Самарқандлик хонанда Б.Нарзиқулов муаллифлик ҳуқуқини бузиш, яъни асарлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек, асарларнинг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш, асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг нусхаларида уларнинг тайёрловчилари ҳақида, уларни ишлаб чиқариш жойлари тўғрисидаги ахборотни кўрсатишда ифодаланган ҳуқуқбузарликни содир қилган.
Самарқанд вилоят адлия бошқармасига Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти раиси М.Сабитовнинг мазкур жамият аъзоси ҳисобланган фуқаро И.Нуримовнинг муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлигини билдириб, ушбу ҳолат юзасидан жавобгар шахсга нисбатан тегишли чора кўриш тўғрисидаги мурожаатида баён қилинган.
Маълум бўлишича, И.Нуримовнинг муаллифлигидаги «Жўраларим мужик» номли шеъридан фуқаро Б.Нарзиқулов асар муаллифидан розилик олмасдан фойдаланган. Қолаверса, ҳеч қандай келишув тузмасдан мазкур шеърни тожик тилига муаллифнинг розилигисиз таржима қилган ҳамда муаллиф томонидан яратилган композициядан ҳам фойдаланган ҳолда омма олдида ижро этиб келган.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан мурожаатни ўрганиш жараёнида И.Нуримов Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти аъзоси эканлиги ҳамда «Жўраларим мужик» номли шеър И.Нуримов қаламига мансуб бўлиб, мазкур асарга нисбатан мутлақ мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлар унга тегишлилиги маълум бўлди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси «Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги»ги Қонунининг 61-моддасига кўра, муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга.
Юридик ва жисмоний шахслар, ушбу Қонунда кўрсатилганидан ташқари ҳолларда, асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан, шу жумладан мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тузилган шартномага биноан, улар бўлмаган тақдирда, бу ташкилотларнинг вазифалари ва мажбуриятларини бажарувчи ташкилот билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин.
Асарни барчанинг эътиборига етказиш, уни омма олдида ижро этиш, таржима қилиш муаллифнинг асардан фойдаланиши бўлган мутлақ ҳуқуқлар сирасига киради. Унга кўра, фуқаро Б.Нарзиқулов мазкур ҳаракатлари билан белгиланган талабларни бузган.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиши натижасида Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди фуқаро Б.Нарзиқуловни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 177-1-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топиб, БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими