2023 йил учун Давлат бюджетининг тақсимланишида қандай ўзгаришлар бор?

    Молия 30 декабр 2022 3621

    2022 йил 29 декабрда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси Молия вазирлиги билан ҳамкорликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестиция ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссиялари учун «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан семинар ўтказди.

    Таъкидланганидек, Қонунда кейинги йилда иқтисодий ўсиш даражаси 5,3 фоиз, инфляция даражаси 9,5 фоиз, консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз миқдорда, шунингдек, янгидан имзоланадиган давлат ташқи қарзи юқори чегараси 4,5 миллиард доллар миқдорида прогноз қилиняпти.

    Шунингдек, Давлат бюджети даромадларидан келиб чиқиб, келгуси йил учун Давлат бюджети харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоиз миқдорида белгиланяпти.

    Қонун билан ижтимоий соҳа харажатларининг қарийб 45 фоизи таълим соҳасига, хусусан, қарийб 11 триллион сўм мактабгача таълим ташкилотларига, 37 триллион сўм халқ таълимига, 10,4 триллион сўм ўрта махсус ва олий таълимга ажратилади.

    Бундан ташқари, 2022 йилда Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига (марказлашган инвестиция харажатлари билан бирга) 28,4 триллион сўм ёки 2022 йил учун тасдиқланган режага нисбатан 5,2 триллион сўм ёки 22 фоизга кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

    Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш, яъни ўзларининг жорий харажатларини 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил қайта тақсимлаш бўйича қўшимча ваколат берилади.

    Жумладан, тегишли ривожлантириш дастурлари учун режалаштирилган маблағларни бир дастурдан бошқасига қайта тақсимлашлари мумкин бўлади. Бунда ҳар бир дастур ижроси учун тасдиқланадиган мақсадли кўрсаткичларга эришган ҳолда иқтисод қилинган маблағлар назарда тутилган.

    Бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш, шунингдек, ривожлантириш дастури мақсадли индикаторларининг бажарилиш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш амалиёти жорий этиляпти.

    Давлат бюджети тақчиллигининг прогноз кўрсаткичларидан ошиб кетишининг олдини олиш ва бюджет барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 17 триллион сўм миқдорида бўлиши белгиланяпти. Бунда молия йили давомида чиқариладиган ҳамда жорий йилда сўндириладиган Ўзбекистон Республикаси давлат қимматли қоғозлари чекланган соф ҳажмга киритилмаслиги белгиланяпти.

    Даромадлар бўйича прогнознинг ошириб бажарилган қисми республика бюджети ихтиёрида қолиши белгиланяпти.

    Семинарда 2023 йил учун солиқ-божхона сиёсатининг асосий йўналишларига тўхталиб ўтилди.

    Хусусан, қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтириляпти, айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 14 та фаолият тури бўйича 4 фоиздан 25 фоизгача белгиланган ставкалари унификация қилиниб, ягона 4 фоиз этиб белгиланяпти.

    Тадбир якунида семинарда кўтарилган масалалар юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестиция ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияларига тегишли тавсиялар берилди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates