Охирги йилларда юртимиз бўйлаб дрон-шоуларни ўтказиш оммалашиб боряпти. Катта тадбирлар, байрам саналарида юзлаб, минглаб ўзи учар қурилмалар иштирокида кўрсатилаётган бундай томошалар одамларга қизиқ. Дрон номи билан танилган ихчамгина ўзи учар аппаратларнинг имкониятлари бошқа йўналишларда ҳам кишиларни ҳайратга солишда давом этмоқда. Ушбу қурилма бугунги кунда дунёни забт этиб бўлди ва ундан деярли барча соҳада фойдаланиш мумкин. Жаҳонга машҳур “Amazon” компанияси юкларни элтиб беришда дронлардан фойдаланаётган бўлса, Сингапурда, аллақачон, официант-дронлар пайдо бўлиб, мижозларга хизмат кўрсатяпти.
Дронларни асримизнинг энг замонавий қурилмаси, дейиш мумкин. Маълумотларга кўра, бундай қурилмалар тарихи 1782 йилда илк ҳаво шарининг осмонга кўтарилишига бориб тақалади. Биринчи ҳарбий дрон эса 1849 йилда Венецияда ишлатилган. XIX аср охирларига бориб Никола Тесла радио бошқарувли дронларни тақдим этди. 1933 йилда британиялик муҳандислар дронларнинг анча такомиллашган турини ишлаб чиқдилар ва ўтган аср давомида ушбу турдаги қурилмалардан асосан ҳарбий мақсадларда, махфий технология сифатида фойдаланилди.
Бизнинг асримизга келибгина квадрокоптерлар, яъни, инсонлар ҳам фойдалана оладиган ҳозирги кўринишдаги замонавий дронлар пайдо бўлиб, қисқа вақтда оммалашиб кетди. Вақт ўтгани сари масофадан бошқариладиган учар қурилмалар такомиллашиб, ҳажми кичрайиб бориши билан кўплаб давлатларда уларга қизиқиш ортди. Ҳозир дронларга харита тузувчи, ер остидаги коммуникацияларни мониторинг қилувчи, газ магистралларини текширувчи, сув ости объектлари, тўғонларни тадқиқ этувчи, чорва молларини кузатувчи каби вазифалар бемалол юклатиляпти.
Мамлакатимизда ҳам дронлардан фойдаланиш кўрсаткичи йил сайин ошиб боряпти. Бу юртимизда жадал кечаётган рақамлаштириш жараёнларининг бир қисмидир. Қолаверса, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 бараварга ошириш белгиланган. Юртимизда дрон қурилмаларидан фойдаланиш бўйича бир қатор вазифаларни амалга ошириб келаётган ташкилот ҳам бор. Кадастр агентлиги директори ўринбосари, “Геоинновация маркази” ДУК директори Абдушукур АБДУЛЛАЕВ билан мамлакатимизда дронлардан қандай мақсадларда фойдаланилаётгани ҳақида суҳбатлашдик.
— Учувчисиз учиш аппаратлари рақамли технологияларнинг энг замонавий шаклларидан биридир. Бундай қурилмалар кенг қамровли бўлиб, бир қанча турлари бор, аммо улар орасида энг машҳури дронлар ҳисобланади. Улар ҳам асосан 3 турга — коптер туридаги, самолёт туридаги ҳамда гибрид-VTOL турдаги қурилмаларга ажратилади. Буларнинг ҳар бири яна алоҳида турларга бўлинади. Вазифалари эса деярли ўхшаш бўлсада, ҳажм, дизайн жиҳатдан бир-биридан фарқланади.
Юртимиз ҳудудида асосан дронларнинг мультикоптер гуруҳига кирувчи квадрокоптер тури кенг тарқалган. Ихчам ҳажми, оператор бошқарувининг қулайлиги, оптималлашган конструкция ва дизайни, аэродинамик қаршиликни тўғри тақсимлаш каби қулайликлари боис аэротасвир ва турли видео кузатувлар олиш жараёнларида фойдаланилади. Қолаверса, саноатнинг кўп тармоқларида ҳам шу турдаги дронлар асқотади.
Мамлакатимизда учувчисиз, яъни масофадан бошқариладиган учиш қурилмалари (УУҚ)дан фойдаланиш 2014 йиллардан бошланган. Аммо уларнинг фаол кириб келиши 2016 йилга тўғри келади. 2018 йилда эса Президент қарори билан “Геоинновация маркази” ДУК ташкил этилиб, ушбу йўналишда бир қатор вазифалар юклатилди. Хусусан, иқтисодиёт тармоқларида УУҚни қўллаш ва улардан фойдаланиш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқиш, улар орқали олинган маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, шундай қурилмалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш шулар жумласидан. Бу ташкилот олдида дронларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва тармоқларда улардан фойдаланишни кенг оммалаштириш вазифаси турибди, дегани.
Юртимиз шароитида дронлардан асосан турли объектларда аэрофото суратга олиш, уларнинг чегараларини белгилаш ёки текшириб кўриш, топосуратлар ишлаб чиқиш, геодезия ва картография ишлари, кадастр соҳасида, кино ва видеотасвирга олиш, ерлар ва экин ер майдонларини мониторинг қилиш каби йўналишларда кенг фойдаланиляпти. Ўтган йилдан бошлаб марказимизга тепловизорли дронлар олиб келинди. Эндиликда, улар ёрдамида иссиқлик объектлари, айниқса, теплоэлектростанция (ТЭС)ларда йирик иситиш қозонлари, шунингдек, иссиқхоналар ва уларнинг туташ ҳудудларида иссиқлик фонини кузатиш, бу объектларнинг иссиқлик хариталарини ишлаб чиқиш ва шу орқали иссиқлик йўқотишларини аниқлаш бўйича тезкор маълумотларни олиш, профилактика ишларини амалга ошириш имконияти яратилди.
Дронлардан, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг фойдаланяпмиз. Чунки дала майдонларида экинлар ҳолатини текшириб туриш, зарур дори воситаларини ерга сепиш ва бошқа жараёнларни тезкор ҳамда аниқ амалга оширишда дронларни қўллаш анча қулай. Улар ёрдамида ерларни ўғитлаш ёки дорилашнинг самарадорлиги юқори бўлиб, дала майдони ва маҳсулотга зиён етмайди. Экология ҳамда инсон саломатлиги учун ҳам зарарсиз.
Соҳада дронлардан фойдаланишга қаратилган лойиҳаларни кўпайтиришдан мақсад ҳам шу. Масалан, 2021 йилда юртимизда илк бор қишлоқ хўжалиги фаолиятини замонавий дрон технологиялари асосида рақамлаштириш илмий-амалий лойиҳаси бошланган эди. Жараёнда турли ҳудудларда тажриба-синов ишлари муваффақиятли олиб борилди. Синов давомида бир дона ўзи учар дрон қурилмаси белгиланган майдонларда кузатув ишларини атиги 6 дақиқада якунлаганига гувоҳ бўлдик. Қолаверса, лойиҳа доирасида дрон технологиялари орқали қишлоқ хўжалигида мавжуд муаммолар ўрганилиб, шудгор қилинган ерлардаги тупроқнинг унумдорлиги, ғалла майдонлари, боғдорчиликда мавжуд турли хил касалликлар, зараркунанда ҳашоратлар аниқланиб, улар тўғрисида маълумотлар базаси яратилди. Дронлар орқали олинган ва қайд қилинган амалий маълумотлар компьютер дастурлари ёрдамида қайта ишланиб, улар асосида зарурий ечимлар қабул қилинмоқда. Авваллари дала майдонлари ҳолатини кузатиш ва мониторинг қилиш ишларига бир неча киши жалб қилиниб, жараёнлар кунлаб давом этган бўлса, ҳозир дрон аппаратлари ёрдамида ортиқча вақт ва ишчи кучи тежаб қолиняпти, шу билан бирга молиявий харажатларни жиддий камайтиришга эришилади.
Умуман, дронлардан исталган соҳада фойдаланиш мумкин, фақат тегишли тартиб ва талабларга риоя этган ҳолда. Гап шундаки, 2021 йил 31 августда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган низомда ушбу турдаги қурилмалардан фойдаланиш ва рўйхатдан ўтиш қоидалари келтирилган. Шунга кўра, ҳозир юртимиз бўйлаб 20 дан ортиқ ташкилот учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланиш рухсатномасига эга ва улар қонуний равишда парвозларни амалга ошириб келмоқда. Аммо жисмоний шахслар дронлардан фойдала олмайди ва уларга учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш, мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш ва сақлаш қонун билан тақиқланган.
— Ўзингиз ҳам айтганингиздек, юртимизда дронлардан фойдаланишга оид чекловлар мавжуд. Илғор технологиялар шиддат билан ривожланаётган асримизда бу қанчалик тўғри ва чекловлар мамлакатимизда учувчисиз учиш аппаратлари саноатини тўлақонли шакллантиришга тўсқинлик қилмайдими?
— Аввало, бундай чекловлар нафақат бизда, балки дунёнинг кўплаб давлатларида мавжуд. Чунки дронлар хавфсиз техникалар қаторига кирсада, смартфон каби оддий ўйинчоқ эмас. Уларнинг оғирлиги 250 граммдан оғирроқ бўлса бас, давлат рўйхатидан ўтиши керак. Қолаверса, учувчисиз учиш аппаратларининг имкониятлари ниҳоятда кенг ва ундан турли мақсадларда фойдаланиш мумкин. Шу боис, дунё бўйича уларни қўллашга оид белгиланган тартиб ва талаблар бор.
Ўзимиздаги талабларга келадиган бўлсак, дронлардан нафақат фойдаланиш, балки уларни ва уларнинг бутловчи қисмларини юртимиз ҳудудига олиб кириш бўйича ҳам чекловлар ўрнатилган. Ҳатто, бундай қурилмаларни транспорт воситаларида ташиш, муддатидан қатъий назар давомли сақлашда қатъий белгиланган талаблар мавжуд. Бу эса бир қанча сабаблар билан боғлиқ.
Биринчи навбатда, аҳоли ва атроф-муҳит хавфсизлиги масаласи. Оддий мисол, оғирлиги бир неча грамм бўлган кичик бир парча қурилма кўчада турган автомобилга келиб урилса, унинг кузовига деформация келтириб чиқаради, агар олд ёки орқа ойнасига урилса, уларни парчалаб ташлайди. Лекин профессионал дронлар бир неча грамм бўлмайди, балки килограммларда ўлчанадиган оғирликка эга. Уларнинг ногаҳон қулаб тушиши ёки бошқарувни йўқотиши худди шу мисолда келтирилганидек, катта инерциал қувватга эга бўлиб, контакт зарбаси оғир ва ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу сабабдан дронлардан мақсадли фойдаланиш, уларнинг бошқаруви ушбу борада тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассислар томонидан амалга оширилиши лозимлиги қонунчилигимизда қатъий белгилаб қўйилган.
Кўпчиликка маълум, ҳозир қатор давлатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам электроскутерлар оммалашиб боряпти. Улардан кўчаларнинг четларида, парковкаларда фойдаланиш йўлга қўйиляпти. Лекин уларнинг етарлича хавфсиз эмаслиги боис, бир қанча мамлакатлар, хусусан, электроскутерлардан энг кўп фойдаланиладиган Францияда ҳам уларга чекловлар ўрнатила бошлади. Бунга сабаб қилиб кўчаларда электроскутерлар пиёдаларнинг юришига халақит бераётгани, айрим ҳолларда тўқнашув ҳолатлари кузатилаётгани, бу эса фуқароларни ташвишга солаётгани этиб кўрсатилмоқда. Энди фараз қилайлик, юриш йўлаклари алоҳида ранг ва белгиларда кўрсатилган электроскутерларда шундай масалалар кузатилаётган бўлса, фазовий ҳаракатланадиган дронлар қандай тўқнашув ва нохуш (балки фожиали) ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Қолаверса, дронларнинг учиш мумкин бўлмаган жойларда учиш хавфи ҳам мавжуд. Шу боис, улардан ҳимояланиш тартиби бўйича мамлакатимизда тегишли орган вакиллари ўз фаолиятини олиб боради. Шунингдек, УУҚлар учиш зонаси, аэропортлар ва уларнинг атрофида тақиқ тизими қўйилган. Учиш мумкин бўлмаган бошқа жойларда эса антидронлар орқали ҳимояланиш тизими мавжуд.
— Марказдаги “дронлар парки” ҳам ҳимоя тизими вазифасини ўтайдими ёки бошқа мақсадларга қаратилганми? Умуман, ушбу парк нима учун керак?
— Ҳозир “Геоинновация маркази”да мингга яқин турли хил вазифаларни бажарувчи дронлар мавжуд бўлса, шундан 9-10 таси “дронлар парки” линейкасига жойлаштирилган. Бу ерда турли хилдаги дронларни ўрганиш, таҳлил қилиш, кўрикдан ўтказиш ва маҳаллийлаштириш ишлари олиб борилади. Айни пайтда майдончамизда 4 парракли квадрокоптер Рhantom 4 pro, matrice 30T, 6 парракли гексакоптер, қўтарилиши ва қўниши вертикал, учиши эса самолёт режимидаги гибрид, водород ёқилғисидаги Hydrogen, суспензия сепадиган Swift дронлар бор. Дрон-шоу тадбирлари учун мўлжалланган микро дронлар комплекси ҳам шу ерда.
Айтиш жоизки, дрон-шоуларни ўтказиш Марказий Осиёда биринчи бўлиб Ўзбекистонда, 2018 йилдан бошланган. Ҳозирги кунга келиб эса анча оммалашиб боряпти. Одатда “Дрон-шоу” тадбирларини ўтказиш учун минимум 250 дона, максимум 850 дона микро дронлардан фойдаланамиз. Жорий йил бошидан буён 8 маротаба ана шундай шоуларни ўтказдик. Ҳозир бизда мавжуд дронларнинг энг кичик вазни 450 граммни, энг оғири эса 7-8 килограммни ташкил қилади. Фермер хўжалиги ерларини ўғитлашда ишлатиладиган “Swift” ва водород ёрдамида ҳаракатланувчи “Hydrogen” бундан мустасно.
Ушбу аппаратларнинг имкониятлари ҳам турлича. Яъни, дронлар моделига кўра такомиллашиб бораверади. Энг замонавий ўзи учар қурилмалар, одатда, автоматик учиш ва қўниш, белгиланган нуқталарни учиб ўтиш, мўлжал олишни интеллектуал бошқариш, парвоз нуқтасига қайтиш, чекланган жойлар тўғрисида огоҳлантириш каби функцияларга эга. Улар “Android” ва “iOS” операцион тизимларини қўллаб-қувватлайди, “Глонасс” ва “GPS” навигация тизимида ишлайди. Юртимизда фойдаланиладиган дронлар вазифасига кўра 20 дақиқадан 2,5 соатгача, жойлашувига қараб 30 километр масофага парвозни амалга оширади.
Бундай замонавий қурилмаларни бошқариш, амалиётда фойдаланиш осон эмас. Бунинг учун зарур билимларга эга мутахассислар зарур. Шу боис, марказ томонидан ўтган йили учувчисиз учиш қурилмаларини бошқариш бўйича жами 255 та бошқарувчи оператор ўқитилди. Улар замонавий қурилмаларни ўрганиб, иш жараёнида фаол қўллаяпти. Қолаверса, корхона мутахассислари томонидан дронларнинг аккумулятор батареяларини совуқ мавсумда иситиб берадиган “транспорт қутиси”, аппарат компасини завод ҳолатиги қайтарадиган қурилма яратилди. “Транспорт қутиси” учувчисиз учиш аппаратлари тўғрисидаги барча маълумотларни бериб бориш вазифасини ҳам бажаради. Яъни, дрон қайси баландликда, қаерда, қачон учаётгани ҳақидаги хабарларни беради. Ҳатто, УУҚ фавқулодда ҳолатга тушиб қолганда ҳам “транспорт қутиси”дан фойдаланиш ва маълумотларни олиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, у самолётда бўладиган “қора қути” вазифасини бажаради.
Марказдаги дронлар ҳар 3 ойда техник кўрикдан ўтказилади. Қурилмаларда асосан ташқи корпус шикастланиши, камера тизими, электро двигателлар билан боғлиқ носозликлар носозликлар кўп учрайди. Шундай ҳолларда дарҳол мутахассислар томонидан тузатиш ишлари олиб борилади.
— Дрон қурилмаларини юртимизда ҳам ишлаб чиқариш бошланган. Бу борада бир қанча лойиҳалар борлигидан хабардормиз. Аммо нима учундир маҳаллийлаштириш жараёнлари ҳамон сустдек?
— Очиғи, дронлар оддий ва осон структурали қурилма эмас. Унинг мураккаб механизми узоқ муддатли тадқиқот ишларини олиб боришни талаб этади. Қолаверса, ушбу аппаратларда аниқлик энг асосий жиҳат бўлгани боис, уни тезкорлик билан ишлаб чиқариш ярамайди. Шунга қарамасдан, дронларни маҳаллийлаштириш бўйича аниқ ишларимиз бор. Дронларнинг кўплаб турлари маҳаллий шароитда яратилган, фақат уларнинг аксарияти тажриба-синов жараёнларида. Бир неча босқичли синовлардан ўтгачгина, ишлаб чиқаришга татбиқ этилади.
Куни кеча, юртимизда ниҳоясига етган “InnoWeek — 2023” инновацион ғоялар ҳафталигида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган биринчи дроннинг тақдимоти бўлиб ўтди. “Ҳумоюн агро” деб номланган ушбу қурилма қишлоқ хўжалигида фойдаланишга мўлжалланган. У 200 килограмм юк кўтариш қувватига эга бўлиб, тажриба синовларида 1 соат давомида тўхтамасдан учиб, ўртача 50—70 гектар майдонга 160 литр кимёвий восита билан ишлов берган.
Ҳозирги вақтда юртимиз ҳудудига учувчисиз учиш аппаратлари асосан Хитойдан импорт қилингани боис, қурилмани ўзимизда ишлаб чиқариш самарали, албатта. Чунки маҳаллий шароитимизда арзон, камхарж турдаги дронларга талаб ортиб боряпти. Шу боис, “Геоинновация маркази”да ҳам гибрид, мультикоптер турдаги дронларни ишлаб чиқариш, уларнинг аккумуляторларини қувватлаш ва оптималлаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари давом этяпти. Мутахассисларимиз томонидан самолёт типига кирувчи қўзғалмас қанотли аерофото-суратга мўжалланган учувчисиз учиш аппарати лойиҳаси устидаги ишлар якунловчи босқичда.
Марказда бир нечта йўналишда дронларни модернизациялаш ва махаллийлаштириш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Биринчи йўналиш дронларни модернизациялаш бўлиб, бу борада совуқ ҳароратли режимларда дронларда намлик конденсацияси келиб чиқишининг олдини олиш бўйича иситилувчи транспортировка қутилари ишлаб чиқилди. Бунинг натижасида совуқ ҳароратли шароитларда дронларни иссиқ ҳолда сақлаш, ички намлик конденсациясининг олдини олиш имкони яратилди. Бундан ташқари дронларни аниқ дислокациясида халақит берувчи омил ҳисобланган қолдиқ магнитлашувни бартараф этувчи электромагнит катушкаси ишлаб чиқилиб, шу орқали дронларда юзага келадиган қолдиқ магнитлашувни тўлиқ бартараф этиш усули ишлаб чиқилди. Бу янгиликларга ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда.
Иккинчи йўналиш — дронлардан техник диагностика ишларида фойдаланиш. Бунда дронлардан қуёш станциялари ва биноларнинг том қисмига ўрнатилган қуёш панелларини юқоридан туриб, махсус тепловизор камералари орқали иш жараёнидаги иссиқлик фонини видеотасвирга тушириш синовлари якунланди. Ўтказилган тажрибалар иссиқлик фони тасвирлари нуқсон пайдо бўлган панелни ўз вақтида аниқлаш ва уни янгилаш, энг асосийси, панелларда ёнғин келиб чиқишини олдини олиш мумкин бўлишини кўрсатди.
Шунингдек, гибрид турдаги ҳамда ўт ўчириш амалиётини амалга оширувчи учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш лойиҳалари давом этмоқда. Барча синов парвозлари муваффақиятли ўтгач, қурилмаларнинг серияли ишлаб чиқарилиши бошланади.
Яъни, мақсадимиз нафақат сон, балки сифат жиҳатидан юқори технологияли дронларни ишлаб чиқаришдан иборат. Яқин йилларда мамлакатимизнинг турли соҳаларида маҳаллий дронлар хизматидан фойдаланилаётганига гувоҳ бўламиз. Улар қатор вазифаларни олис масофадан туриб ҳам юқори аниқликда бажариш орқали тармоқлар ривожига катта ҳисса қўшади. Қурилманинг замонавий имкониятлари эса юртимиздаги рақамлаштириш жараёнларини фаоллаштиради.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.
(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 03.11.23 й, 229-сонида эълон қилинган)