Деҳли Аёллар ассоциацияси (Delhi Commonwealth Women Association/DCWA) томонидан ташкил этилган “Diplomatic bazaar – 2023” халқаро хайрия-ярмаркасида хорижий давлатлар элчихоналари, сайёҳлик агентликлари, ишлаб чиқарувчи компаниялар иштирок этди.
Ҳиндистон пойтахтида анъанавий равишда ҳар йили уюштириладиган мазкур йирик фестиваль коронавирус пандемияси туфайли уч йиллик танаффусдан сўнгбу йил биринчи марта ташкил этилгани босабабли шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари ўртасида алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон стенди мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси, Маданият ва туризм вазирлиги ва “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ҳунармандчилик маҳсулотлари билан миллий маданиятимиз ва анъаналаримиз руҳида безатилди.
Бу ерда намойиш этилган ранг-баранг ҳунармандчилик буюмлари, хусусан, анъанавий адрас матосидан тайёрланган кийим-кечаклар, шунингдек, кулолчилик буюмлари, бош кийимлар ва бошқа кўплаб маҳсулотлар анжуман меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, маҳаллий аҳоли ва хорижликлар орасида машҳур бўлган ўзбек миллий таомларидан палов, сомса, чак-чак ва бошқа анъанавий ширинликлардан татиб кўриш истагида бўлганлар Ўзбекистон стенди яқинида жамланди.
Ярмаркага ташриф буюрганлар Ўзбекистон ҳақида ўзларини қизиқтирган маълумотлар билан танишиш, республиканинг туризм ва инвестиция салоҳияти ҳақидаги ахборот материалларини олиш имконига эга бўлди.
Фестивалга кун давомида 12 мингдан ортиқ меҳмонлар ташриф буюриб, 30 дан ортиқ хорижий давлатларнинг миллий таомлари ва маданий анъаналари билан яқиндан танишди.