Улар Финландия давлат таълим тизими билан яқиндан танишиб, мактаб бошқарув соҳасида директорларни лавозимига тайинлаш, уларнинг малакасини ошириш, мактаб бошқарувида медианинг ролини аниқлаш борасида янги билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. Шунингдек, мактабларда маркетинг қандай олиб борилиши, STEM фанларни ташкил этишда Финландия тажрибаси ҳамда мактаблар, ўқитувчилар ва ўқувчиларни баҳолаш тизимини ўрганмоқда.
Muurameдаги тадбиркорликка ихтисослаштирилган юқори мактаб фаолияти ўзбек мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Мактабда 235 нафар ўқувчи, 20 нафар ўқитувчи 1 нафар куратор (директор ўринбосари), 1 нафар ҳамшира ва 1 нафар психолог фаолият юритади. 9-синфни тамомлаган ўқувчилар 3 йил давомида (10-синфдан 12-синфга қадар) тадбиркорликка йўналтирилган ва мактаб томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастури асосида таҳсил олади.
Мактаб қошида 2003 йилда ўқувчилар томонидан бошқариладиган “Kisalli” тадбиркорлик фирмаси ташкил этилган бўлиб, унинг асосий фаолияти ўқувчиларни тадбиркорликка оид реал ҳаётий тажрибалар асосида уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, тадбиркорлик этикасини ўргатиш ва ижтимоий фаолиятларга жалб этиш орқали касбларга йўналтиришдан иборат.
Мактабда барча ўқувчилар учун бепул тушлик берилади. Мослашувчанлик, масъулиятлилик, креативлик, жасурлик асосий қадриятлар ҳисобланади. Ўқувчилар, ўқитувчилар ва раҳбарият ўртасидаги ўзаро муносабат тенглик тамойилига асосланган.
Ҳар бир дарс 90 дақиқа давом этиб, 45 дақиқадан сўнг 5 дақиқалик танаффус берилади ва бунда ўқувчилар кўпроқ жисмоний ҳаракатларни бажаради.
Дарсларда муаммога асосланган таълим (problem-based learning) методикаси кенг қўлланилиб, ўқувчилар 7 кишидан иборат кичик гуруҳларда ўқитувчи томонидан тақдим этилган муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилишади ва ўз ечимларини лойиҳа тарзида тақдим этишади.
Ушбу лойиҳалар ичидан энг саралари мактаб қошидаги “Kisalli” фирмаси орқали етакчи ташкилотларга тақдим этилади ҳамда молиялаштирилади.
Шунингдек, ташриф сўнгида ходимлар ўзларининг тадқиқот мавзулари юзасидан мактаб директори Аки Пуустинендан интервью олади.
Фин методикасининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ўқитувчилар муаммонинг тўғри ечимини кўрсатгандан кўра ўқувчига тўғри жавобга етакловчи саволлар беради. Бу орқали эса ўқувчилар танқидий фикрлашга ўргатилади.
Фин мактабларининг ҳар бир бурчагида ўқувчилар таълим олиши, биргаликда машқларни бажариши ҳамда бўш вақтларини турли видео ўйинлар ўйнаш орқали янги билимларни эгаллашлари (edutainment, education — таълим, entertainment — кўнгилочар машғулотлар) учун имкониятлар яратилган.
Финландияда ҳар бир ўқитувчи йилига 3 кун 6 соатдан жами 18 соат малака ошириши белгиланган. Бунда ўқитувчилар университетлар томонидан ташкил этиладиган курсларда иштирок этади.
Таълим тизимида лавозимга, хусусан, мактаб директори лавозимига тайишлаш учун махсус интернет сайтларида эълон берилади. Бу лавозимга номзодлар талабига кўра, 5 ёки 6 йил педагогик иш тажрибасига эга бўлиши ҳамда 1 йиллик махсус “Лидерлик ва бошқарув” курсини тамомлаган (сертификатга эга) бўлиши лозим.
Номзодлар ичидан энг муносиби ҳудудий бошқарма бошлиғи бошчилигидаги кенгаш томонидан суҳбат асосида ишга қабул қилинади. Ўқитувчилик иш ўрнига эълон ҳам онлайн веб-сайтларда берилади, номзод директор бошчилигидаги кенгаш томонидан суҳбат асосида саралаб олинади. Суҳбат жараёнига ўқувчилар ҳам таклиф этилишлари мумкин.
Финландияда ўқитувчилар маоши уларнинг иш стажига қараб ҳисобланади.