Тадбир Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Финляндия ҳамкорликни ривожлантириш ва ташқи савдо вазири Вилле Скиннари раислигида бўлиб ўтди.
Унда сармоявий, саноат, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди ва келишиб олинди.
Делегациялар раҳбарлари ўз чиқишларида устувор тармоқларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлиги, илғор Финляндия тажрибаси ва технологик ишланмаларни жалб этиш муҳимлиги, шунингдек, икки давлат ўзаро ҳамкорлик соҳаларида ҳамкорликни тизимли равишда кенгайтиришни давом эттиришга тайёрлигини таъкидладилар.
Томонлар бошқа имкониятлар билан бир қаторда «Finnvera» «Public Sector Investment Facility» Экспорт-кредит агентлиги (30 миллион долларгача узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратади, шундан 30 фоизи грантлар сифатида) ва Финляндиянинг «Finfund» саноат кооперацияси жамғармасининг (хусусий компанияларга лойиҳавий ва инвестициявий молиялаштиришни тақдим этади) молиялаштириш воситалари орқали институционал ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
ҲК йиғилиши доирасида делегациялар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Финляндия тадбиркорлари ўртасида икки мамлакатнинг рақобатдош устунликларидан келиб чиққан ҳолда сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича келгусидаги қўшма ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, тоғ-кон саноати, муқобил энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, таълим ва рақамли трансформация энг истиқболли йўналишлар сифатида тилга олинди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.