Замонавий педагогларни тайёрлаш энг асосий мақсадимиздир

    Бундан тўрт-беш йил илгари айрим мактабларда педагог кадрлар етишмасди. Айниқса, олис ҳудудларда беш-олти нафаргача ўқитувчига эҳтиёж бор эди. Натижада баъзи фанлар ўтилмасдан қолиб кетганидан сўнг муаллимлар шаҳар марказидан таклиф этиларди. Жумладан, Қашқадарё воҳасида ҳам бу борада анчагина муаммолар мавжуд эди.

    Кейинги йилларда таълимдаги кенг кўламли ислоҳотлар натижасида қатор ўзгаришлар амалга оширила бошланди. Хусусан, янги олийгоҳлар очилиб, педагоглар сафини кенгайтириш сари муҳим қадам ташланди. Соҳага давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор туфайли кадрлар етишмовчилиги муаммоси ҳал этилди. Педагогика йўналишида мутахассислар тайёрлаш мақсадида янги университетлар ва филиаллар очилгани, олий таълим муассасаларидаги педагогика факультетлари фаолияти кенгайтирилгани фикримиз далилидир. Бундан ташқари, ҳудудлардан талабаларни жалб қилиш мақсадида давлат грантлари сони оширилди, ўқувчилар учун қатор имтиёзлар яратилди. Мисол учун, Шаҳрисабзда янги институтнинг очилиши воҳа аҳолисига қатор қулайликлар яратди. Вилоят ёшларининг олий таълим олишига имкониятлар эшиги очилди.


    Меҳнат бозори — замон талаби


    Шаҳрисабз давлат педагогика институти қисқа вақтда Ўзбекистон таълим тизимида ўз ўрнини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Таълим соҳасида рақобат кучайиб бораётган бир даврда институт педагогик йўналишга чуқур ихтисослашди. Мазкур муассаса фаолиятини Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети филиали сифатида бошлаб, педагогик кадрлар тайёрлашда муҳим натижаларга эришди. 2022 йилда эса ушбу даргоҳ мустақил институт мақомига эга бўлди. Бу эса ОТМнинг ривожланиши ва фаолиятини янада кенгайтиришга замин яратди.

    Институт мустақил мақомга эга бўлиши билан академик базаси мустаҳкамланди, янги кафедралар ва илмий марказлар очилди. Шунингдек, янги профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш ва ўқув жараёнини замонавий ўқитиш методикалари асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу, ўз навбатида, таълим сифатини янада ошириш ва талабаларни меҳнат бозори талабларига мос тайёрлашга имкон берди.

    Мустақил институт мақомига эга бўлганидан сўнг олий таълим муассасаси хорижий университетлар билан ҳамкорликни кучайтириб, илмий лойиҳалар ва академик алмашинув дастурларини амалга оширишга киришди. Талабалар ва ўқитувчилар учун халқаро конференциялар, семинарлар ва тренинглар ташкил этилмоқда. Бу эса уларнинг касбий маҳоратини оширишга ҳисса қўшмоқда.

    Ўқитиш сифатини яхшилаш мақсадида инфратузилмани ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Янги ўқув бинолари, замонавий лабораториялар ва ахборот технологиялари билан жиҳозланган аудиториялар барпо этилмоқда. Бундан ташқари, талабалар учун турли тадбирлар ва клублар ташкил этилмоқда. Рақамлаштириш жараёни ўқув масканида самарали давом этаётир. Ўқитувчилар қоғозбозлиги сезиларли даражада камайтирилган. Шунингдек, HEMIS электрон тизими жорий этилиши билан ўқитиш жараёни автоматлаштирилди. Талабалар бу тизим орқали керакли маълумотларни олиши, ота-оналар эса фарзандларининг фанларни ўзлаштиришини кузатиши мумкин.


    Халқаро ҳамкорлик олийгоҳнинг глобал нуфузига ижобий таъсир кўрсатади


    Дунё таълим маконида ўқитиш хизматларини таклиф этаётган муассасаларнинг аксарияти айнан хусусий олий таълим ташкилотларидан иборат. Нуфузини мустаҳкамлаш ва етакчи бўлиш учун ҳар бир олийгоҳдан фаолиятини мунтазам такомиллаштириш, таълим сифати устида тинимсиз бош қотириш, самарали, замон талабларига мос, эҳтиёж юқори бошқа йўналиш, мутахассисликлар бўйича трансформациялашув имкониятига эга, олий малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш талаб этилади. Бу жараёнда ОТМлар ўз йўналишидан келиб чиқиб, хориждаги етакчи университетларнинг илғор тажрибасини муттасил таҳлил қилиб бориши керак. Шунингдек, маҳаллий шароитга мос келувчи янгиликларни ўзлаштириши, шунингдек, глобал таълим маконига мослашишга ҳаракат қилиши, самарали халқаро ҳамкорлик ўрнатиш бўйича истиқболли стратегияга эга бўлиши зарур.

    Шаҳрисабз давлат педагогика институтида ҳам халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида қатор ижобий натижаларга эришилмоқда. Жаҳоннинг нуфузли таълим муассасалари билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари асосида талабалар ва ўқитувчиларнинг академик алмашинув дастурлари кенгайди. Бугун Россия, Қозоғистон, Туркия, Польша ва бошқа давлатларнинг нуфузли олийгоҳлари билан ўрнатилган алоқалар талаба ва ўқитувчилар тажриба алмашинуви, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва илмий ҳамкорликка имкон яратмоқда.

    Бу нафақат институтнинг глобал рақобатбардошлигини оширмоқда, балки талабалар ва ўқитувчиларнинг билим ва кўникмаларини бойитишга хизмат қилмоқда.

    Хорижий экспертлар ва мутахассислар билан ҳамкорликда илмий конференция ва семинарлар ташкил этилаётгани энг сўнгги илмий ютуқлар билан танишиш имконини беради. Халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида институтимиз хорижий таълим муассасалари билан қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган. Жумладан, магистратура ва докторантура йўналишлари бўйича қўшма диплом дастурлари яратилиб, талабаларга иккита диплом олиш имконияти тақдим этилмоқда. Бу, ўз навбатида, таълим сифати ва халқаро рейтинглардаги мавқейини яхшилашга катта туртки бўлади. Халқаро ҳамкорликдаги ушбу қадамлар институтнинг глобал миқёсдаги нуфузини оширишда, шунингдек, ёшларга сифатли ва замонавий таълим беришда муҳим аҳамият касб этади.


    Бўлажак мутахассислар сони йилдан йилга ортмоқда


    Талабаларга етарли шарт-шароит яратиш олий таълимнинг долзарб масалаларидан. Бу борада олийгоҳимизда ҳам қатор дастурлар ишлаб чиқилган. Натижада уларнинг вақтинчалик турар жой билан таъминланиши муаммоси имкон қадар ҳал этилмоқда. Келгусида қўшимча 500 ўринли янги талабалар турар жойи қурилиши режалаштирилган.

    Шаҳрисабз давлат педагогика институти ёшлар учун илм-фан ва таълимда янги уфқлар очадиган, мустаҳкам пойдеворга эга маскандир. Ёш илмий тадқиқотчилар ва педагог кадрлар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар, шубҳасиз, Ўзбекистон таълим тизимига катта ҳисса қўшади.

    Дастлабки йили институтимизга атиги 150 абитуриент ўқишга қабул қилинган, битта факультет, тўртта кафедра мавжуд эди. Бугунга келиб учта факультет, 16 та кафедра фаолият юритмоқда. Бакалавриат тизимида 17 та таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Шунингдек, магистратура ва докторантура йўналиш лари ҳам очилди. Бу эса институтимизнинг илмий салоҳиятини янада ошириш ва малакали кадрлар тайёрлашга йўналтирилган муҳим қадамлардан бири бўлди. Магистратура дастурлари юқори малакали педагоглар ва илмий ходимларни тайёрлашга қаратилган бўлиб, ушбу дастурлар замонавий таълим талабларига жавоб берадиган илмий изланишлар, педагогик инновациялар ва методик ютуқларга асосланган.

    Докторантура таълимида чуқур илмий тадқиқотлар ва изланишларни амалга ошириш мақсад қилинган. Докторантлар нафақат ўз соҳаларидаги илмий муаммоларни ўрганиш, балки янги инновацион ёндашувлар, методлар ва технологияларни жорий этиш орқали таълим ва илмий тадқиқот соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Шу йўсинда институтимизда халқаро миқёсдаги илмий ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятлар яратилди.

    Дастурлар доирасида талабалар ўз мутахассисликлари бўйича илмий изланишлар олиб бориб, конференцияларда фаол иштирок этмоқда. Институтимизда магистрлик диссертацияларини ёқлаш жараёни халқаро стандартларга мос йўлга қўйилган. Талабаларнинг илмий ишлари юқори талабларга жавоб бериши таъминланмоқда.

    Шу билан бирга, докторантлар ва магистрантлар учун халқаро журналларда мақолалар чоп этиш, хорижий ҳамкор муассасаларда тажриба алмашиш каби имкониятлар ҳам яратилган. Бундан ташқари, уларнинг илмий тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат ва халқаро грантлар дастурларига фаол жалб этилмоқда.

    Институтда магистратура ва докторантура йўналишлари ташкил этилиши натижасида, малакали илмий ва педагогик кадрлар тайёрлаш жараёни янада тизимлаштирилди. Бу таълим соҳасида янги юксак натижаларга эришишга замин яратмоқда.

    Энг асосий мақсадимиз — замонавий педагоглар тайёрлаш. Албатта, бунинг учун бизда барча имкониятлар етарли. Шундай экан, фақат ва фақат салоҳиятли кадрларни тарбиялашга эътибор қаратилган. Бугун бизда билим олиб, эртага қайсидир ўқув масканига борган талабамиз у ерда ўқитувчи бўлади. Ёшларга сабоқ беради. Бу масъулиятли касб ортидан қанчалаб инсонлар маънавияти ортади, билим савияси ошади. Шундай экан, доим уларнинг чуқур билимга эга бўлишига жиддий эътибор қаратишимиз даркор.


    Шерзод НЕЪМАТОВ,

    физика-математика фанлари доктори, профессор


    Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 222-сонида (2024 йил 1 ноябрь) чоп этилган.


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates