Дунёда турли хавф-хатар ва таҳдидлар, қуролли можаролар ва тўқнашувлар кучайиб бораётган бугунги кунда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматчиларнинг миллий ва жанговар руҳини янада ошириш, ахлоқий-руҳий тайёргарлигини мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан биридир.
Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур.
Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси, филология фанлари номзоди, доцент Олимжон Ўсаров ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуроновнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси учун тайёрлаган мусоҳабаси бу йўналишдаги ишларни янги сифат босқичига олиб чиқиш ва истиқболдаги вазифаларга бағишланди.
Олимжон ЎСАРОВ: — Ҳар йилнинг январь ойи халқимизда бир улуғ кўтаринкилик, руҳан тетиклик билан бошланади. 2025 йил ҳам шундай шукуҳли келди. Ҳаммамиз, касбимиздан қатъи назар, бирбиримизни 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни билан табрикладик. Бирбиримизга ижтимоий тармоқлардан табрикномалар йўлладик. Уларда ҳаммамизнинг жону жаҳонимиз — Ўзбекистонимизга муҳаббатимизни изҳор қилдик, бўлишдик. Бу бежиз эмас. Биз ватанпарвар, қаҳрамон боболарнинг авлодимиз. Азалдан халқ раҳнамолари ёшларни Ватанга садоқатли бўлишга даъват қилиб келган. Ҳар бир замон, давр улардан бунинг тасдиғини, намойишини кутган, кўрган. Ёшларга Ватанга садоқатнинг нелиги, маъноси тушунтирилган. Достонларда куйлаб қалбларга садоқат қуйилган. Маънавий қуроллантирилган. Бу эса бугунги кун учун энг зарур фазилатларнинг ёшлар хулқига кўчишига хизмат қилган. Мана шу анъана янги тусда, замон билан ҳамқадамлигини кўриб, ичдан суюниб яшаяпмиз. Бунинг боиси, ёшларимиз, ҳарбий хизматчиларимиз сўзларидаги, сиймосидаги, ниятидаги, хулқидаги садоқатдан хотиржаммиз. Лекин садоқат ҳам парвариш қилиб, кучайтириб турилиши зарур. Шундай эмасми?
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ: — Садоқат — маънавий ҳодиса. У ўзидан ўзи пайдо бўлмаган, бўлмайди. Шунинг учун азалдан отабоболаримиз мақол, эртак, достон тўқиб, куйга солиб, айтиб, садоқат урфини ёшларга ўргатиб келган. Садоқат ўзлик ё бегоналик масаласи. У кетса, ўрнини хиёнат эгаллайди. Доим шундай бўлган, ҳозир ҳам шундай. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарида қилган Мурожаатномасида “Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз...”, дея масъулиятга, сафарбарликка, Ватанга садоқатли бўлишга даъвати бунинг яққол мисолидир. Чунки бугун кечагидек ўйласак, ишласак, кечагидек яшайверамиз. Биз миллий юксалишнинг Янги Ўзбекис тон фазасига кирдик. Юксалиш тикланишдан кўра, кўп куч, энергияни талаб қилади. Чунки юксалиш — перпендикуляр ҳаракат.
Олимжон ЎСАРОВ: — Бундай пайтда “Биз бир оддий одам бўлсак, бизга қараб қолибдими? Бошқалар борку” деб ўзини четга олиб турувчилар ҳам бўлган. Бироқ бу юмшоқ қилиб айтганда, лоқайдлик, бефарқлик, бегоналик. Лоқайд қанча кўп бўлса, содиқ ватанпарварлар елкаси шунча кўпроқ қаваради. Биз мураббийлар бунга йўл қўймаслигимиз керак. Ўзбекистон — 37 миллион ҳужайрадан иборат бир жону бир танли организм. Тарихимиз ҳам, тақдиримиз ҳам шу Ватанда — Ўзбекистонда. Унга бир фарзанд бўлиб, қиладиган хизматимиз қандай, қанча бўлиши ҳар биримизнинг Ватанга садоқатни бугун қандай тушунишимизга, унга қанчалик амал қилишимизга боғлиқ.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ: — Жуда топиб айтдингиз, Олимжон. Бир педагог сифатида мен ҳам бир саволга жавобни кўп ўйлайман. Ватанга садоқат нимада кўринади? Дилдами, тилдами, қўлдами, ишдами? Бу саволга ҳар бир йигитқизимизнинг ўз, шахсий, кескир жавоби бўлиши керак. Бошқача қилиб айтганда, садоқатни кинофильм, спектакль, китоб, қўшиқлардан ҳаётга олиб чиқишимиз керак. Токи тўрт томонимизда Ватаним деб ўз соҳасида шижоат кўрсатаётган миллионлаб йигитқизларни кўрайлик. Акс ҳолда, садоқат дилда ё тилда қолиб кетиши мумкин.
Олимжон ЎСАРОВ: — Ватанга содиқлик — фазилат. Ватанга садоқат бугун биздан нималарни талаб қиляпти? Меҳр ва сафарбарликни, амалий ишларни. Президентимиз ибораси билан айтганда, “Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур тушуниб, англаб олишимиз керак: бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли ҳақида бормоқда. Шундай улуғ мақсадлар йўлида барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак”.
Ватанга садоқат деганимизда кўҳна тарих, соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, жадид боболаримиз, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, улардан сўнг мустақиллигимиз ҳимоячиларининг жасоратлари гавдаланади. Чунки улар ўз замонаси даъватидан келиб чиқиб, Президентимиз айтганидек, “Бор ақл-заковати, билим ва тажрибасини, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳри ва садоқатини сафарбар этишган”. Бугун дунё миқёсида турли хавфхатарлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётган ўта мураккаб вазият биздан садоқатнинг маъносини бугунги кун шиддатидан келиб чиқиб тушунишни талаб қилмоқда. Бу биздан Ватанга садоқатни эртага, келажакда эмас, бугун кўрсатишни талаб этмоқда.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ: — Бунинг учун “сафарбар садоқат”нинг бугунги талаблари қандай? Бугун Ватанга содиқ инсон қандай бўлиши керак? Ватан биздек ўғилқизларидан ёлчиши учун биз амалда нималарни қилишимиз, нималардан тийилишимиз керак? Ёки нега байроғимизни, ундаги мовий ранг — садоқат тимсолини бошимиздан ҳам баланд тутамиз, деган саволларга шахсий жавобларимиз бўлиши лозим.
Масалага илмий ёндашмасак, садоқат баландпарвоз сўзга айланади. Адашамиз. Чунки илм — холислик дегани. Садоқат нима? Илмий адабиётларда унга — одамнинг қудрати, унга таъсир қиладиган воқеа, ташқи ёки ички омиллар, алдовлар қаршилигига дош берувчи, тобланган ички “умуртқаси” кучининг намоён бўлиши; одамнинг ўзи айтаётган сўзлари, позицияси, ёндашуви ҳақлигига қаттиқ ишониш, дейилади.
Садоқат одамнинг Ватани, унга ишонган, унинг севган кишилари олдидаги бурчини анг лашидан келиб чиқувчи фидойилиги, жавонмардлиги. Унинг маъноси “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да дўстлик, бирдамлик, самимийлик; чин қалбдан берилганлик; содиқлик, вафодорлик деган садоқатга “қариндош” сўзларда очиб берилган. Демак, бу сўзлар, уларнинг маънолари (маънавияти)ни ҳар бир ҳарбий хизматчи қалбига жо қилиб олиши керак. Ана шунда у нафақат жисмоний кучга, балки қудратли маънавий кучга эга бўлади.
Олимжон ЎСАРОВ: — Дарвоқе, дунё таж рибасига қарасак, ҳарбий соҳада икки йўналишда доимий тайёргарликка эришиш уқтириб келинганини кўрамиз. Булар Қуролли Кучларнинг маънавий ва жанговар тайёргарлиги. Масалан, АҚШ Мудофаа вазирлигига қарашли Қуролли Кучлар мактаби томонидан чоп қилинган ҳужжатларда “Барча даражадаги армия раҳбарлари Америка халқининг ишончини қозониш ва хизмат қилиш учун юқори ахлоқиймаънавий стандартларни ишлаб чиқиш ва сақлаш учун жавобгардир” деб қайд қилинган. Унга кўра, АҚШ Қуролли Кучларининг маънавийруҳий такомилига сабаб ҳарбий хизматчилар маънавийруҳий камолотини янада такомиллаштиришга қаратилган илмий тадқиқот фаолиятининг самарали йўлга қўйилгани билан изоҳланади.
Маънавий тайёргарлик немис армиясида ҳам устувор саналади. Германия армияси хизматчилари 14 та маънавийахлоқий тамойилга амал қилади. Бу тамойилларнинг биринчиси — Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, деб белгиланган. Немис ёшлари орасида ҳарбий хизматга қизиқишни ошириш, бўлажак ҳарбий хизматчиларни танлаш, тайёрлаш бўйича маънавийахлоқий талаблар белгиланган. Буюк Британия ҳарбий раҳбарияти томонидан оммавий ахборот воситаларида тарғиботни кучайтириш орқали жанговар руҳни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ: — Бу фикрингиз менга генераллар орасида ўзаро айтиб юриладиган бир ҳарбий мақолни эслатди. Унда “Жанговар тайёргарлик муҳим. Лекин ўқни қаёққа қараб отишни аскарга мафкуравий тайёргарлик кўрсатади”, дейилади. Шунинг учун ватанпарварлик мафкурасини миллий даражага кўтаришда тарбия илми, педагогикадан унумли фойдаланиляпти. Масалан, Хитой педагогикасининг асосий ғояси миллий ватанпарварлик тарбияси билан боғлиқ.
Хитой педагогик матбуоти материалларида “Ватанпарварлик — бу хитойликларнинг энг яхши анъанаси ва миллий фазилати” деган ғоя сингдириб келинмоқда.
Олимжон ЎСАРОВ: — Ватанга садоқат — синов. Унинг синовларидан ўтиш осон эмас. Садоқат — одамдаги кучли маънавиятнинг кучли характери борлигининг белгиси. Шунинг учун ҳам ҳарбий хизматчиларнинг нафақат жисмоний, балки маънавий шай бўлишининг аҳамияти ўта муҳим.
Чунки садоқат — маънавият масаласи. У одамнинг Ватан олдидаги ўз бурчларини билишига, тушунишига, англашига қурилади. Бурчни оқлаш эса осон эмас. У қийинчиликлардан чекинмасликни, тоймасликни, қайтмасликни, уларни мардона, чидам билан бартараф қилишни, ўзини қийнашни талаб қилади. Ҳаётда учрайдиган чалғитувчи манфаат, енгиллик, макралдовларга учмасликни, қанча қийин бўлмасин, унга ишониб, топширилган ишончни оқлаб, натижага эришишни, матонатли бўлишга ундайди.
Садоқат ишонч устига қурилади. Ишонч эса ишонтиришнинг натижаси. Ана шунда қаттиқ ишонч катта садоқатни талаб қилади. Уни оқлаш учун одамдаги барча яхши фазилатлар оёққа туради, ишга тушади. Садоқат эгасининг юзини ёруғ қилади. Бундан одамнинг ўзига ишончи, ҳурмати ортади. Одамлар олдида тутган ўрни, қадрқиммати мустаҳкамланади. Ундан рози одамларнинг ҳурмати, дўстлиги, муҳаббати ошади. Бу эса ҳар бир инсоннинг орзуси, шундай эмасми?
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ: — Жуда тўғри айтдингиз. Ҳар биримизда Ватанга садоқатнинг у ёки бу даражаси бор. Гап ана шу садоқатни англаб, ўзига ўзи юқоридаги саволларни бериб, ошириб, ўзини ҳар куни, ўз иш жойида, постида сафарбар этишда. Барча соҳаларда Ватанга садоқатни намоён қилиш учун имкониятлар кўп. Аммо айрим ёшларимиз буни кундалик ҳаётда қандай намоён қилишни билишмайди. Улар ватанпарварлик қандайдир фавқулоддаги вазиятларда намоён бўлади деб ўйлашади. Куч, ғайрати бор, аммо уни қаерга сарфлашни билмайдиган кишидек. Бу савол нафақат бизнинг, балки дунёнинг кўпчилик ёшларида бор. Демак, қайси мамлакат ёшларида мана шу ғайрат, пок ният билим, маънавият билан бойитилса, мақсадга йўналтирилса, ўша тез ривожланар экан.
Олимжон ЎСАРОВ: — Ўқитувчи-мураббийлар, сержантларнинг Ватанга садоқати бош жиҳати “ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга садоқат туйғусини сингдириш”да экани очиб берилди. “Бунга тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан” эришилиши аниқлаб берилди. Гап шундаки, садоқатнинг зидди — хиёнат ҳам соҳавий хусусиятга эгада.
Президентимизнинг “Биз қандай маррага эришмоқчи бўлсак, унга фақат она юртимизга меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик билан эришамиз”, деган фикрида садоқатнинг умумий ва хусусий, соҳавий моҳияти очиб берилган. Демак, бугун биздан меҳнатда, ўз касбий бурчига садоқат талаб этилмоқда. Бу ҳар биримизга ҳар куни берилаётган имконият. Масалан, спортчи ёшларимизнинг Ватанга садоқати уларнинг ғалабаларида намоён бўлаётир. Айни вақтда уларнинг ғалабалари ёшларимизга ибрат бўлиб, уларда Ватанга садоқатни тарбияламоқда.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ: — Инсоният тарихи садоқат нафақат кучли, қудратли жинс — эркакларга, балки аёлларга ҳам хослигини кўп кўрган. Маънавияти кучли аёллар азалдан садоқат рамзи бўлиб келган. Биз оиламиз чароғонлиги, хотиржамлиги хотинқизларимизнинг ҳар кунлик садоқатидан эканига ўрганиб қолганмиз. Лекин кези келганда, садоқат бурчи аёлни филдай кучли қилар экан. Буни қадимий ривоятлар ҳам тасдиқлайди. Мана улардан бири:
“Бир шаҳарни ёв босиб, ҳаммани асир қилади. Душман лашкарбошиси шаҳар аҳлини бир майдонга тўплаб: “Мен хотин-қизларни асирликдан озод қилмоқчиман. Эртага тонгда хотин-қизлар ўзлари кўтара олгунича нарсаларини олиб, чиқиб кетсин”, дейди.
Тонгда лашкарбоши шаҳар дарвозаси олдига келади. Манзарани кўриб, ларзага тушади. Чунки шаҳар дарвозасидан момолар, аёллар, ўсмир қизлар ўзларининг нозик елкаларида ота, ака-укаларини, севган ёрларини, ўғилларини орқалаб чиқиб кетарди. Хотинқизларнинг садоқати туфайли шаҳарда битта ҳам асир қолмайди”.
Олимжон ЎСАРОВ: — Қалбларни ларзага соладиган мисол экан. Одам қийин вазиятда қолса, уч йўлдан бирини тутади. Бурчига содиқ қолиб, курашиб муаммони ҳал қилиш, индамай ташлаб қўйиш, муаммодан қочиш. Ана шу лаҳзаларда шайтон хиёнатга адвокатлик қилади. Ношукрликка, ўз зиммасига олган бурчини, масъулиятини адо этишдан қочишга аврайди. Ана шунда дарсни сифатсиз ўтиш, таъмирни номига қилиш, ишга кеч келиб, эрта кетиш, ўзи қўл қўйган шартнома шартларини бузиш, солиқдан қочиш, тарозидан уриб қолиш, жиноятни яшириш, қарз олиб кеч қайтариш ёки умуман қайтариб бермаслик, ёлғон ҳисобот бериш, туманда ҳал бўладиган ишни ҳал қилмаслик, мансабини суиистеъмол қилиш, кўзбўямачилик, соғни бемор, беморни соғ деб маълумот бериш каби ҳолатлар учраши мумкин. Ана шунда устозлик, қурувчилик, ходимлик, ҳамкорлик, дўстлик, хизмат бурчи, касбий, функционал вазифа, хизмат кўрсатиш соҳаларида билдирилган ишончлар оқланмай қолади. Бундай ҳолатлар миллий юксалишимизга каттакичик тўсиқларни пайдо қилади.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ: — Одам болаликдан кичиккичик садоқат-хиёнатларни кўриб улғаяди. Масалан, ота ё она боласига бирор нарсани ваъда бериб, бажармайди. Бир гапни ўз вақтида айтиш керак — айтилмайди, эртароқ келиш керак — кеч келинади. Вақтида кетиш керак — эртароқ кетилади. Ўзини қийнаши керак — қийнамайди. Ўзи қилиши керак бўлган ишни — бировга “Қараб қўй!”, дейди. “Нега бундай қилдингиз?”, десангиз, “Биринчи мартаку. Нима қилибди? Ўзингиз шундай дегандек бўлувдингизку! Озгинаку. Ўтиб кетадику. Ҳамма шундай қиладику. Ҳеч ким сезмадику”, деб оқланади. Булар — хиёнатнинг юмшоқроқ, бошқа сўзлар билан “оқланадиган” кўринишлари, симптом сигналлари. Бундай муҳитда масъулиятсизлик, оғирнинг остидан, енгилнинг устидан юриш айб саналмай қолади.
Олимжон ЎСАРОВ: — Хиёнат туғма иллат эмас, номаъқул тарбия маҳсули. Ўз вақтида ота-она, устозларнинг болаларни сўз билан иш бирлигига, масъулият, садоқатга одатлантирмаганининг оқибати. Нима қилмоқ керак? Яна, яна ва яна маънавият, яна тарбия. Ҳар бир болада Ватанга садоқатнинг ёшига мос табақалашган даражасини кафолатли таъминлаб боришимиз керак. Тарбия масаласида ота билан онанинг дили, тили бир бўлиши керак. Баъзида ота “йўқ”, деб, она “хўп”, дейди. Бола бир муаммонинг икки хил ечими бўлиши мумкинлигини кўриб, ҳайрон бўлади. Оталар кўпинча меҳнатли роҳатни, оналар — меҳнатсиз роҳатни таклиф қилади. Бола ўн марта мақсадга меҳнат қилиб эришса, тўғриликка, ўн марта меҳнатсиз эришсачи? Тайёрга айёрликка ўрганади. Ундан ёлғонга, мунофиқликка, кўзбўямачиликка йўл очилади. Ёзувчи К.Чуковскийнинг “Иккидан бешгача” асарида инсондаги зукколик ва ҳушёрлик, иқтидор ва уддабуронлик ёхуд ёлғончилик ва айёрликнинг аксарияти болалар 26 ёшдалик давридаёқ тўла шаклланиши ва намоён бўлиши исботланган.
Садоқат миллий қаҳрамонларимизнинг бош фазилати бўлган. Садоқат бегоналардан умид қилинмайди. Дўстлардан, фарзандлардан, шогирдлардан кутилади. Қаранг, шунинг учун ўзбек боласига Содиқ, Сиддиқ, Садоқат, Сиддиқа, Муҳаммадсодиқ деган исмлар қўяди. Халқ шоири Эркин Воҳидов садоқатни “Ўғлон оқил, мард бўлгин, мардлик — элга садоқат”, яъни оқиллик ва мардликнинг йиғиндиси деган эди.