Ижтимоий-иқтисодий, молия соҳасидаги дунёнинг етакчи мутахассислари иштирок этаётган тадбирнинг асосий мақсади ҳукумат олдига қўйилган янги мақсад ва вазифалар, халқаро молия институтларининг тавсиялари, шунингдек, халқаро тажриба ва энг яхши амалиётлар юзасидан фикр алмашиш жараёнлари учун имконият яратишдир.
Хусусан, суҳбатда халқаро экспертлар билан Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашдаги сўнгги ютуқлари юзасидан олинган тажрибалар ва кейинги қадамлар ҳамда инсон капиталини ривожлантириш ва унинг камбағалликни қисқартиришдаги ўрнига қаратилган ислоҳотлар, шу жумладан, ёшлар салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини яратишга кўмаклашиш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишлар кўриб чиқилди.
Ташриф буюрган хорижий мутахассислар билан оммавий ахборот воситаси ходимларининг суҳбатлари ташкил этишиб, ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтиган саволларга жавоб олишди.
Хусусан, Туркиядан ташриф буюрган соҳа мутахассиси, туркиялик иқтисодчи Эрк Ўзбелгедан Yuz.uz мухбири интервью олди.
Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида фикрларингизни билдирсангиз?
– Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ҳолатда ривожланиб бормоқда. Ҳозирда мамлакатингизнинг қарздорлиги ва ЯИМ мутаносиб ҳолатда бўлиши таъминланмоқда. Миллий валютангизнинг инфляция даражаси ортиб кетмаслиги яхши назоратга олинган.
Ўзбек сўми билан АҚШ доллари ўртасидаги ўзгарувчан қиймат ҳам яхши ҳолатда сақланмоқда. Ўзбекистон Марказий банки иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш мақсадида жуда яхши таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Яъни бошқа мамлакатлардаги каби иқтисодий номутаносиблик Ўзбекистонда у қадар кўп кузатилмайди. Яъни, ўлкангиз иқтисодиётида кутилган ва олдини олиш мумкин бўлган ўзгаришлар юз бермоқда. Айни шу жиҳатлар хорижий инвесторлар учун ҳар томонлама қулай шароит, имконият ҳисобланади. Кузатишларимга асосан айтадиган бўлсам, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти янада ортиб бормоқда. Ишчи кучи ҳам етарли. Яъни, бу ерга инвестиция киритиш учун ҳамма шароит ва имкониятлар мавжуд. Давлат томонидан яратилиб берилаётган инвестицион шароитлар эртага бу мамлакатга капитал олиб кираётган инвесторлар вақти келиб яхши фойда олишини таъминлайди. Шуларни ҳисобга олиб, хорижий ишбилармонларни Ўзбекистонга инвестиция киритишини тавсия қилган бўлардим.
Сиз ҳам иқтисодчи сифатида Ўзбекистонда ишлашни танлаган бўлармидингиз?
– Албатта, бажонидил ишлаган бўлардим.
Нима сабабдан айнан Ўзбекистонда ишлашни маъқул деб билардингиз?
– Гўзал ва бетакрор, ишончли мамлакат, Менимча, ишлашни эртага эмас, бугундан бошлаш ҳар жиҳатдан фойдалидир деди, — туркиялик иқтисодчи Эрк Ўзбелге.
Юртимизда яратилаётган шарт-шароитлар қанчалик юксакларга қулоч ёйгани ва иқтисодиётимиздаги барқарор ривожланиш ўз натижасини бераётганининг эътирофи бу.
***
Шунингдек, кун давомида “Аҳоли фаровонлигини оширишда барқарор иқтисодий ўсиш, инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар” мавзусида тадбир ҳам ташкил этилди.
Тадбирнинг “Транспорт соҳасида ислоҳотлар, Давлат хусусий шерикчилик лойиҳалари ва халқаро ҳамкорлик жараёнларининг соҳадаги ўрни” мавзусидаги сессияда транспорт соҳасида фаолият юритувчи йирик компаниялар вакиллари иштирок этишди.
Ҳафталик доирасида ўтказилаётган мазкур тадбирдан асосий мақсад, Ўзбекистоннинг транспорт ва логистика тизими ривожлантириш борасида хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликдаги лойиҳаларни самарали амалга ошириш, шунингдек, чет эл жамоатчилик вакилларининг соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар ҳолати ва истиқболлари билан таништиришдан иборатдир.
– Сўнгги йилларда мамлакат транспорт тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари ва таҳлилига тўхталиб ўтмоқчиман. Ўтган йил мобайнида асосий эътибор ҳудудларда йўловчи транспорти хизматларини кенгайтириш ва яхшилашга қаратилди. 2024 йилнинг дастлабки саккиз ойида бутун мамлакат бўйлаб 4,2 милларддан ортиқ йўловчи ташишга эришилди. Ўсиш суръати 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 106,0% ни ташкил этди деди, — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Махкамов.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда транспорт секторини барқарор ривожлантириш мақсадида инфратузилмани яхшилаш, хизматларни модернизация қилиш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатлар нафақат иқтисодий ўсишни тезлаштиради, балки барча фуқаролар учун ҳаёт сифати яхшиланишига хизмат қилади.
Зулхумор Акбарова