баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    18 октябрь — Самарқанд шаҳар куни кенг нишонланади

    18 октябрь куни фуқаролар Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, диққатга сазовор жойлар ва давлат музейларига бепул ташриф буюриши мумкин.

    1996 йил 18 октябрь куни Амир Темур бобомизнинг 660 йиллик юбилейида Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан тақдирланган ва 18 октябрь Самарқанд шаҳар куни деб белгиланган эди. Шундан буён мана қарийб чорак асрдирки ушбу кун вилоятда кенг нишонланиб келинади.

    Самарқанд вилоят ҳокимлигининг Маданият бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йил ҳам 18 октябрь куни Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокимлиги ва Маданият бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда қатор тадбирлар ўтказилади. Анъанага кўра, тадбирлар темурийлар мангу қўним топган Амир Темур мақбарасида Қуръон тиловат қилиш ва Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланади.

    Дастурга кўра, Самарқанд вилоят мусиқали драма театри олдидаги майдонда, Қорасув массивининг “Обод маскан” маҳалласида, Фарҳод қўрғонидаги “Зарафшон” истироҳат боғида, Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғида, “Ёшлик” истироҳат боғи ҳамда Кимёгарлар шаҳарчасидаги 1-сон Марказий маданият маркази олдидаги майдонда “18 октябрь — Самарқанд шаҳар куни” муносабати билан 14 октябрдан 24 октябрга қадар Самарқанд вилояти ҳокимлиги Маданият бошқармаси тизим ташкилотлари ва муассасалари санъаткорлари, ашула ва рақс ансамбллари томонидан концерт дастурлари ва театрлаштирилган томошалар намойиш этилади.

    Бундан ташқари, Регистон майдонида мусиқали шоу дастури намойиши, вилоят газеталари билан ҳамкорликда  “Самарқанд тарихий обидаларини асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир” мавзусида давра суҳбати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда “Самарқанд — Шарқ дурдонаси” мавзуларида танлов ўтказилади.

    Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида "FOOD COURT" ҳамда миллий таомлар фестивали, Орзу Маҳмудов кўчасида гастрономик туризм кўчаси ташкил этилади.

    Самарқанд шаҳридаги Давлат хизматлари агентлиги, А.С.Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамда “Ипак йўли” халқаро туризм университетининг тантанали очилиш маросими ўтказилади.

    18 октябрь куни фуқаролар Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, диққатга сазовор жойлар ва давлат музейларига бепул ташриф буюриши мумкин.