Муаллифлик ҳуқуқини бузганга қандай жазо қўлланади?

    Инсоннинг ақлий ва жисмоний фаолияти маҳсули, жумладан, ижод намуналари, ихтиро ва кашфиётлари, турли ишланмалари — унинг шахсий, дахлсиз интеллектуал мулки. Шунинг учун ундан мулк эгасининг рухсатисиз фойдаланишга ҳеч ким ҳақли эмас. Бу ҳамма жойда, жумладан, юртимизда ҳам қонун билан ҳимоя қилинади.

    Мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳимояси қай даражада йўлга қўйилган? Мулк эгаларининг ҳақ-ҳуқуқлари тўлақонли муҳофаза этиляптими? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Интеллектуал мулк департаменти бош маслаҳатчиси Шарофиддин Абдумаликовга юзландик.

    — Ўзбекистонда интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш қай даражада йўлга қўйилган?

    — Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, Адлия вазирлиги интеллектуал мулк соҳаси бўйича ягона давлат бошқарув органи ҳисобланади. Вазирлик интеллектуал мулк йўналиши бўйича соҳани ривожлантириш учун давлатнинг бошқа ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади. Хусусан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзкомназорат инспекцияси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда интеллектуал мулкни турли йўналишларда ҳимоя қилади.

    Президентимизнинг 2022 йил 26 апрелдаги қарорига биноан, 2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси тасдиқланган. Унга асосан, йўл харитаси ва чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ҳозир уларда белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалга ошириляпти.

    Интеллектуал мулкни икки катта йўналишга бўлсак, биринчиси саноат мулки объекти йўналишидир. Унга ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари ва бошқалар киради. Брендлар ҳам шунга тааллуқли. Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари ҳамда географик кўрсаткичлар ҳам саноат мулки объекти ҳисобланади.

    Иккинчи катта йўналиш муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектларидир. Иккала йўналиш ўртасида ўзаро фарқлар мавжуд. Бу қонунчиликда белгиланган. Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар йўналишига тўхталсак, у Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонуни билан тартибга солинади.

    Бу иккита йўналиш бўйича Адлия вазирлигида интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси фаолият юритади. Ўз навбатида, унинг таркибида ҳам саноат мулки объекти ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар ҳимояси билан шуғулланадиган иккита бўлим мавжуд. Бундан ташқари, “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси бор. У интеллектуал мулк объектлари учун муҳофаза ҳужжати бериш билан шуғулланади.

    Саноат мулки объектлари муҳофаза ҳужжати олмаса, ҳимояга эга бўлмайди. Бунинг учун улар экспертизадан ўтказилади. Сўнг муҳофаза ҳужжатига эга бўлади. Айтайлик, ихтиро, саноат намунаси, фойдали модел, селекция ютуғига патент; брендлар, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари, географик кўрсаткичлар учун гувоҳнома берилади.

    Гувоҳнома ёки патент олиш учун ишланмалар “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси экспертизасидан ўтказилади. Ҳуқуқ эгаси тегишли тартибда ариза топширганидан сўнг давлат божи тўлайди. Экспертиза муваффақиятли ўтса, ишланмаларга муҳофаза ҳужжати берилади.

    — Муаллифлик ҳуқуқи бузилса, қандай чора кўрилади?

    — Муаллифлик ҳуқуқи бузилса, қўлланадиган бир неча ҳуқуқий таъсир чоралари бор. Ижроий-ҳуқуқий ва маъмурий-ҳуқуқий таъсир чоралари шулар жумласидан. Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзи фуқаровий тартибда суд орқали компенсация ундириши мумкин. Муаллифнинг ҳуқуқларини ўзлаштириб олиш ҳолати юз берса, бу жиноят сифатида квалификация қилинади ҳамда Жиноят кодексининг 149-моддаси билан тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. Бу билан прокуратура органлари шуғулланади.

    Бундан ташқари, муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1771-моддаси қўлланади. Ҳуқуқлари бузилган тақдирда, фуқаролар, яъни муаллифлар ёки бошқа ҳуқуқ эгалари суд орқали “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуннинг 65-моддаси ва 62-моддасига асосан, ҳуқуқбузардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробаридан 1000 баробаригача компенсация ундириши мумкин. Компенсациянинг миқдорини, албатта, суд белгилайди.

    Саноат мулки йўналиши бўйича интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш ҳуқуқий ҳимоя йўналиши бўйича товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида қонуннинг 371-моддасига асосан, ҳуқуқ бузилган ҳолатда ҳуқуқ эгасига нисбатан молиявий санкция қўллаш мумкин.

    Интеллектуал мулк ҳуқуқини бузиш ҳолатлари кўп учрайдими?

    — Ҳуқуқ бузилиши айнан муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар йўналишида кўп учрайди. Бу, мисол учун, нашриёт, телевидение, ижтимоий тармоқлар, интернетда жуда кўп кузатилади. Мана шундай ҳолатларни аниқлаш, чора кўриш ва бартараф этиш механизмлари тегишли тартибда ишлаб чиқилган.

    Муаллифлик ҳуқуқи бузилиши бўйича бир йилда ўртача ҳисобда қанча шикоят келиб тушган?

    — 2022 йилги статистикага қарасак, муаллифлик ва турдош ҳуқуқларнинг бузилиши бўйича 80 га яқин шикоят келиб тушган. Саноат мулк объекти йўналишини қўшсак, бу кўрсаткич анча ошади.

    Қандай ҳолатларда муаллиф рухсатисиз интеллектуал мулкдан фойдаланиш мумкин?

    — “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунда муаллифлик ҳуқуқини чеклаган тарзда интеллектуал мулкдан фойдаланиш ҳолатлари кўрсатилган. Хусусан, тергов ёки суд органлари томонидан тегишли ишни ўрганиш давомида фойдаланиш мумкин. Яна, ҳамма бора олиши мумкин бўлган жойлар, иншоот, бино ва бошқа объектлардан шахсий мақсадда, албатта, фойда олишни кўзламаган ҳолда фойдаланиш мумкин.

    Бундан ташқари, нашриётда, илмий ишларда фойдаланганда, айтайлик, бирор олим ёки муаллифнинг асаридан иқтибос келтирган ҳолда, чекланган ҳажмда, яъни нормал фойдаланишдан четга чиқмаган ҳолда қўллаш керак. Нормал фойдаланиш деганда ҳар бир йўналишнинг ўз меъёрлари тушунилади. Муаллифнинг кимлигини келтирган ҳолда эркин фойдаланиш мумкин. Бу, албатта, фойда олишни кўзламаган ҳолда қилиниши керак.

    Сизга бир мисол келтираман. 2022 йилда Ўзбекистон кўзи ожиз, кўришда нуқсони бўлган ва босма ахборотни идрок этишда бошқа жиҳатдан қобилияти чекланган шахсларнинг нашр этилган асарлардан фойдаланишини енгиллаштириш тўғрисидаги Марокаш шартномасига қўшилди. Унга кўра, дейлик, бирор ёзувчининг асари кўзи ожизлар жамияти томонидан кўзи ожизлар учун махсус брайл ёзувида чоп этилса ва асосийси моддий манфаат олишни кўзламаган ҳолда, фойдаланиш учун текин берилса, бу ҳолат ҳуқуқ бузилиши ҳисобланмайди. Агар асар брайл ёзувида кўзи ожизлар учун чоп этилса-ю, фойда олишни кўзлаган ҳолда сотилса, бу чеклаш эмас, ҳуқуқ бузилиши бўлади.

    Биз фойдаланаётган электрон дастурлар ҳам интеллектуал мулкми?

    — Биз фойдаланаётган ҳар бир дастур, айтайлик, маълумотлар базалари ва ЭҲМ дастурлари ҳам муаллифлик турдош ҳуқуқ объекти ҳисобланади. Бу “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида акс этган. Муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти сифатида баҳоланган дастурлар ҳимоя қилинади. Бу йўналишдаги мурожаатлар ҳам жуда кўп. Бир субъект иккинчи субъектнинг дастуридан ноқонуний фойдаланган, текширув рухсатномасини ноқонуний кўпайтирган, тарқатган ҳолатларга тегишли тартибда чоралар кўрилган.

    Дастурлар ҳам ҳимоя қилинади. Давлат ташкилотлари, аввало, ўзи муаллифлик ва турдош ҳуқуқларга риоя қилган ҳолда дастурлардан фойдаланиш лозим. Текширувга чиққанимизда кўпгина ҳолатларда давлат ташкилотларининг ЭҲМ учун дастурлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига гувоҳ бўлганмиз. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Адлия вазирлиги тегишли тартибда профилактик тадбирлар ўтказиб келади.

    Ҳуқуқ бузилганда мулк эгаси шикоят қиладими ёки давлат ўзи ташаббус билан чиқадими?

    — Сиз мулкнинг эгасисиз. Айтайлик, интеллектуал мулк ҳам моддий неъмат каби мулк. Масалан, сизнинг телефонингиз ёки тилла буюмингизни биров ўғирласа, бундан давлат ташкилотлари хабар топадими? Йўқ, албатта. Бу табиий ҳол. Шундай экан, ҳуқуқ эгасининг ўзи ташаббус кўрсатиши керак. Шундан биз сизнинг ҳуқуқингиз бузилгани ва мулкингиз ўзгага ўтганини биламиз. Моддий объектларни билиб бўлмагандан кейин номоддий объектларни қандай билиш мумкин? Масаланинг бу тарафигаям эътибор бериш керак.

    Шунинг учун энг асосий масала — ҳуқуқ эгалари бефарқ бўлмаслиги керак. Интеллектуал мулк ҳам моддий мулк каби. Шунга асосан, у кимдир томонидан бузилдими, тегишли тартибда Адлия вазирлигига мурожаат қилиш керак. Адлия вазирлиги ўзининг вазифалари доирасида аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чора кўради. Албатта бу ерда битта жиҳат бор: муаллифлик ёки турдош ҳуқуқлар бўйича қайсидир ижодкорнинг шеъри ёки мусиқасидан кимдир ноқонуний фойдаланса, биз ҳуқуқ эгасига мурожаат қиламиз. “Сизни ҳуқуқларингиз мана бу шахс томонидан бузиляпти”, деганимизда “Майли, фойдаланаверсин, қаршилигим йўқ”, деган сўзларни эшитамиз. Бу ҳолатда ҳуқуқ эгаси норози эмас. Демак, ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик аломати йўқ ҳисобланади.

    Нашриётларда жаҳон адабиётидан китоблар, асарлар таржималар қилинади. Уларда муаллиф ҳуқуқлари қандай ҳимояланади?

    — Бу йўналишда АОКА билан ҳамкорликда кўп ишлар амалга оширилди. Нафақат пойтахтда, ҳудудий бошқармаларда ҳам ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда профилактика ишларини ўтказамиз. “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун бўйича қандайдир асарни таржима қилиш ёки ундан фойдаланиш учун, аввало, ҳуқуқ эгаси билан ёзма шартнома бўлиши шарт. Бу қонунда ҳам ёзиб қўйилган. Нашриётларни ўрганганимизда, ёзма шартнома тузмаган ҳолда асарлар таржима қилинганини аниқлаганмиз. Бундай ҳолатлар бўйича шартнома берилмагани — биринчи масала. Иккинчи масала — китоблар техник талабларга мос келмайдиган тарзда чиқарилади.

    Жаҳон адабиёти билан ишлаётганда, биз ҳар доим шартнома талаб қиламиз. Бу ҳам қонун жиҳатидан, ҳам Ўзбекистон Республикасининг халқаро имижи нуқтаи назаридан жуда муҳим. Машҳур нашриётлар, ҳуқуқ эгалари Ўзбекистон Республикасида контрафакт китоблар сони кўпайиши, Ўзбекистоннинг дунё бўйича имижи тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам биз хорижий адабиётлар учун алоҳида чора-тадбир кўрамиз.

    Масалан, ўзбекистонлик фуқаронинг ижод маҳсули, шеъри ёки қўшиғи бошқа бир давлат фуқароси томонидан куйланса, ўзбекистонлик фуқаро қаерга мурожаат қилади?

    — Бунинг иккита чораси бор. Биринчиси, фуқаро ўзи бевосита мурожаат қилиши мумкин. Иккинчи йўли — фуқаро давлат ташкилоти ёрдамида, Адлия вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар ҳимояси бўйича чиқиши мумкин. Бу йўналиш бўйича Ўзбекистон Берн конвенциясига аъзо. Аъзо давлатлар мана шу конвенцияга асосан, ўзининг ҳудудидаги муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектлари ҳимоясини таъминлаб бериши керак.

    ЎзЖОКУ талабаси

    Динора СУЛТОНОВА суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates