55 мактаб тажрибаси қайси жиҳати билан эътиборни тортмоқда?

    Президентимиз водий вилоятларига ташрифи чоғида Андижон туманидаги 55-мактабда ҳам бўлди. Мактабда ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш борасида йўлга қўйилган янги тажриба билан яқиндан танишди.

    Фаолиятни такомиллаштириш бўйича зарур тавсия ва топшириқлар берди. Бу масалага давлатимиз раҳбари даражасида эътибор қаратилаётганининг, албатта, асосли сабаблари бор. Муайян касб-ҳунарни эгаллаган инсон ҳаётда ўрнини топишда қийналмайди, ўзгалар кўмагига муҳтож бўлмайди, демакки, давлатга боқимандалик билан яшамайди. Қолаверса, бугунги шиддатли даврда ёшларнинг замонавий билим олиши ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни пухта эгаллаши ҳаётий зарурат сифатида намоён бўлмоқда.

    Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида шундай деди: “Таълим соҳасидаги навбатдаги муҳим йўналиш, бу — ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат.

    Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ҳаммамизни ўйлантириши керак. Шу боис, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарур”.

    Ана шу вазифаларнинг ижросига йўналтирилган янги тажриба ташриф чоғида Президентимиз эътиборига ҳавола этилди. Андижон туманининг чекка ҳудудида — кенг адирлик ёқасида жойлашган бу мактаб 2019 йилда аввалги коллеж ўрнида ташкил этилган. Муассасада болаларнинг замонавий билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун зарур барча шарт-шароит яратилган. Айни пайтда бу таълим масканида 36 нафар юқори малакали педагог 604 нафар ўғил-қизга таълим бермоқда.

    Мактабнинг бўш турган 14 та хонаси тадбиркорларга ноль қийматда берилди ва бу ерда касбга ўргатиш устахоналари ташкил этилди. Зарур жиҳоз, ускуналар билан таъминланган хоналарда битирувчи синф ўқувчилари дарсдан сўнг гуруҳларга ажратилган ҳолда 8 йўналиш бўйича касб-ҳунар ўрганмоқда. Қандолатчилик, пазандалик, новвойлик, пойабзал тикувчи ва таъмирловчи, касаначилик (кўрпа-тўшак қавиш), тикувчилик, мебeлсозлик, сават тўқиш каби йўналишларда ўқувчиларга ҳунар ўргатиш йўлга қўйилгани болаларнинг мактабни тамомлаётган пайтда “қайси соҳани эгалласам экан”, деган савол қаршисида иккиланмаслиги, муайян касб-ҳунарни пухта ўрганишига замин тайёрламоқда.

    — Қишлоғимиз болалари зийрак, интилувчан, — дейди мактаб директори Мавлуда Расулова. — Уларни касбга қизиқтириш унчалик қийин бўлмади. Айниқса, ҳунар ўрганиш билан бирга даромадга эга бўлиши, оила аъзоларига кўмак бериши, топган маблағини илм олиш учун сарфлаши мумкинлигини тушунган ўғил-қизлар ўз хоҳиши ва қизиқиши билан ҳунар ўрганишга чоғланди. Дастлабки бир ҳафтанинг ўзида қизларимиз 60 та кўрпа-тўшак қавиб, сотувга чиқаргани ҳам болаларнинг ҳунар ўрганишга иштиёқидан дарак беради. Тадбиркорлар ўқувчиларга иш ҳақи тўлайди. Кунига 50 минг сўмгача пул олаётган ўқувчининг бир ойлик даромади 1-1,5 миллион сўмни ташкил этяпти.

    Устоз-шогирд анъанаси асосида ташкил этилган машғулотларга ишлаб чиқариш таълими усталари соатбай асосида жалб этилган. Улар ўқувчиларга ҳунар ўргатиш баробарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажмини ошириш, қўшимча даромад топишга ҳам эришмоқда. Тайёр маҳсулот — тадбиркорга, ҳунар ўрганиши баробарида топаётган маблағи эса ўқувчига фойда.

    — Қандолатчилик цехида ишлайман, — дейди ишлаб чиқариш таълими устаси Фотима Рўзиева. — Ҳолва тайёрлаш ортидан ойига 4-5 миллион сўм даромад топаман. Бугун мактаб ўқувчиларига ҳолва тайёрлаш сирларини ўргатяпман. Улар жуда уқувли, қизиқувчан. Шогирдларим келгусида бу ишни мукаммал ўрганиши ва яхши ҳунарманд бўлишига ишонаман.

    Шу касб-ҳунар орқали келгусида оила фаровонлигига эришиш, қишлоқдошларини иш билан таъминлаш, агар хорижий тилни ҳам ўрганса, чет мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаши мумкинлигини болалар яхши тушунади.

    — Болалигимдан ширинлик, айниқса, ҳолванинг тайёрланиши мен учун қизиқарли бўлган. Шу сабабли бу ҳунарни ўрганишга қарор қилдим, — дейди шу мактабнинг 10-синф ўқувчиси Муҳаммадали Абдуллаев. — Айни пайтда олий таълим муассасасига ўқишга киришга тайёргарлик кўряпман. Ўқиш билан бирга, қандолатчиликни ҳам давом эттирмоқчиман. Келгусида бу йўналишда тадбиркорликни йўлга қўйиб, маҳалладошларим, тенгқур дўстларимни иш билан таъминлаш ниятим бор.

    Яна бир яхши ташаббус йўлга қўйилмоқда. Вилоят ҳокимлиги томонидан мактабга ёндош ҳудудда 7 та кичик бино барпо этилмоқда. Уларда аёллар ва эркаклар сартарошлиги, автоэлектрик, сантехник каби бир неча фаолият йўлга қўйилади. Аҳолига хизмат кўрсатилади, мактаб ўқувчиларига касб-ҳунар ўргатилади.

    Юртимизда хорижий тилларни чуқур ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада ҳам бу ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай деди: “Ҳозирги очиқлик сиёсати, чет эл инвестициялари ва янги корхоналарнинг ортиб бораётгани ёшларимизни замонавий билимлар ва хорижий тилларни ўрганишга ундамоқда. Шу боис, мактаб ларга юқори малакали хорижий ўқитувчиларни олиб келишга мажбур бўляпмиз.

    Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча мактаб жамоаларига мурожаат қилмоқчиман.

    Жондан азиз болаларимиз мактабдан чет тилларни, касб-ҳунар ва компьютер саводхонлигини пухта ўрганиб чиқса, биласизларми, жамиятимиз қандай ўзгаради?

    Янги Ўзбекистонда мактаб жамоалари ва муаллимларининг масъулияти —

    айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади”.

    Жаҳон ҳамжамиятига интеграция жараёнида, дунё бозорига дадил ва фаол кириб борилаётган айни паллада хорижий тилни ўрганиш зарурати ҳар қачонгидан кўра ошмоқда.

    — Мактабимизда инглиз тили 1-синфдан ўқитилади, — дея изоҳлайди Мавлуда Расулова. — Президентимиз топшириғига биноан жорий йилдан бошлаб француз тилини ҳам ўқитиш йўлга қўйилмоқда. Яқин кунларда интеграциялашган ўқув режаси асосида француз тилини дарс жадвалига киритиш кўзда тутиляпти. Ҳозирча болалар ушбу тилни мактабимиз қошидаги тўгаракда ўрганмоқда. Француз тилини ўқитиш бўйича энг малакали ва камида 1-тоифали чет тили ўқитувчиларини жалб этиш режалаштирилган.

    Келгусида хорижий тилларни ўзлаштирган ўқувчилар бандлигини таъминлаш ҳам эътиборда. Улар ўқув ва логистика марказларида, хорижий компанияларда ишлаши учун шароит яратилади. Шунингдек, хорижий тил ўқитувчиларининг малакасини ошириш, биринчи чет тили бошқа тил бўлган мутахассислар учун бепул тайёрлов курслари ташкил этиш, ўқувчиларнинг иккинчи хорижий тилни 7-11 синф давомида А2 даражада ўзлаштиришига эришиш назарда тутилмоқда.

    — Президентимиз билан кўришганимда қаттиқ ҳаяжонландим. У кишининг нигоҳидан “Мен истаган таълимни болаларга бера оляпсизми?” деган саволни уқдим, — дейди мактаб директори. — Бугун давлатимиз раҳбари кутганидек таълим бера оляпмиз, дея олмайман. Бироқ шу учрашувдан сўнг жуда катта масъулият ҳиссини туйдим ва олдимга марра қўйдим. Ўқитувчилар билан астойдил ишлаймиз. Виждонан ишлашга, ҳар бир боланинг билимига, тақдирига бефарқ бўлмасликка интиламиз. Президентимиз кутган сифатли таълимни бериш учун бор кучимиз ва имкониятимиз даражасида ҳаракат қиламиз.

    Ҳа, бугунги ҳаракат эртага ўзининг ижобий натижасини беради. Ёруғ орзулар қанот ёзиб, оилалар фаровонлиги ва тўкислиги, эл-юрт ободлигига хизмат қилади. Осойишта ва обод манзилларни бугун илм олиш, касб-ҳунар эгаллашга иштиёқи баланд, уйғоқ фикрли ёшлар барпо этади.

    Рисолат Мадиева,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates