баннер
26 мар 2025
06:22

    Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодиёти моҳияти — ёшлар тарбиясида муҳим омил

    Жаҳон тараққиётининг сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, фан, маданият, санъат, қурилиш соҳалари ривожланишига катта ижобий таъсирини ўтказган темурийзода — Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда ўчмас из қолдирган бетакрор сиймодир.

    Сўнгги йилларда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш борасида амалга оширилган ишлар таҳсинга сазовор. Хусусан, шоир туғилган кун – 14 февраль санаси ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб адабиёт, тарих ва илм-маърифат байрами сифатида нишонланади. Бобуршунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар мунтазам ўтказилади.

    Хусусан, Тошкент ва Андижон шаҳарларида Бобурнинг ҳайкали ўрнатилгани, унинг туғилиб ўсган юрти — Андижон шаҳрида Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва унинг тасарруфидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейи фаолият кўрсатаётгани, “Бобур энциклопедияси”, “Бобур куллиёти”, “Бабур. Бабуриды. Библиография” деб номланган салмоқли асарларнинг нашрдан чиқарилгани, “Бобур ва дунё” журналининг ташкил қилингани улуғ аждодимиз хотирасини абадийлаштириш йўлида амалга оширилаётган хайрли ишларнинг давоми бўлди.

    Улуғ аждодимиз ўтмишининг миллий ва умуминсоний моҳияти, унинг ёш авлодни ватанпарварлик туйғулари, миллатга садоқат руҳи билан тарбиялашдаги ҳаётий ибрати, фарзандларимизни ушбу тарихий идеал шахс намунасида Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб етиштириш борасидаги ўрни, таъсири жуда улкан ва аҳамияти бемисилдир. Хусусан, унинг миллатимиз тарихида бебаҳо ўринга эга “Бобурнома” асари — Ўрта Осиё ва Ҳиндистон халқлари ўтмишидаги ноёб энциклопедия ҳисобланиб, унда нафақат география, этнография балки, педагогика соҳасида ҳам қимматли маълумотлар берилган. Айниқса, Бобурнинг таълим-тарбия илми хусусидаги қарашлари ва панду насиҳатлари — ўғли Ҳумоюн Мирзога ёзган хатларида яққол акс этади. Масалан, фарзандга яхши исм қўйиш ота зиммасидаги катта масъулият экани, бунда эҳтиёткор бўлиш лозимлиги, ҳис-туйғу билан эмас, ақл билан иш тутишни таъкидлайди. Бундан ташқари, оилада фарзандлар орасидаги муносабат, катталарнинг кичикларга раҳмли бўлишлари, оила мулкини асраш, тақсимлашда адолатли бўлиш, укаси Комрон Мирзо билан аҳилликни уқдиради. Оқил ва адолатли подшоҳга хос бўлган сифатларни шаҳзодада такомил топтириш билан бирга, юксак инсоний хислатларни тарбиялашга алоҳида эътибор беради. Ҳатто, шаҳзода ўғлига вақти-вақти билан танбеҳ ҳам бериб турадики, фарзанднинг ота олдида ҳамиша итоатда турмоғи фарз экани, насиҳатларни тинглаш одоби фойдалари кўрсатилади.

    Шунингдек, комил фарзанд тарбия қиладиган ота-онанинг ўзи маънавиятли, илмли ва ахлоқли бўлиши зарур экани Бобур мулоҳазаларида устунлик қилади. Масалан, бир мактубида Ҳумоюннинг фикрларидаги ғализликни танбеҳ қилиб, тўғри ва равон сўзлаш, ёзиш, сўзларни ортиқча безатмасдан аниқ ифодалаш ҳақида кўрсатмалар беради. Аммо имлоси яхши эканини ҳам таъкидлайди. Бундан кўринадики, Бобур ота сифатида нафақат фарзандига пухта моддий таъминотчи, балки илм бобида ҳам маърифатпарвар, талабчан танқидчи ва закий устоз бўла олган.

    Улуғ шоҳ ва шоир фарзандларига ҳамиша эл-улус ҳолини билмоқ, ҳар ишни кенгашиб бажармоқ, тажрибали кишилар билан ўртоқлашиш, юрт сўрашда адолатни маҳкам тутишни эслатади. Айниқса, ака-укалар орасида меҳр-оқибат мустаҳкам бўлишини айтиб, тез-тез бир-бири билан ҳамфикр бўлишни сўрайди.

    Тарбия борасида муҳим жиҳатлардан яна бири — элга ҳамиша яхшилик қилиш, яхши муомалада бўлиш зарурлигини таъкидлаб, инсондан қоладиган энг катта мерос яхшилик ва яхши ном эканини айтиб ўтади. Бу фикрлар Бобур ғазалининг қуйидаги байтида ҳам ўз тасдиғини топган:

    “Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ

    Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.”

    Дарҳақиқат, кўринадики, туркий ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур тарихий шахси босиб ўтган залворли ва мардонавор йўл, ибратли ҳаёт, юрт ишқида ўтган соғинчли тақдир ёш авлодни янада баркамолликка, ватанпарварликка, инсонпарварликка даъват этади.

    Ҳа, бу асл туркий шаҳаншоҳнинг ҳаёт ҳақиқати ва ҳеч ким инкор этолмайдиган тарихий фактдир. Зеро, Муҳтарам Президентимиз юксак ишонч билан таъкидлаганларидек, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур бизнинг бобомиз, бизнинг қонимиз, бизнинг болаларимизга ғурур билан айтадиган буюк аждодимиздир.”

    Унинг халқпарварлиги, доимо одамларга яхшилик қилиш ғоясини илгари сургани, ўзга тупроқда ҳам мустаҳкам ўзлик, миллий орият билан яшагани — барчамиз учун тарихий сабоқ, чин ҳаётий тарбиядир.


    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

    Фарғона давлат университети ректори


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech