Бўлғуси педагоглар интеллектини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш дунё миқёсида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам жамиятимиз аъзолари, хусусан, ёшларнинг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм, маърифат, юксак маънавиятни камол топтириш асосий вазифа этиб белгиланган.
Ушбу саъй-ҳаракатларни амалга оширишда ўқитувчининг маҳорати, илғор тажрибаси жуда муҳим. Чунки муаллим илмли, маърифатли йигит-қизларни тарбиялаш, ўқувчиларни турли соҳаларга йўналтириш, узлуксиз таълим жараёнидаги ислоҳотларни рўёбга чиқариш, билимли ва малакали янги авлод кадрларини етиштириш, хориждаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш, ўқитиш методикаси, шакл ва методларини қўллашга масъул шахсдир.
Шу боис, ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиш, халқаро таълим тизимидаги илғор ислоҳотларни таҳлил этиш долзарбдир. Айни пайтда дунё мамлакатлари педагоглари эътиборидаги ўқитиш тажрибаси Финляндия таълим тизимида мужассам. Зеро, ўн йилдан ортиқ вақт давомида бу давлатдаги 15 ёшли ўқувчилар PISA халқаро баҳолаш дастурида мунтазам энг яхши натижаларни кўрсатмоқда.
Финляндиянинг муваффақияти ўқитувчилардир. Юқори сифатли машғулот ўтказиши учун уларнинг мақоми ва мустақиллиги таъминланган. Таълим сиёсати мақсадли равишда тенгликка йўналтирилган. Шунингдек, мактаблар устидан назорат марказлашмагани ҳам асосий омилдир.
Ҳозир Финляндияда йигирмата университет (шундан ўнтаси педагоглар тайёрлайди) ҳукумат томонидан молиялаштирилади. Ўқув дастурларини тузиш ҳуқуқи ва масъулияти маҳаллий муниципалитетлар ва мактаблар зиммасида. Қонунчиликка кўра, таълим берувчилар ўқув дастурини маҳаллий соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар масъулияти юкланган идоралар билан ҳамкорликда “мактабнинг иш муҳити, маҳаллий қиймат танлови ва махсус ресурслар”ни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиши шарт. У нафақат умумий таълимнинг юқори стандартлари, балки бутун жамиятнинг биргаликда белгиланган мақсад ва тартибларга содиқлигини таъминлайдиган тарзда амалга оширилади.
Финляндияда ўқитувчилар учун таълим дастурини шакллантириш муҳим омил. Ўқитиш тизимининг яна бир муҳим хусусияти ишонч ва ҳамкорлик маданиятига таянади. Мамлакат мактабларидаги ўқитувчиларни маълумоти ва ихтисослиги бўйича мактабгача таълим ўқитувчиси, ҳунармандлик ва технология фани ўқитувчиси, мусиқа ўқитувчиси каби тоифаларга бўлиш мумкин. Бироқ ҳар бир тоифадаги муаллимлар турли ўқув дастурлари асосида тайёрланади.
1970 йилда “Ўқитувчилар таълими тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши билан Финляндия ўқитиш тизими муваффақиятида асосий ўрин эгаллаган муҳим ислоҳот амалга оширилди. Янги ташкил этилган умумтаълим мактаблари учун ҳам, ўрта мактаблар учун ҳам ўқитувчилар тайёрлаш олий ўқув юртларига топширилди. Аксар университетлар икки бўлимга бўлинган: умумий илмий ва фан соҳасидаги таълим ҳамда педагогик таълим йўналишлари. Биринчисида умумий илмий ва фан-таълим соҳасида тадқиқот ўтказиш ва режалаштиришдаги муаммолар устида ишлаш асосий йўналиш сифатида белгиланган. Иккинчисида эса педагогика таълимига, яъни ўқитиш ва ўқитувчилар таълими соҳасидаги тадқиқотларга эътибор қаратилди.
Бугун Финляндияда ўқитувчилар таълими кучли тадқиқотга йўналтирилгани ва ҳамкорлик мавжудлигини кўриш мумкин. 1979 йилда ўтказилган кейинги ислоҳотдан сўнг умумтаълим мактаблари ва ўрта мактаб ўқитувчилари учун зарур бўлган минимал малака тахминан беш йиллик ўқув ва амалий ишларни талаб қиладиган магистр даражаси сифатида белгиланди. Бу уч асосий мақсадга хизмат қилди: биринчиси, бошланғич ва ўрта мактаб таълимини бирлаштириб, уларнинг иккаласига ҳам “умумий ўзак” берди; иккинчиси, бошланғич даражадаги ўқитувчилар юқори академик стандартларга жавоб берадиган бўлди; учинчиси, юқори ҳамда ўрта мактаб ўқитувчилари ҳам педагогика фанлари бўйича тайёрланди.
Ўқитувчилар учун ўқув дастурининг бир неча тамойиллари мавжуд. Мустақиллик, масъулият ва ишонч. Финляндия педагогик таълими замирида “барча даражадаги ўқитувчилар нафақат мустақил мутахассис, балки соҳаси бўйича профессионал бўлиши керак”, деган ишонч ётади. Шу боис, турли муаммолар (педагогик, маъмурий, оила ёки жамоа билан боғлиқ, ҳатто маҳаллий саноат билан алоқалар) мустақил, ҳамкасблар ва маҳаллий ҳамжамият билан ҳамкорликда ечилади.
Ўқитувчида бу фазилатларнинг ривожланиши, бир томондан, педагогликни Финляндияда энг кўп талаб қилинадиган ва нуфузли касблардан бирига айлантирган бўлса, иккинчи томондан, маъмурлар ва сиёсатчиларга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва ўқувчиларни баҳолаш вазифаларини муаллимларга деярли тўлиқ топшириш имконини берадиган ишончни пайдо қилди. Ўқитувчилар ва мактаб директорлари ўқув дастурларини ишлаб чиқишда асосий роль ўйнайди. Педагогик таълим уларга ўқув дастури бўйича яхши ривожланган билим ва режалаштириш кўникмаларини беради. Бундан ташқари, ўқув дастурларини лойиҳалаш касбий ривожланишни тизимли, назарий жиҳатдан такомиллаштиришга ёрдам беради.
Мустақиллик масъулият ва ишонч тамойили билан боғлиқ бўлиб, ушбу тамойил ортида турган иккита асосий мақсадни ажратиб кўрсатиш муҳим. Биринчиси, бўлғуси ўқитувчиларга соҳасидаги сўнгги тадқиқотлардан хабардор бўлиш, шунингдек, янги билимларни қўшиш имконини беради. Иккинчиси, амалиёти ҳақида фикр юрита оладиган ўқитувчиларни ривожлантиришни назарда тутади. Бўлғуси фан ўқитувчилари учун тадқиқотга асосланган педагогик таълимнинг мақсади “Ўқитувчиларга мустақил фикрлаш ва мантиқий далиллар орқали амалда дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашишдир”.
Талабалар одатда қизиқиши юқори бўлган университетларга ҳужжат топширишади. Агар 2-курсда белгиланган мезонларга жавоб берса, уларга педагогик таълим йўналишларида ўқиш таклиф этилади. Буни танлаганлар 3-курсдан педагогика фанидан битта курсни ва бошқа мактаб фанларидан камида биттасини танлаб ўқий бошлайди. Бунинг натижасида кўпчилик фан ўқитувчилари одатда камида иккита фандан дарс бериши мумкин
Финляндия ва Ўзбекистондаги ўқитувчилар таълимини қисқача қиёсий таҳлил қилсак, қатор фарқларни кўриш мумкин. Масалан, Финляндияда мактабгача таълим ташкилотлари (боғчалар)да ишлаш учун бакалавриат даражаси талаб этилади. Мактабда синф ўқитувчиси бўлиб ишлаш учун педагогика университетининг магистратура бўлимини тугатган бўлиши шарт. ОТМни тугатмаган талаба ўқув муассасаларида дарс бериш ҳуқуқига эга эмас. Мамлакатимиз мактабларида ўқитувчилик қилаётган кадрларнинг аксарияти бакалавриат даражасига эга. Мактабгача таълим ташкилотлари (боғчалар)да эса ўрта махсус маълумотга эга кадрлар кўп. Шунингдек, ОТМни битирмаганларнинг ҳам мактабларда дарс беришига рухсат этилган.
Финляндия таълим тизими кучли ишонч ва очиқлик асосига қурилган. Ўқитувчилар таълим сифати ва самарадорлигига масъул этиб белгиланади ва уларга ишонч билдирилади, фаолияти назорат қилинмайди. Бизда ўқитувчининг таълим беришдаги фаолияти, дарс сифати ва самарадорлиги доимий назоратга олинган. Таълим муассасалари раҳбарлари томонидан олиб бориладиган дарс таҳлиллари ўқитувчи фаолиятини назорат қилишга асосланган. Финляндияда ўқитувчилар фаолияти таълимга оид сўнгги тадқиқотларга қаратилган. Педагоглар доимий равишда ўз устида мустақил ишлайди, илмий изланишлар қилади. Бизнинг мактабларда таълимга оид илмий тадқиқотлар қилаётган муаллимлар саноқли.
Таълим жараёнининг назарий жиҳатлари Финляндияда амалиёт билан қаттиқ интеграциялашган. Мактабгача, мактаб ва олий таълимдаги ислоҳотлар асосчиси ўқитувчилар ҳисобланади. Улар мавжуд Миллий дастурни бойитиш, қўшимчалар киритиш ёки тубдан ўзгартириш ҳуқуқига эга. Мамлакат таълим тизимига Миллий дастур кўрсатма сифатида берилади. Мазмун-моҳиятини бойитиш, ўзгартиришлар киритиш, мавзулаштириш профессор-ўқитувчилар томонидан амалга оширилади. Бизнинг мактабларимизда эса назарий билим кучли берилади, аммо ўқувчиларнинг олган тушунчасини амалиётда қўллаш жараёни суст боради. Ўқитувчилар тайёр дастур асосида дарс ўтади. Таълим бериш жараёнида дастурда кўрсатилган мавзулардан четга чиқилмайди.
Финляндия таълимининг муваффақияти ортида тенглик, изчил ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ётади. Ҳозирги таълим тизимининг баъзи асосий хусусиятлари 1960-йилларнинг охири ва 1970-йилларда ўқитувчилар таълимидаги ислоҳотлар билан боғлиқ. Улардан бири “миллийлаштирилган, стандартлаштирилган” тестларни бекор қилиш эди. “Фин мактаблари ўқувчилар муваффақиятини аниқлаш учун стандартлаштирилган тестлардан фойдаланмайди.
Бунинг учта асосий сабаби бор. Биринчидан, баҳолаш амалиёти миллий ўқув дастурида яхши асосланган бўлса-да, Финляндияда таълим сиёсати мактаблар фаолиятининг муҳим қисми сифатида индивидуал таълим ва ижодкорликка юқори устуворлик беради. Шунинг учун ҳар бир ўқувчининг мактабдаги муваффақияти статистик кўрсаткичлардан кўра кўпроқ унинг индивидуал ривожланиши ва қобилиятига қараб баҳоланади. Иккинчидан, таълимни ишлаб чиқувчилар ўқув дастурлари, ўқитиш ва мактабларда тест ўтказиш эмас, балки ўқитувчиларнинг амалиётини кучайтириш кераклигини таъкидлайди.
Финляндия мактабларида ўқувчиларни баҳолаш таълим жараёнига киритилган бўлиб, бутун ўқув йили давомида педагоглар ва ўқувчилар фаолиятини яхшилаш учун қўлланади. Учинчидан, мамлакатда ўқувчиларнинг академик кўрсаткичини аниқлашга ташқи баҳоловчиларнинг эмас, мактабнинг масъулияти сифатида қаралади. Демак, мамлакатимиз таълим тизимидаги муаммоларни бартараф этиш учун илғор миллий ва хорижий тажрибалар, халқаро баҳолаш дастурлари талабларини инобатга олган ҳолда ўқув дастурлари, ўқитиш методикаси ва таълим сифатини баҳолаш тизимини такомиллаштириш, ўқитувчиларга ишончни орттириш, педагогларнинг ўзи ишига масъулиятини ошириш жуда муҳим.
Одил ҚЎЙСИНОВ,
Халқаро Нордик университети проректори,
педагогика фанлари доктори, профессор
Феруза ҲАМРОЕВА,
Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти доценти