни ташкил этиш борасида ҳуқуқий ва ташкилий асослар замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштирилди. Охирги йилларда бу йўналишда Президентимизнинг 20 га яқин фармон ва қарорлари, давлат дастурлари, стратегиялар қабул қилинди. Соҳада ишларни ташкил этишнинг молиявий манбалари аниқ белгилаб берилди.

    2019–2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегиясининг “Йўл харитаси”да муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони мамлакат ҳудудининг 12 фоизини ташкил этишига эришиш белгилаб берилган эди. Кейинги йилларда амалга оширилилган кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида 2022 йилнинг октябр ойи ҳолатига бу кўрсаткич 14,08 фоизга етказилди.

    “Яшил Орол денгизи” дастури доирасида 742 минг гектар ерда яшил қопламали ўрмонзор, Нукус, Урганч ва Хива шаҳарлари атрофида “Яшил белбоғ”лар барпо этилди. Орол денгизи суви чекинган салкам 1,6 миллион гектарда шўр ва қурғоқчиликка чидамли кўчатлар экилди. Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўрмон фонди ерлари майдонини бугунги 11,2 миллион гектардан 14 миллион гектарга етказиш вазифаси юклатилган бўлиб, бу борада кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

    Бажарилаётган ана шундай муҳим лойиҳаларга қарамай, соҳада ҳали ечимини кутаётган вазифалар ҳам талайгина. Бу муаммоларни бартараф этишнинг мақбул йўлларидан бири ва энг асосийси – табиат муҳофазаси билан боғлиқ ишларни умумхалқ ҳаракатига айлантириш, ёш авлодни аждодларимизнинг эзгу қадриятларига садоқат руҳида тарбиялаш. Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ана шундай эзгу ва инсоний қадриятларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

    БИРНИ КЕССАНГ, ЎННИ ЭК

    Ўзлигимизни, аждодларимиз теран тафаккурини, халқимиз бунёдкорлик ва яратувчилик салоҳиятини намоён этувчи қадриятларимиз бисёр. Улар орасида инсон ва табиат уйғунлигини таъминлашга қаратилган бир қатор урф-одатлар ҳали-ҳамон ҳаётимизга йўлдош бўлиб келади. Масалан, оилада фарзанд туғилса боболар, оталар унга атаб ниҳол қадайди. Она боласини қандай асраб-авайласа, ота боғдаги ниҳолларни қаҳратон совуғию саратон жазирамасидан эсон-омон олиб ўтиб, дарахтга айланиши учун бор кучи ва меҳрини беради. Шу тахлит инсон ва табиат уйғун ҳолда ривожланиб бораверади, ҳам ризқ яратилади, ҳам оламга гўзаллик бахш этилади.

    Инсон нега бу қадар яшилликка интилади? Тириклик учун яшил оламнинг аҳамияти нимада? Келинг, бу саволга жавоб бериш учун қуйидаги маълумотларга эътибор қаратайлик: Катта ёшдаги дарахт бир мавсумда йил бўйи ўн киши истеъмол қиладиган миқдорда кислород ишлаб чиқаради. Бир гектар дарахтзор бир кунда 220–280 килограмм карбонат ангидрид ютади ва 180–220 килограмм кислород беради. Дарахтзорлар ҳаводаги чанг миқдорини камайтиради ва шовқинни пасайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Манзарали дарахт экилган боғда ярим соатлик сайр қилиш бир неча турдаги дори воситалари ўрнини босади.

    Кучли санитар сифатида дарахт ва буталарнинг яшил юзаси ис газини ютиб, инсон ҳаёти учун зарур бўлган кислород чиқаради. Дарахтлар ҳам барча тирик мавжудодлар каби ўзига хос қувват манбаига эга. Чунки инсон дарахтлардан таралаётган ифордан баҳраманд бўлиб, кайфияти кўтарилади. Хуллас, дарахт инсоннинг тўлақонли яшаши учун муҳим ҳаётий аҳамиятга эга ва табиатга, инсонга бемисл наф келтиради, ҳаёт давомийлигини таъминлайди. Шу боис, ота-боболаримиз дарахтнинг сояси жонга, меваси танга дармон, дея эъзозлайди. Бирни кессанг, ўнни эк, дея табиатни асрашга, яратувчиликка даъват этади.

    Юртимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси ана шундай эзгу қадриятларимиз давомийлигини таъминлаш ва барқарор ривожланишга эришишда муҳим омил бўлмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ўтказилиши анъанага айланган ушбу экологик лойиҳа доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатини экиш ва шу орқали мамлакатимиз яшил майдонларини амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган.

    Мазкур умумхалқ тадбирини амалга оширишнинг хуқуқий асослари 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мақсадларида, Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мустаҳкамланди.

    2021 йил куз мавсумида бошланган “Яшил макон” лойиҳаси ва “долзарб 40 кунлик” тадбири натижалари бўйича мамлакат миқёсида 85 миллион дона дарахт ва бута кўчатлари экилди. 2022 йил йил баҳор мавсумида эса худди шу тартибда 125 миллион тупдан ошиқ дарахт кўчати ўтқазилди.

    Кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари жараёнида кўплаб янги ташаббус ва ҳаракатлар бўй кўрсатди. Бу халқимизнинг азалий қадриятларга садоқати, табиатга бўлган меҳр-муҳаббати ифодасидир. Хусусан, республикамиз бўйича 197 маҳаллада “каштан кўчаси”, “эман кўчаси”, “чинор кўчаси” ва бошқа турдаги намунавий кўчалар ташкил этилиб, 160 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали кўчат экилди.

    Ғузорда “Шўртангазкимё” корхонаси томонидан 74 , Арнасойда “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан 105 гектар майдонга кўчат экилди ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Андижон туманида оммавий ҳашар йўли билан 93 гектарга павлония кўчати ўтқазилди. Экилган дарахт ва бута кўчатларини парваришлаш учун “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ва ишсиз фуқаролар жалб этилиб, уларнинг меҳнатига 14,3 миллиард сўм иш ҳақи тўланди. Албатта, бундай хайрли ташаббуслар барча ҳудудларда амалга оширилди. Натижада янги-янги боғлар, яшил майдонлар, сайилгоҳлар барпо этилди.

    Айни пайтда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида экилган ниҳоллар нобуд бўлмай, униб-ўсиши учун мониторинг юритиляпти. Ўтган мавсум таҳлили шуни кўрсатдики, айрим ҳудудларда кўчат тўғри келган жойга тартибсиз экилган, молиялаштириш манбаси аниқ белгиланмаган. Қолаверса, кўчат экиш жараёнида тупроқ-иқлим шароити ва суғориш тизимига етарли даражада эътибор қаратилмаган, экилган кўчатларни сақлаш ва парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича тизим яратилмаган.

    Албатта, бундай камчиликка йўл қўйган масъулларга тегишли чора кўрилди. Экология органлари мутахассислари бу муаммони бартараф этиш учун масъулларга тегишли кўрсатма берди. 753 мутасадди шахсга 1 миллиард 156 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларда ҳокимлар ва сектор раҳбарлари томонидан кўчат суғориш ишларига 743 та махсус сув ташиш транспорт воситаси жалб этилиб, эрталабки ва тунги суғориш йўлга қўйилди.

    Бундан ташқари, жойларда “Экологик патруль” тизими ишлаяпти. Миллий гвардия, ички ишлар ва экология органлари ходимларидан иборат 90 та гуруҳ ташкил этилиб, барча туман (шаҳар)лар тўлиқ қамраб олинди. Улар томонидан экология соҳасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида 25,7 мингта тезкор-қидирув ва мақсадли рейд ўтказилди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Бундан ташқари, “Экологик патруль” ходимлари оммавий ахборот воситалари орқали 3735 маротаба чиқиш қилди ҳамда “Экология ва табиатни асрашга барчамиз масъулмиз!” шиори остида учрашувлар ўтказди.

    Республика бўйлаб экилган дарахт кўчатлари ва буталарни барча параметрлар асосида назорат қилиш ҳамда ҳисобини юритиш мақсадида “Яшил макон” платформаси шакллантирилди ва унинг мобиль иловаси ишга туширилди.

    Олдимизда турган мавсумда экилган ниҳоллар қуриб қолиши билан боғлиқ ҳолатнинг олдини олиш мақсадида ҳудудлар кесимида амалга ошириладиган чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда тасдиқланди. Бу жараёнда, аввало, ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш, кўчат захирасини яратиш ишлари амалга оширилмоқда.

    Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 186 туман ва шаҳарда 2022–2024 йилларда жами 1278 гектар, шундан 2022 йилда 584 гектар майдонда “Яшил боғлар”, 184 туман ва шаҳарлардаги 306 объектда 2022–2024 йилларда жами 1082 гектар майдонда янгидан “Яшил жамоат парклари”ни барпо этиш белгиланган.

    Бугунги кунда “Яшил боғлар” барпо қилинадиган ер майдонларини хатловдан ўтказиш ва лойиҳасини молиялаштиришни қисқа муддатда якунлаш масаласи маҳаллий хокимият органлари томонидан кўриб чиқиш ишлари якунланмоқда. “Ўрмонлойиҳа” лойиҳалаш институти ходимлари маҳаллий ҳокимлик ва тегишли идоралар билан биргаликда жойида кўриб, зарур параметрларни аниқлаш ва лойиҳалаш ишларини олиб бормоқда.

    ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ

    Президентимиз раислигида жорий йил 11 октябрь куни маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий ва келгуси мавсумда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб берилди. Хусусан, бу йил якунигача 75 миллион туп, келгуси йил баҳор ойларида яна 125 миллион туп мевали ва манзарали кўчат экиш вазифаси қўйилди. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

    – Дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимизнинг маданиятига айланиши лозим, – деди давлатимиз раҳбари.

    Бу чора-тадбирларни амалга ошириш ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Зеро, кўчат экиш, боғ яратиш юрт ободлиги, эл фаровонлиги, ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган эзгу амалдир.

    Барча юртдошларимиз қаторида қўмитамиз мутахассислари ҳам бу хайрли ишга муносиб улуш қўшишни мақсад қилган. Бу йил қўмитамиз ташаббуси билан ҳудудларда аҳоли яшаш пунктларида яшил майдонларни ташкил этиш бўйича манзилли дастур тасдиқланди. Унга мувофиқ, ҳар бир ҳудудда биттадан маҳалла танлаб олиниб, у ерда яшил майдон яратилади. Бу яшил ҳудудлар майдони 22,5 гектарни ташкил этиши кўзда тутиляпти. Ҳозирда бунинг учун ҳудудларда жойлар танланган. Режага мувофиқ, 21 минг 450 туп манзарали кўчат экилади.

    “Яшил макон” лойиҳаси тадбирлари уюшқоқлик билан, илмий ва амалий тажриба асосида ташкил этилишини таъминлаш мақсадида эколог, дендролог, тупроқшунос, энтомолог, фитопатолог, ўрмончилик соҳаси олимлари ва мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилди. Улар иштирокида жойларда илмий-амалий семинарлар ташкил этилмоқда. Бу жараёнга ҳокимларнинг масъул ўринбосарлари, соҳага дахлдор ташкилотлар раҳбарлари, фермерлар, деҳқон ва боғбонлар қамраб олиняпти.

    Шу билан бирга, мутахассисларимиз “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш жараёнида илгари йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил қилган ҳолда ҳамда белгиланган устувор йўналиш ва топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида тегишли тавсиялар ишлаб чиқиб, тарғиб этмоқда. Белгиланган режага асосан, 2022 йил кузда 75 миллион, 2023 йил баҳорда 125 миллион туп тупроқ-иқлим шароитига мос, сувсизликка чидамли манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ва қаламчалар экилиши мақсадга мувофиқ. Бу жараёнда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, фермер хўжаликлари ва тадбиркорлар, Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг ҳудудий филиаллари ва аҳоли томорқаларида қаламча етказиб берилиши ташкил қилинмоқда.

    Яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини ташкил этиш тадбирларига зарур маблағ ажратилишини таъминлаш ва бу йўналишдаги ишлар режа асосида амалга оширилиши зарур. Қўмитамиз мутахассислари экилган ниҳолларни парваришлаш жараёнини доимий равишда аэрокосмик тасвирлар ва учувчисиз аппаратлар ёрдамида кузатиб, туман (шаҳар)ларни кўкаламзорлаштириш ҳолатини ўрганади.

    ОБОДЛИК ЯРАШГАН МАНЗИЛЛАР

    Яхши ният ва ҳавас билан амалга оширилаётган бундай хайрли амаллар аста-секин бўй кўрсата бошлади. Юртимизнинг турли ҳудудларида янги боғлар, яшил ҳудудлар кўпаймоқда. Буюк аждодларимиздан мерос қолган боғларга янгидан ҳаёт бахш этиляпти. Масалан, Самарқандда Амир Темур боғларини қайта тиклашга киришилди.

    Бунёдкорлик ишлари қаторида замонавий маданият ва истироҳат боғларини барпо этишда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 247 та маданият ва истироҳат боғи мавжуд бўлиб, улар турли вазирлик ва идоралар тасарруфида фаолият олиб боради. Яқин йилларда кўплаб туман ва шаҳарларимизда замон талабларига мос равишда маданият ва истироҳат боғлари барпо этилди.

    Фидойи ва ташаббускор юртдошларимиз саъй-ҳаракати билан ҳудудларда боғ яратиш билан боғлиқ янги тажрибалар шаклланмоқда. Сувсиз шароитда боғ яратиш ва парвариш қилиш борасида Кўкдала педагогика коллежи тажрибаси бунга мисол. Бу таълим муассасаси директори Мўмин Азимов ва жамоа аҳлининг саъй-ҳаракати билан яратилган боғда ниҳоллар баравж ўсмоқда. Яқинда коллежда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил кузги мавсумда белгиланган вазифаларни ҳудудлар иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда тўғри ва тизимли ташкил этиш, имкониятлардан унумли фойдаланиш юзасидан тадбир ўтказдик ва таълим муассасасининг тажрибасини оммалаштирдик. Бундай янгича ташаббус ва ғоялар барча ҳудудларда шаклланмоқда. Бу ҳам, ўз навбатида, эзгу ташаббусларга улкан қанот бахш этаётир.

    Экология билан боғлиқ яна бир масалани айтиб ўтиш керак. Бугунги кунда экологик муаммолар халқаро ташкилотларнинг юртимизда ўтаётган тадбирлари якуний ҳужжатларида ҳам стратегик масала сифатида ўз аксини топмоқда.

    Жорий йил сентябр ойида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитида Ўзбекистон яна бир бор экологик масалаларга жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиб, барчамиз учун ўта муҳим бўлган ушбу соҳада амалий ҳамкорликнинг янги механизмлари ва шаклларини яратиш ташаббусини илгари сурди.

    Президентимиз томонидан ўз таркибида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузиш таклифи билдирилди.

    Бундай формат иқлимга мослашиш лойиҳаларини илгари суриш, чўлланишга ва тупроқ деградациясига қарши курашиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишдаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, Орол денгизи экологик фожеасининг ҳалокатли оқибатларини бартараф этиш нуқтаи назаридан алоҳида долзарб аҳамиятга эга.

    Президентимиз таъкидлаганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Эртанги кунни, келажакни ўйлаб амалга оширилаётган ушбу эзгу ташаббуснинг кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланаётганини ҳам муносиб эътироф этиш жоиз.

    Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ва табиий ресурслар муҳофазасини амалга ошириш, нафақат давлат органларининг, балки, ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Энг аввало, ҳар биримиз табиат ва жамият олдидаги масъулиятни теран англасак, яратилган неъматларнинг қадрига етсак, она табиат ҳам биздан саховатини аямайди. Бугун ҳавас билан эккан ниҳолларимиз янги-янги боғларга айланиб, келгуси авлодлар учун соф ва мусаффо табиий шароит яратилади.

    Нарзулла ОБЛОМУРОДОВ,

    Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш

    давлат қўмитаси раиси

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates