Унда асосий эътибор STEAM таълим дастури асосида дарсликни халқаро стандартларга мослаштиришга қаратилди.
5-синф «География (Табиий география бошланғич курси)» дарслигидаги ўзгаришларни китобни қўлга олган заҳоти сезиш мумкин. Дарсликнинг муқовасидан тортиб мавзулардаги кўплаб иллюстрацияларгача замонавий расмлар билан алмаштирилган.
Аввалги дарсликка нисбатан назарий мавзулар сони 8 та камайди ва амалий мавзулар сони 8 тага ортди.
Географик кашфиётлар ва ҳозирги замон географияси, жой баландлиги, табиат зоналари географик координаталар каби янги мавзулар киритилди.
Асосий эътибор ўқувчиларни олган билим, кўникма ва малакаларини амалда қўллай олишларига қаратилди. Жумладан, дарслик уфқ томонларини жойда туриб, юлдузлар ва қуёшга қараб аниқлаш, азимутни компас ёрдамида аниқлаш, берилган координаталарга қараб харитадан географик объектларни топиш, ҳаво ҳарорати ва босими, ҳавонинг суткалик, ойлик ва йиллик амплитудасини, шамолнинг йўналиши ва кучини аниқлаш, ҳаво намлиги ва намланиш даражасини ҳисоблай олиш каби амалий кўникмаларни шакллантиради.
Ҳар бир мавзу якунида бериладиган савол ва топшириқлар қисмида PISA, TIMSS халқаро баҳолаш тадқиқотларга асосланган амалий топшириқлар киритилди.
Шунингдек, дарсликка фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш ҳамда атрофдагиларга ўз вақтида ёрдам беришдан иборат «Ҳаёт хавфсизлиги асослари» курси сингдирилди.
Ушбу дарслик миллийлик ва замонавийликни бир вақтнинг ўзида мужассамлаштирганлигини унга танланган дизайн ва иллюстрациялар, қаҳрамонлар мисолида кўриш мумкин. Дарсликда қизиқарли маълумотлар «Лайлаквой», савол ва топшириқлар «Сайёҳ», таянч сўз ва тушунчалар эса ўқувчи қиз номидан берилади. Бу эса, албатта, ўқувчиларнинг қизиқишини янада оширади.
Шу билан биргаликда дарсликдаги 17 та мавзуга QR-код белгилари ўрнатилган бўлиб, уларни сканерлаш орқали мавзуга оид маълумотлар, мультимедиа материалларини юклаб олиб, фойдаланиш мумкин.
Дарсликдаги ўлчам бирликлари номи ва белгиланиши халқаро ўлчамлар тизими (SI) га мувофиқлаштирилди. Масалан, аввалги нашрдаги «sm» ўрнига «cm», «50%» эмас «50 %» , «gr» ўрнига «g» белгиси, «mm sim. ust» эса «mm Hg» билан алмаштирилди.