Тадбирда Парламент аъзолари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” экспертлари “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар бўйича бешта устувор йўналишлар кесимида иштирокчиларга маълумотлар беришди.
2024 йилги Давлат дастурида “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида фикр алмашилди.
Шунингдек, бу йилги давлат дастурида нодавлат нотижорат ташкилотларига белгиланган вазифалар ҳақида сўз борди. Жумладан, жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маблағлари ҳисобидан тегишли йўналишдаги нодавлат ташкилотлар орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.
Бундан ташқари давлат дастурига кўра қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувлар ўтказишнинг янгича тартиби жорий этилади.
Яна бир муҳим жиҳати, бу йил “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” ҳаракатига Давлат дастурининг амалга оширилишини, хусусан, жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда танқидий ўрганиб бориш вазифаси ҳам юклатилганлиги кенг жамоатчилик эътиборига етказилди.
Давра суҳбати давомида давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жойларда жамоатчилик назорати тартибида мониторинг ишларини олиб бориш ва бу борада давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар билан яқин ҳамкорлик қилиш масалалари ҳақида сўз борди.