Шоир Б.Мухамедходжаев муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ва қонунбузарга чора кўришни сўраб Адлия вазирлигига мурожаат қилган.
Аниқланишича, фуқаро Ж.Р. муаллиф Б.Мухамедходжаевнинг “Энажон” номли шеъридан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда шартнома тузмасдан фойдаланган ҳолда қўшиқ ижро этган ҳамда YouTube платформаси орқали тарқатган.
Ҳолат юзасидан фуқаро Ж.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1771-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун судга юборилган ва у суд қарорига асосан жаримага тортилган.
Бироқ хонанда жарима билангина қутилиб қолмайди. Энди шоир суд орқали Ж.Р.дан товон пули ундириши мумкин. Шоир ҳуқуқбузардан БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача (6 600 минг сўмдан 330 млн сўмгача) товон пули талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Қидирув тизимларига “Энажон” қўшиғи деб қидирув берилганида, хонанда Жаноб Расул ижросидаги қўшиқ чиқмоқда. Шунингдек, Интеллектуал мулк департаменти хабарида тилга олинган хонанданинг исм-фамилияси бош ҳарфлари ҳам — Ж.Р. Бу ҳақида Интеллектуал мулк департаменти хабар бермоқда.