Дунё билан ҳамжиҳатлик — барқарор ривожланиш асоси

    Фикр 18 октябр 2025 586

    Бугун дунёда геосиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар шиддат билан кечаётган, турли таҳликалар кучайиб бораётган бир пайтда ҳар бир давлат барқарор ривожланишни таъминлаш учун ўзига хос йўл излаши табиий.

    Бу борада юртимизда юритилаётган ташқи сиёсат алоҳида эътиборга молик. Чунки Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати прагматизм, очиқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик принципларига асосланган. Шу боис, кейинги йиллар юртимиз ташқи сиёсати учун самарали ва фаол кечмоқда.

    Сўнгги йилларда минтақа давлатлари билан дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилди. Жаҳон сиёсатида “Марказий Осиё руҳи” ва “Марказий Осиё қиёфаси” каби тушунча ҳамда воқеликлар пайдо бўлди. Марказий Осиёда ишонч ва шерикликнинг янги даражасига эришилгани жадал ўзгаришларга жўшқин суръат бағишлади. Жорий йил март ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари туташган нуқтада Дўстлик стеласи ўрнатилгани ўртамизда мустаҳкамланиб бораётган яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг яна бир тасдиғи бўлди.

    “Янги Марказий Осиё” концепцияси реал воқеликка айланмоқда. Минтақада ягона транспорт-логистика макони шаклланмоқда. Минтақамиз жадал ривожланиб, иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаоллик маркази сифатида намоён бўляпти. Марказий Осиё оламшумул тарихий имкониятлардан фойдаланиб, яхши қўшничилик ва хавфсизлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконни яратмоқда. Марказий Осиёни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги тўлақонли транзит хабига айлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳалар амалга ошириляпти. Натижада кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми 4,5 баробар, инвестициялар эса икки баробар кўпайди. Қўшма корхоналар сони беш баробар ортди. Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланди. Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Туркия транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди.

    Фаол ва прагматик ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистон халқаро сиёсатнинг марказларидан бирига ва глобал ғоялар ташаббускорига айланмоқда. Шу йил 3-4 апрель кунлари Самарқандда Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити ўтказилгани бунинг яна бир тасдиғидир.

    2016 йилдан бошлаб Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ташқи сиёсатида мислсиз фаоллик, ўзгаришлар даври бошланди. Давлатимиз раҳбари ташқи сиёсий фаолиятда Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро дўстона, яхши қўшничилик муносабатларини шакллантиришни устувор йўналиш этиб белгилади. Нисбатан қисқа давр ичида бу борада қилинган ишларни халқаро ҳамжамият ҳам тан оляпти.

    Ўзбекистон етакчиси сиёсий иродаси билан минтақада ҳамжиҳатлик руҳи пайдо бўлди. Қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига эришиш энг муҳим мақсад қилиб қўйилди. Ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўймаслик, очиқлик, прагматизм ва конструктивлик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари минтақавий сиёсатнинг концептуал асосига айланди. Натижада Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ва сиёсий ўсишнинг ўзига хос моделларини шакллантиришга муваффақ бўлди. Масалан, охирги 7 йилда минтақа иқтисодиёти 6,3 фоиз ўсиб, ЯИМ миқдори 450 миллиард долларга яқинлашди. Ташқи савдо айланмаси икки баробар кўпайиб, қарийб 225 миллиард долларни ташкил этди. 2016-2022 йилларда Марказий Осиёга инвестиция киритилиши жаҳондаги умумий ҳажмнинг 1,6 фоизидан 2,8 фоизига кўтарилиб, 2022 йилда қарийб 40 миллиард доллар бўлди. Бу 2016 йилдагига ($26,7 миллиард) нисбатан 50 фоиз кўп. “Boston Consulting Group” башоратига кўра, 2030 йилгача Марказий Осиё 170 миллиард долларлик инвестиция жалб қила олади. Шунинг 40-70 миллиард доллари хомашё бўлмаган соҳаларга йўналтирилади.

    Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарлари иштирокида Маслаҳатлашув кенгаши ташкил этилиши муҳим ўзгаришларга сабаб бўлди. Бу орқали етакчилар бевосита минтақада йиғилиб қолган муаммолар – иқтисодиёт, давлат чегараларини аниқлаш, хавфсизлик чоралари, озиқ-овқат хавфсизлиги, миграция каби кўплаб муҳим соҳаларда ҳал қилинмай ётган муаммоларни ечишга йўл очилди. Мамлакатимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви механизмида минтақавий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган долзарб масалалар бўйича ҳамкорлик самарадорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.

    Минтақанинг замонавий халқаро муносабатлардаги ўрни мустаҳкамланиши натижасида дунёда янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакат билан ҳамкорликка интилиш тамойили кучайди. Азал-азалдан ўзаро қардош ва биродар мамлакатлар кўпгина минтақавий ва глобал масалаларда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт сари биргаликда ҳаракат қила бошлади.

    Мустақилликка эришилган пайтда Марказий Осиё давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 47 миллиард доллар атрофида эди. Орадан 34 йил ўтганда бу миқдор 10 баробардан кўпроқ ўсиб, 500 миллиард долларга яқинлашди. Миллий иқтисодиётлар юқори суръатда ривожланмоқда. 35 йил аввал минтақамизнинг 5 давлатида жами 50 миллиондан кўпроқ аҳоли яшаган. Бу рақам 2024 йил охирига келиб 80 миллиондан ошди. Энг асосийси, Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамлик мустаҳкамланмоқда. Минтақамиз иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик марказларидан бирига айланмоқда, Ғарбни Шарқ ва Шимолни Жануб билан боғлайдиган транспорт хаби бўлишдек тарихий вазифани яна ўз зиммасига олмоқда.

    Сўнгги йилларда минтақа мамлакатларининг умумий ички маҳсулоти 40 фоиз кўпайди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо ҳажми барқарор ўсиши кузатилмоқда. Масалан, товар айланмаси 2,5 баробардан зиёд ошди. Ўзаро инвестиция ҳажми қарийб 6 карра, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар оқими эса 45 фоиз ўсди. Бундан ташқари, ички минтақавий туризм кўрсаткичлари 2 баробар кўпайди.

    Марказий Осиё муҳим ва ноёб ресурс, иқтисодий ва коммуникация салоҳиятига эга ҳудуд сифатида бугун мустақил тараққиёт йўлига эга. Минтақамиз давлатлари инсонпарварлик, ижтимоий адолат, умумий хавфсизлик, миллатлараро тотувлик, тинчлик ва осойишталик муҳитини яратиш каби халқаро ҳуқуқ тамойиллари асосида ташқи сиёсий фаолият юритиб, ривожла­наётган мамлакатлар сафига дадил кириб бормоқда.

    Ваҳоланки, бундан бор-йўғи саккиз йил олдин чегараларимиз деярли тўлиқ ёпилган эди. Сув ресурслари, яйловлар ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалалари бўйича тинимсиз тортишувлар бор эди. Тарқоқлигимиз бизни заифлаштирар, бирлашиш истиқболларидан маҳрум этар, минтақа салоҳиятини муштарак манфаатлар йўлида рўёбга чиқаришга тўсқинлик қиларди. Буларнинг барчаси асрлар давомида ёнма-ён тинч-тотув яшаб келган, умумий урф-одат ва анъаналарга эга бўлган, минглаб кўринмас ришталар билан боғланган Марказий Осиё халқларининг маданий-цивилизациявий қадриятларига мутлақо зид эди.

    Мамлакатимиз ташқи сиёсатида намоён бўлаётган кўп қиррали фаолият, жумладан, хорижий давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ўрнатилаётган дипломатик муносабат, минтақавий ва халқаро миқёсдаги долзарб масалалар бўйича илгари сурилаётган ташаббуслар, мулоқотлар, биринчи навбатда, халқимиз тинч, хавфсиз яшаши, эркин фаолият юритиши, замонавий билим олиши, янги касбларни эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитни яратиш, одамлар муҳофазасини давлат томонидан таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

    Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби қардош мамлакатлар билан бир қаторда халқаро ҳамжамият томонидан доим хавф-хатар ўчоғи сифатида кўриб келинган қўшни Афғонистон билан муносабат фаоллашди. Ушбу давлатда тинчлик ўрнатиш, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўзаро боғлиқлигини таъминлаш республикамиз раҳбарияти томонидан юритилаётган прагматик ташқи сиёсатнинг ижобий натижаси эканини бугун халқаро ҳамжамият кенг эътироф этмоқда. Ўзбекистон дунёнинг етакчи давлатлари, жумладан, Хитой, Россия, АҚШ, Туркия, Венгрия, Япония, Ҳиндистон, араб давлатлари билан икки ва кўп томонлама муносабатни стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарди.

    Марказий Осиё давлатлари ва халқаро манфаатдор томонлар ўртасидаги муносабатларни кўриб чиқаётганда, “5+1” форматининг аҳамияти ортиб бораётганини қайд этиш жоиз. Ушбу амалиёт минтақавий бўлмаган иштирокчиларни ҳамкорликка жалб этгани нуқтаи назаридан муваффақиятли ташаббусга айланди. Ушбу стратегик ёндашув минтақанинг сиёсий мавқеи ва иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ёрдам беради ва шу орқали унинг кенгроқ Евроосиё контекстида ўзига хос қийматини оширади. Глобал кучлар билан ҳамкорликда кўп қутбли ва мувозанатли ёндашув Марказий Осиё учун устувор вазифа бўлиб қолади.

    Мамлакатимиздаги туб ўзгаришлар даврида қабул қилинган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида бугунги кундаги ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари ўз ифодасини топган. Стратегияда мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат соҳасидаги саккиз муҳим йўналиш белгиланган. Айни мақсадлар қўшни ва йирик хорижий давлатлар билан ҳамкорликни савдо-иқтисодий ва халқаро хавфсизлик соҳаларида ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, иқтисодиётга сармоя, илғор технология ва илмий ишланмаларни жалб этиш, юртимизга хорижий сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда фуқароларимиз ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш, давлатимиз ижобий имижини халқаро майдонда янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Асосийси, давлат манфаати таъминланишига оид қоида ва меъёрлар, мақсад, йўналиш ва вазифалардан келиб чиқиб, хатти-ҳаракатлар муайян мантиқ асосида олиб бориляпти.

    Ўзбекистон ташқи сиёсати, айниқса, янги минтақавий дипломатияси сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини ҳар томонлама муҳокама қилишга имкон беради. Сирасини айтганда, Марказий Осиё “юраги”да жойлашган, минтақанинг барча давлатлари билан умумий чегарага эга бўлган давлат — Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт даврини умумий ривожланиш асносида минтақадан айро тасаввур қилиш қийин.

    Машъал САИДОВ,

    иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates