“Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти натижаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди

    Жорий йилнинг 26 февраль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Жаҳон банки ва Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва Тараққиёт вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти натижалари: яшил иқтисодиёт ва барқарор ривожланишга ўтиш” мавзусига бағишланган давра суҳбатини ташкил этди.

    Тадбирда Ўзбекистон Парламенти, вазирлик ва идоралар, шунингдек, тегишли халқаро ташкилотлар, ақл марказлари мутахассислари, халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

    “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўзининг кириш сўзида Жаҳон банки томонидан 6 йилдан буён амалга ошириб келинаётган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳаси бугунги кунда мамлакатимизда ислоҳотларнинг фуқаролар ҳаётида қанчалик акс этаётганини ўрганиб бораётган тадқиқотлардан бири эканлигини таъкидлади. Лойиҳанинг асосий мақсади – тадқиқот натижалари асосида сифатли ва аниқ манзилга йўналтирилган сиёсий қарорлар қабул қилинишини таъминлашга кўмаклашиш ва тегишли чора- тадбирларни амалга ошириш имкониятларини яратиш ҳисобланишини айтиб ўтди.

    Шунингдек, яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ва истиқболга мўлжалланган чора-тадбирлар хусусида тўхталди.

    - Охирги 7 йил мобайнида мамлакатимизда суғориладиган ерларнинг тўртдан бир қисмини ташкил этадиган 1 миллион гектардан ортиқ майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди.

    2023 йилнинг ўзида юртимизда 50 минг хонадон ва тадбиркорлар томонидан қуёш панеллари ўрнатилди.

    Ҳозирда 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари устида жадал ишланмоқда.

    Шунингдек, “Ўзбекистон-2030” стратегиясига асосан мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини 2030 йилга қадар жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда, – дея таъкидлади Марказ ижрочи директори Элдор Туляков.

    Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алиханов ўзининг маърузасида яшил иқтисодиётга ўтиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда халқаро ва миллий даражада қабул қилинган стратегиялар ва қонунларнинг ўрни муҳимлигини айтиб ўтди.

    Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли 2030 йилга бориб мамлакатда камида 8 миллион киши иқлими юқори хавфдаги ҳудудларда истиқомат қилишини таъкидлади. Унинг айтишича иқлим ўзгаришига мослашиш чораларисиз, 2050 йилга келиб миллий иқтисодиёт иқлим ўзгариши таъсирисиз ривожлангандаги ҳолатидан 10 фоизга кичикроқ бўлади. Бу бандлик ва уй хўжаликлари даромадининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келади.

    - Жаҳон банки иқлим ўзгаришига мослашиш ва мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштириш бўйича сиёсатни ишлаб чиқиш ва аниқ чора-тадбирларни амалга оширишда ҳукуматга молиявий ва таҳлилий ёрдам кўрсатади. Бу чора-тадбирлар турли соҳаларда сув ва энергия ресурсларини тежаш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни ўз ичига олади, деди Марко Мантованелли.

    Шундан сўнг тадбир иштирокчиларини Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси катта иқтисодчиси Икуко Уочи “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқотининг сўнгги натижалари билан таништирди.

    Мазкур тадқиқот сўровномасида мамлакат бўйлаб қишлоқ ва шаҳарлардаги 1500 га яқин уй хўжаликлари, 600 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари етакчилари иштирок этади. Тадқиқот давомида тўпланган маълумотлардан ҳукумат томонидан муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, камбағалликни қисқартириш ва фуқаролар фаровонлигини ошириш йўлидаги ташаббуслар бўйича қарорлар қабул қилишда фойдаланилади.

    Тадбирнинг иккинчи қисмидан ўрин олган яшил иқтисодиёт ва барқарор ривожланишга ўтиш мавзусидаги муҳокамалар ҳам Ўзбекистон учун нафақат долзарб, балки стратегик аҳамиятга эга бўлган масалаларни қамраб олди.

    Давра суҳбати давомида “Ўзбекистон яшил иқтисодиётга ўтишни қандай тезлаштириши мумкин?” деган саволга Жаҳон банки, Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва Тараққиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Глобал яшил ўсиш институтининг экспертлари ва тажрибали мутахассислари ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.