Кучли таълим тизими: Финляндия тажрибасида қандай намоён бўлмоқда?

    Таълим 5 июн 2023 2799

    Ўқитиш тизимининг ҳақиқатда узлуксиз ишлашини таъминлашда қандай омиллар муҳим? Ўқитувчилар ва таълим олувчилар ўртасида юқори даражадаги ҳамкорликни қандай ўрнатса бўлади? Қандай қилиб педагоглар маҳоратини жамият ва халқ ишонадиган юқори даражага олиб чиқиш мумкин?

    Юртимиз таълим муассасалари масъуллари олдида турган шу каби муҳим саволларга Финляндия таълим тизими ва унинг фаолият тамойилларини бевосита ўрганиш ва тадқиқ этиш жараёнида жавоблар топдик. Жорий йилнинг 24 апрелидан 7 майига қадар юртимиздаги 10 та педагогик олий таълим муассасасининг 25 нафар раҳбар ходими ва профессор-ўқитувчилари иштирокидаги делегация Финляндияда бўлди. Шу аснода таълим тизимини атрофлича ўргандик. Зеро, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг хорижий давлатларда малакасини ошириш таълим-тарбия жараёнига янгича ёндашув ва инновацияларни татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.

    Финляндия давлати муваффақиятининг асосий сабаблари ўқитувчилар салоҳияти, таълим сиёсати ва фин маданияти уйғунлигига боғлиқ. Сафар чоғида марказий ва маҳаллий бошқарув мувозанати, ўқув жараёнини самарали ташкил этишга катта масъулият билан ёндашув эътиборимизни тортди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Халқаро Нордик университети, Финляндиянинг Хельсинки, Карелия, Юваскула ва JAMK амалий фанлар ҳамда педагогика институтлари ҳамкорлигида малака ошириш курси ташкил этилди.

    Юваскула — Финляндия таълими бешиги

    Малака ошириш дарслари Финляндиянинг турли шаҳарларидаги таълим муассасаларида бўлиб ўтди. Юваскула университети қошидаги Илмий изланиш маркази профессори Жуҳани Раутопуро томонидан халқаро баҳолаш тизими (PISA, IAAC, TALIC, KAPPAS, TIMSS, PIRLS, ICCS, ICILLS кабилар) хусусида мазмунли маърузалар қилинди. Таълим тизимидаги ютуқлар, натижалар, компетенциялар, баҳолаш мезонлари тўғрисида қизиқарли маълумотлар билан танишдик. Профессорнинг айнан Ўзбекистондаги халқаро баҳолаш бўйича жараёнлардан хабардорлиги ҳамда қиёсий таҳлиллари эътиборимизни тортди.

    Ушбу институтнинг мақсади баҳолаш, фин таълим тизими ҳамда мактаб маданиятини ривожлантиришга қаратилган. Илмий изланиш бутун таълим тизими (мактабгача таълимдан то олий таълимгача, академик ва касб-ҳунар таълими ва касб танлашгача даврлар)ни ўз ичига олади. 1970-йилларда Финляндия таълимида туб ислоҳотлар олиб борилиб, назорат тизимидан либерал тизимга ўтилган. Финляндия таълим тизимининг асосий тушунчалари — тенглик, компетенция, мутахассисга ишонч, махсус таълим.

    Айниқса, Финляндия таълимининг кучли жиҳати мактаб тизими ҳисобланади. Мактабларни текшириш ва стандартлашган тестлар мавжуд эмас. Мактаблар ўзаро рақобатга киришмайди. Яъни ишонч маданияти туфайли мактаблар текширув ташрифларидан холи. Финляндияда энг яхши мактаб уйга яқин мактабдир. Бу мамлакатдаги барча мактабларнинг деярли бир хил сифатда ташкил қилингани ва ўқитишнинг ҳамма жойда юқори савияда ташкил этилишидан дарак беради.

    Билимга асосланган жамият ҳақидаги қарашларни қўллаб-қувватлаш, таълим тенглигини таъминлаш асосий ўринда. Тенглик, ишонч, ўқитувчилар салоҳияти, ихтиёрийлик, индивидуаллик, мустақиллик ҳамда амалийлик каби асосий тамойиллар, таълим олувчиларнинг ҳар қандай фикри инобатга олиниши ва қўллаб-қувватланиши Ўзбекистон таълим тизимига татбиқ этиш мумкин бўлган жиҳатлардир.

    Финляндияда педагоглик нуфузли касб бўлгани сабаб профессор-ўқитувчиларнинг таълими ва малака оширишига катта эътибор қаратилган. Мактабгача, мактаб ва олий таълимдаги ислоҳотлар асосчиси ҳам ўқитувчилар ҳисобланади. Улар мавжуд Миллий дастурни бойитиш, қўшимчалар киритиш ёки тубдан ўзгартириш ҳуқуқига эга. Финляндия таълим тизимига миллий дастур кўрсатма сифатида берилади. Мазмун-моҳиятини бойитиш, ўзгартиришлар киритиш, мавзулаштириш профессор-ўқитувчилар томонидан амалга оширилади. Дунё мамалакатлари университетлари рейтингининг 500 талигига кирган Юваскула университетида педагог кадрлар тайёрланади ва малакаси оширилади. Ишчи ва фан дастурлари мазкур университет профессор-ўқитувчилари томонидан мустақил тузилади. Профессор-ўқитувчилар мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. Янги йўналиш ёки факультет очиш учун Таълим вазирлигига мурожаат қилинади.

    Юваскула университети кутубхонасида 70 нафар ходим фаолият кўрсатади. Эътиборлиси, кутубхонанинг ўзида илмий изланиш олиб бориш учун барча шарт-шароит мавжуд: электрон кутубхона, компьютерда ишлаш заллари, ошхона. Кутубхона қошида илмий ҳамда таълимий хизматлар маркази фаолият юритади. Ушбу марказлар илмий изланувчиларга хизмат кўрсатади, хусусан, мақолаларини чоп қилиш билан боғлиқ техник хизматларни таклиф қилади.

    Кутубхона очиқлик сиёсатини илгари суради ва университетда барча илмий ишлар платформага жойлаштирилган ҳамда ундан фойдаланиш барча учун очиқдир. Кутубхона фойдаланувчиси дастлаб 12 соатлик тренингда иштирок этиши лозим. Тренингда кутубхонага аъзо бўлиш, ишлаш, саволнома ва йўриқномалар тузиш ўргатилади.

    Марказда мақолаларни нашриётларда чоп этиш учун махсус штат бирлиги ҳам мавжуд. Факультетларнинг нашр режасини бажариш ҳолати назорати ҳам ушбу ходим зиммасида. Кутубхона ходимлари томонидан изланишлар олиб борилиб, сунъий интеллект, виртуал олам каби янги фанларни дастурга киритиш режалаштирилган.

    Онлайн платформа орқали танлов

    Сафар чоғида “Макеланмаен Коулу” бошланғич таълим мактаби тажрибалари билан танишдик. Муассасада ҳар бир болага алоҳида эътибор берилаётгани, айниқса, махсус таълимга муҳтож болаларнинг барчага қўшиб ўқитилиши, яъни инклюзив таълим уларнинг келажакда жамиятда ўз ўринларини топиб кетишига замин яратади.

    Мактабда ўқитувчини ишга қабул қилиш жараёни эътиборимизни тортди. Ўқитувчиликка номзодлар онлайн платформа орқали ҳужжат топширади. Мактаб маъмурияти уларни кўриб чиқиб, ўзига керакли ходимни танлайди ва суҳбатга таклиф этади. Ишга олинган ўқитувчи тўлиқ мустақил равишда ишчи дастур устида бош қотиради ва материалларни ўзи танлаш ҳуқуқига эга. Эътиборлиси шуки, педагоглар ҳамкорликда ишлаб, муҳокама якунида энг яхши натижага эришади. Мактабда ҳар 125 нафар ўқувчи алоҳида бўлинмаларга ажратилган, моддий техник база ташкил қилинган ҳолда ўқитилади. Сифатли таълим олиш учун зарур барча шароит яратилган. Ўқув ва махсус хоналар замонавий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Масалан, мусиқа хонасида турли чолғулар мавжуд. Технология хоналари жами 8 та устахонадан иборат алоҳида қисмда жойлашган. Устахоналар сополга, ёғочга ва металга ишлов бериш, саватчилик, тикувчилик ва ошпазлик, робототехника ва қурилиш-конструкциялаш бўйича керакли жиҳоз ва хомашё билан таъминланган. Ўқувчилар бириктирилган усталар ёрдамида жуда чиройли буюмларни тайёрлаш билан машғул.

    Тадбиркорликка ихтисослаштирилган мактаб

    Мактаб битирувчиларини мустақил ҳаётга тайёрлаш ва уларда тадбиркорликка қизиқиш уйғотиш мақсадида Муураме пилот мактаби яратилган бўлиб, унинг асосчилари — Юваскула шаҳрининг тадбиркорлари. Бу ерда ишлаб чиқариш билан мактаб орасида ҳамкорлик мавжуд. Мактаб битирувчилари қизиқарли лойиҳалар ва тадбиркорлик ташаббуслари устида ишлашади. Мактабнинг битирувчиси билан суҳбатда бўлдик. Ўқувчи фикр-мулоҳазаларини биз билан ўртоқлашди. Унга бу интеграция маъқул келгани ва келгусида қайси университетда ўқиши, қайси компанияда ишлашини маълум қилди.

    Тадбиркорлик мактабида ҳамма билимлар бевосита амалиётда ўрганилиши ва масъулиятли ўқувчилар тарбияланишининг гувоҳи бўлдик. Ўқувчилар амалга ошираётган лойиҳалар маҳаллий компания ёки тадбиркорлар томонидан молиялаштириб борилади.

    Саводхонлик бўйича энг яхши ўқитувчилар

    Юваскула университети факультетларидан бири айнан педагогларни тайёрлашга ихтисослаштирилган. Ишлар “Донолик ва барқарорлик ҳамма учун” шиори остида ташкил этилади. Мактабгача таълим ташкилот (боғча)ларида ишлаш учун бакалавр даражаси етарли. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаш учун талабгор Педагогика университетининг магистратура бўлимини ҳам тугатган бўлиши шарт. Фан ўқитувчиси бўлиб ишлаш учун эса бир йил (60 кредит) қўшимча таълим олиш керак. Педагоглардан нафақат йўналиши бўйича мутахассис бўлиш, балки юқори малакали ўқитувчи бўлиб етишиш ҳам талаб этилади.

    Масала шундаки, ўқитувчилар нафақат жорий йилда, балки 40 йилдан кейин ҳам ўз билим ва кўникмаларини йўқотмаган, доимий ўз устида ишлайдиган педагог кадрларни тайёрлаш вазифасини олдига қўйишган. Бу факультет жамоасидан бўлажак ўқитувчи қандай билим ва кўникмаларга эга бўлишини аввалдан билиш, уларни амалда қўллашни биладиган кадрлар етиштиришни талаб этади. Шунинг учун улар бу соҳада доимий равишда изланиш олиб боришади ва ишчи дастурларини тез-тез такомиллаштиришади. Юваскула университети жамоасининг ишлаш маданияти очиқлик, ишонч, сифат, интегрaция ва ҳақгўйликка асосланган. Университетда 3 та қоидага амал қилинади: илмий изланиш, сифатли таълим, жамият таъсири.

    Тақдимот жараёнида факультет стратегияси билан ҳам танишдик. Эътиборлиси, стратегия ва ишчи дастури миллий дастурга асосланиб тузилган. Финляндияда таълим даражаси юқорилигининг сабаби абитуриентларни педагогликка қабул қилиш жараёнининг ўзида бир неча босқичли жиддий саралаш ўтказилади. Масалан, 2022 йили 1750 нафар абитуриентдан 89 нафаригина қабул қилинган. Педагогик таълим йўналишларига умумий тест натижаларига кўра юқори балл олганлар тўғридан-тўғри суҳбатга киради ёки кам балл олганлардан махсус имтиҳондан ўтиш талаб қилинади. Суҳбат жараёнида 5 босқичли қисқа савол-жавоблар ташкил этилади. Ўқитувчиликка қабул қилишда номзоднинг шахсий хусусиятлари, қизиқишларига муҳим омил сифатида қаралади. Талабгор магистратурани тугатгач, ундан педагог бўлиш ҳуқуқини олиб ташлаб бўлмайди. Шунинг учун қабул жараёни мукаммал ёндашув билан амалга оширилади. Ўқитувчи иш жараёнида қўпол хатолик, қоидабузарликка йўл қўйса, магистрлик дипломи бўлган тақдирда ҳам педагоглик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Финляндияда қабул қилинган миллий дастур бу шунчаки кўрсатма бўлиб, расмий мажбурият юкламайди. Ҳар бир ўқитувчи қайси методлардан фойдаланишни ўзи танлайди. Ўқитувчилар малакасини ошириш мажбурий бўлиб, бир йилда 3 кунни ташкил этади.

    Бу мамлакатда таълим турлари бўйича ўқитувчиларнинг бирга ишлаши натижасида ўқитиш турлариаро узвийлик таъминланган. Бир таълим туридан кейингисига ўтишда ўқитувчилар ҳар бир бола ҳақида алоҳида маълумотлар алмашади. Айнан бола туғилгандан бошлаб мониторинг тизими мавжудлиги сабаб ўғил-қизларнинг академик ва ижтимоий ҳолати мунтазам ўрганилади ҳамда нуқсонлари бўлса, эрта аниқлаш тизими ишга тушади.

    Валтери — таълим ва консалтинг маркази

    Валтери Финляндия миллий таълим агентлиги қошида фаолият юритувчи миллий таълим ва консалтинг марказидир. Валтери мамлакат бўйлаб болалар ва ёшларнинг ўқиши ҳамда мактабда таҳсил олиши учун ҳар томонлама профессионал ёрдам беради. Ушбу марказ фаолияти ақлий ҳамда жисмоний нуқсони бор, индивидуал кўмакка муҳтож ҳар бир ёшнинг, айрим ҳолларда бутун меҳнат жамоаси, туман ёки вилоят ҳокимликларининг эҳтиёжига қаратилган.

    Малака ошириш курси давомида мазкур марказнинг ногиронлиги бўлган болалар ва ёшларга ўз маҳалласидаги мактабда таълим олиш имконини беришга қаратилган фаолияти билан яқиндан танишдик. Марказ ходимлари нуқсони бўлган, кўмакка эҳтиёжманд болаларни эртароқ аниқлаш ва уларга турли соҳа вакиллари билан биргаликда ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Финляндиянинг турли ҳудудида 5 та Валтери мактаби фаолият юритмоқда. Бундан ташқари 3 та Валтери таълим ва консалтинг (маслаҳатлашув) маркази ҳам мавжуд. Бугунги кунга қадар 250 нафар бола ушбу мактаб ва марказда таҳсил олган.

    Амалий фанларга ихтисослашган олийгоҳ

    Стажировканинг иккинчи ҳафтасида Йоэнсу шаҳрида жойлашган Карелия амалий фанлар университетида бўлдик. Университет 1992 йилда фаолият бошлаган бўлиб, таълим ва кадрлар тайёрлаш жараёни тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш ҳамда иқтисодиётнинг касбга талабини эътиборга олган ҳолда ташкил этилади. Асосан бугун иқтисодиётга зарур бўлган касблар бўйича халқаро бизнес, биотехнология, индустриал менежмент, информацион технология, ҳамширалик, ўрмончилик ва ўрмонни бошқариш, физиотерапия, герантология каби мутахассислар тайёрланиши ҳақида маълумот олинди. Муассасада таълим жараёни учун махсус электрон палатформа яратилган бўлиб, ундан талаба ва ўқитувчилар ўзига керакли маълумотлар, дарс жадваллари, танлов фанлари ҳамда дарсга қатнашиш вақти каби маълумотларни олиши мумкин.

    Университетда кадрлар тайёрлаш жараёнини яхшилаш учун 500 дан ортиқ корхона билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, шартнома асосида талабалар корхона ва ташкилотларда меҳнат фаолиятини олиб бориши, малакавий амалиёт ўташи, амалиётчи педагоглар томонидан олиб бориладиган дарсларда иштирок этиши мумкин. Бу талабаларга ишлаб чиқаришга осон мослашиб кетиш имконини беради.

    Ҳамширалик иши фанидан амалий машғулот хонасида барча шароитлар, жумладан, муляжлар, турли физиологик кўрсаткичларни аниқлайдиган электрон приборлар, мониторлар ҳамда шифохона тажриба палаталари макети ўрнатилган бўлиб, бунда бўлажак ҳамширалар барча жараёнларни моделлаштирилган ҳаётий жараёнларга яқин ҳолатда ўрганиб бориш имконига эга бўлади. Сафар давомида Карелия амалий фанлар университети билан юртимиз ОТМлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

    Хельсинки шаҳрида Финляндия таълим вазирлиги масъуллари билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида мамлакатимиз ва Финляндия ўртасида таълимни ривожлантириш ҳамда кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.

    Малака ошириш жараёнида Финляндиянинг таълим сифатини баҳолаш бўйича ўтказиладиган халқаро тадқиқотлардаги муваффақияти сирлари билан танишдик. Фин ўқитувчиларининг PISA тадқиқотидаги барча йўналишларда саводхонлик ва таълим тенглиги кўрсаткичлари бўйича энг яхши натижаларга эришиши сабаблари борасида ҳам хулосалар олдик. Таълим делегацияси аъзолари энг қисқа ўқув ва шунга қарамай энг юқори кўрсаткичларга эришаётган Финляндия таълим тизими афзалликларини ўз тажрибаларида қўллашга киришди.

    Одил ҚЎЙСИНОВ,

    Халқаро Нордик университети проректори,

    педагогика фанлари доктори, профессор

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates