4 та вилоятда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси фош этилди

    Фарғона, Хоразм, Сурхондарё ва Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди.

    Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

    Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бувайда тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро М.Х. инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи 6 дона “Тропикамид” ва 14 дона “Прегабалин” номли дори воситаларини фуқаро А.А.га 2 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

    Шунингдек, Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.М. фуқаро М.Х.га 468 та капсула кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 1,5 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

    Департаментнинг Олтинсой туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Х.-Н.” хусусий корхонасига қарашли дорихона сотувчиси Х.М. харидорга кирим ҳужжатлари бўлмаган 250 дона “BENZONAL” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 750 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

    Шу каби, Департаментнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими, ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “G.P.“ МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси М.С. харидорга шифокор рецептисиз таркибида кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 3 қути “BENZONAL” номли дори воситасини сотган вақтида ушланиб, ушбу дорихонадан 170 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

    Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.