Халқаро ҳамкорликдаги янги лойиҳалар

    Таълим 1 апрел 2023 1225

    Андижон давлат тиббиёт институти ҳозирга қадар 59 та нуфузли хорижий тиббиёт университет ва институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Шу боис, олий таълим муассасамизда чет эллик талабалар сони йилдан-йилга ортиб боряпти.

    Айни кунда институтимизда 11 та давлатдан 446 нафар талаба-ёш таҳсил олмоқда.

    Бу бежиз эмас. Президентимизнинг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий ишланмаларни кенг жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, педагоглар учун маҳорат дарслари ўтказиш, малака ошириш курсларига хориждан юқори малакали ўқитувчи ва олимларни жалб қилиш асосида магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг салоҳиятини ошириш, қайта тайёрлаш ишлари таълим сифатини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

    Шу кунга қадар бу йўналишда 137 нафар профессор-ўқитувчимиз хорижий ОТМ ва тиббиёт марказларида малака ошириш имкониятига эга бўлди. Уларнинг 8 нафари Германиядаги Кёльн университети клиникаси, Россиянинг В.И.Куланов номидаги акушерлик, гинекология ва перинатология илмий текшириш институти ҳамда Хитойнинг “College of Agronomy and Biotechnology of Southwest University”га ва Словакиянинг Кошице университетларида малака ошириб қайтди.

    Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига асосан, институтимизнинг 3 нафар профессор-ўқитувчиси Олмаота шаҳрида ўтказилган “ОТМларни ташқи аккредитациядан ўтказиш тартиб-қоидалари” бўйича ўқув курсида, шунингдек, “Таълим ва соғлиқни сақлаш сифатини аккредитациядан ўтказиш ҳамда таъминлаш Евроосиё маркази”да ўқув-семинарда қатнашиб, малака оширди. 213 нафар хорижий профессор-ўқитувчи бевосита ўқув жараёнига жалб этилиб, талабалар, магистр ва шифокорлар учун ўқув машғулотлари ҳамда семинар-тренинг ва маҳорат дарслари ўтказди.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 мартдаги “Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижроси доирасида институтимизга соатбай асосда 7 нафар хорижий профессор-ўқитувчи жалб этилган.

    Институтимиз республика ОТМлари ичида биринчи бўлиб Россия Кардиохирургия маркази билан онлайн Телекўприкасосида ишлаб келмоқда. Шу мақсадда “Телемедицина” маркази ташкил қилинган. Бугунга қадар бу йўналишда 209 маротаба масофавий видеомаъруза ўтказилиб, кардиохирургия соҳасида амалга оширилаётган янгиликлар, амалий ишлар юзасидан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Республикада биринчилар қаторида масофавий халқаро онлайн малака ошириш курслари ташкил этилди.

    Ҳозирга қадар 171 нафар педагог-ходим йўналишлари бўйича халқаро сертификатга эга бўлди. Шунингдек, саксонга яқин талаба, магистр ва клиник ординаторлар халқаро ва фан олимпиадалари, амалиёт ўқув курслари, “Эрасмус+Талабалар мобиллиги” дастури, халқаро конференциялар ҳамда “Талабалар алмашинуви” дастурларида қатнашиб келмоқда.

    Германияда малака оширишди

    Ҳамкорлик алоқалари ҳақида гап кетганда, Германиянинг Бремен университети билан олиб борилаётган ишлар эътиборни тортади. Бугунга қадар бир гуруҳ талаба ва профессор-ўқитувчиларимиз Европада ўқув ва академик мобиллик дастури бўйича сафарда бўлиб, Европа, хусусан, Германия стандартлари асосида амалиёт ўтаб, билим ва кўникмаларга эга бўлди. 2019-2020 йиллар мобайнида институтимиз 2 та халқаро илмий-амалий лойиҳани амалга оширди. Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ) кўмаги ва қўллаб-қувватлаши билан лойиҳа қиймати 130 минг долларга тенг бўлган Кислород генератори (цехи) АДТИ клиникасига ўрнатилди. Бу клиникамизнинг соф тиббий кислородга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имкониятини берди. Ушбу ташкилот билан ҳамкорликда “Эндохирургия” маркази ташкил этилди. Университетнинг етакчи мутахассислари билан ўқув, малака ошириш ва қайта тайёрлов курслари йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Росток университети билан магистратура йўналишида “Тиббиёт биотехнологиялари” бўйича қўшма таълим фаолияти йўлга қўйилиб, жорий ўқув йилида илк талабалар ўқишга қабул қилинади.

    Замонавий тиббиётда трансплантация ва сунъий аъзолардан самарали фойдаланиш борасидаги иш кўлами ҳам кенгаймоқда. Соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган янги лойиҳа ва амалий иш тажрибалар малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш, назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлаш имкониятини беради. Шу мақсадда бир гуруҳ мутахассисларимиз Москва шаҳридаги Академик В.И.Шумаков номидаги “Трансплантология ва сунъий аъзолар” илмий тиббиёт марказида малака ошириб қайтди. Марказ директори академик С.Готье билан тиббиёт соҳасида трансплантация жараёнларини кенгайтириш, мутахассислар алмашинувини янада ривожлантириш билан боғлиқ қатор келишувларга эришдик.

    Ўтган йили M.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида бўлиб ўтган “Тиббиётда симуляцион таълим: тажриба, ривожланиш, инновациялар.

    РОСОМEД-2022” халқаро конференция ва РОСОМEДнинг ХI съездида қатнашдим. У ердаги маъруза ва маҳорат дарсларидан сўнг, Россиядаги кўплаб нуфузли тиббиёт муассасалари, қатор таниқли мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб бориш, тажриба алмашиш доирасида музокаралар ўтказдик. A.В.Вишневский номидаги хирургия миллий-илмий тадқиқот маркази билан имзоланган икки томонлама келишувга асосан “Йўл харитаси” доирасида истиқбол режалари белгилаб олинди. Шу билан бирга, 2022 йил октябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Таълим, ишлаб чиқариш ва илмий самарадорликни бошқариш” мавзусида III Ўзбекистон — Россия таълим форуми доирасида институтимиз Россиядаги қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўқув ва илмий ишлар йўналишларида тажриба алмашинувини ривожлантириш бўйича манфаатли келишувларга эришди.

    Андижон давлат тиббиёт институти ва Урал федерал университети “Биомедицинадаги нанотехнология”лар мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуман доирасида ўзаро ҳамкорлик шартномасини имзолади. Унинг асосий мақсади курсантлар ҳамда талабаларга, педагог-ўқитувчиларга семинар (вебинар) дарслар ўтиш. Фақат амалий машғулотлар эмас, балки илмий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш асосий ўринни эгаллади. Яъни касалликларни

    нафақат клиницист нуқтаи назаридан, балки экспериментал мутахассис текшириш йўллари билан исботлаш, клиницист ва экспериментатор ўзаро ҳамкорлиги янада кўпроқ фойда беришига келишиб олинди. Бундан ташқари, УФУ томонидан ҳудудларимизда ўсадиган доривор ўсимликлар таркибини аниқлаш, қўшимча моддалар билан бойитиш йўли орқали янги биологик фаол доривор препаратлар яратиш кўзда тутилмоқда.

    Акушерлик ва гинекология соҳасида ҳам қатор келишувлар амалга оширилди. Бундай амалий ҳамкорлик алоқалари Беларусь, қўшни Қирғизистон ва Доғистон республикасидаги нуфузли тиббиёт муассасалари билан ҳам йўлга қўйилди. Доғистон давлат тиббиёт университети билан институтимиз ўртасида стоматология йўналишида ташкил этилган ҳамкорлик натижасида ўқитувчи ва талабалар ўзаро амалиёт ва тажриба алмашмоқда. 2022 йилнинг март ойида Андижон давлат тиббиёт институти асосий ўқув базасига Жанубий Корея давлат транспорт университети билан “Парамедицина” йўналиши бўйича қўшма таълим дастури асосида факультет очиш бўйича меморандум имзоланди. Бу нафақат қўшма таълим, балки тиббиётнинг биотехнология йўналишини янада ривожлантириш, икки давлат ўртасида илмий тадқиқот ишлари олиб бориш, талаба ва институт профессор-ўқитувчилари малака ошириш алмашинув лойиҳаларини ўз ичига олгани билан катта аҳамиятга эга.

    Институтимиз билан Туркиянинг Ҳасетепе ҳамда Эге университетлари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Уни янада мустаҳкамлаш мақсадида қўшма илмий симпозиумлар ўтказиш, академик ва талабалар мобиллиги ривожлантириш бўйича келишувлар амалга оширилмоқда. Туркиянинг “Альфа Омега мед” ташкилоти билан ҳамкорлик алоқаси ўрнатилди. Бунда юрак, жигар, буйрак трансплантацияси соҳаларида мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлаш учун шароит яратиш, маҳорат дарслари ва тренингларни босқичма-босқич ўтказиш юзасидан манфаатли меморандум имзоланди.

    Xaлқаро ёзги мактаб

    Андижон давлат тиббиёт институтида республикада биринчилардан бўлиб “Халқаро ёзги мактаб” ташкил этилди. 2019 йил Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг етакчи тиббиёт университетларидан 12 нафар талаба қатнашган бўлса, 2022 йилда 17 нафар талаба ёзги мактабдаги ўқув-амалий машғулотларда фаол иштирок этди.

    Бу ерда талабалар ўқув йили давомида ўзлаштирган назарий билимларини амалий машғулотлар доирасида мустаҳкамлади ва турли вазиятларда ўзларини йўқотмай беморга ёрдам бера олиш кўникмасига эга бўлди. Ёзги мактабдаги фаолияти ва берилган вазифалар ижросини профессор-ўқитувчилар доимий назорат қилиб, баҳолаб борди. Мутахассислар томонидан Бирламчи ва кенгайтирилган юрак ўпка реанимацияси бўйича маъруза ва интерактив амалий тренинг машғулотлари ўтказилиб, дарслар қизиқарли ва интерфаол усулларга бой тарзда ташкил қилинди. Мазкур жараённи янада жонли, амалий мулоқотларга бой қилиш мақсадида олис ва яқин ҳудудларда машғулотлар ўтказишга эътибор берилмоқда. Лойиҳани келгуси йилларда ҳам давом эттириш мақсадимиз бор.

    Боиси, амалий машғулотларга бой мактаблар талабаларимизга соҳани янада мукаммал даражада эгаллаши ва кутилмаган вазиятларда эркин ҳаракат қила олиш имкониятини беради.

    Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да янада ривожланади. 20232024 ўқув йили Жанубий Корея Миллий транспорт университети билан АДТИ қошида “Парамедицина” йўналиши бўйича қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш, Хитойдаги Шангдонг биринчи тиббиёт университети ҳамкорлигида “Стоматология” қўшма таълим йўналишини амалга ошириш, Германиянинг Росток университети билан “Тиббиёт биотехнологияси” магистратура (1+1) мутахассислиги бўйича шартномага асосан тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

    Мадамин МАДАЗИМОВ,

    Андижон давлат тиббиёт институти ректори,

    профессор

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates