Кўкдала тумани деҳқонлари тарвузчиликда ўзига хос тажриба яратган. Ҳар йили кўкдалалик тарвузчиларнинг ҳосили тайёр бўлишини ҳатто экспортчи корхоналар ҳам пойлаб туради. Боиси у ерда етиштирилган тарвузлар нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир.
Кўкдалалик деҳқонлар йилдан йилга тарвузчиликда самарадор технологияларни қўлламоқда ва бу ижобий натижалар бермоқда. Куни кеча Кўкдала тумани «Жамшид Жуманазаров» фермер хўжалигида етиштирилаётган тарвузлар пишди.
«Жорий йилда 25 гектар майдонга тарвуз экилган, шундан дастлабки 1 тоннаси маҳаллий бозор расталарига етказиб берилди. Мавсумда тарвузнинг ҳар гектаридан 30 тоннадан, қарийб 750 тонна ҳосил олишни режа қилганмиз. Етиштирилган ҳосил асосан экспортга йўналтирилади» – дейди тадбиркор С.Жуманазаров.
Дарҳақиқат, бир неча йиллар олдин фақат чорвачилик билан кун кўриб, минглаб гектар майдонлардан яйлов сифатида фойдаланган кўкдалаликлар ҳозирги кунда деҳқончилик айниқса, тарвуз-қовун етиштиришда одимлаб кетишди. Уларнинг бугунги фаолияти ва эришаётган натижалари бунга яққол мисол.