Шу қутлуғ сана муносабати билан «Абу Али ибн Сино – Ўзбекистон фахри ва жаҳон мулки» мавзусида халқаро илмий-маърифий онлайн анжуман бўлиб ўтди. Ибн Сино жамоат фонди ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Германия, Бельгия, Францийа, Исроил, Туркия, Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари, экспертлар, табиб, шифокорлар, фармацевт, тарихчи олимлар, шарқшунос, файласуф, биолог ҳамда кимёгарлар иштирок этди.
Маълумки, ибн Синонинг бой илмий мероси инсониятга ҳамон ғурур ва ифтихор бағишлаб келмоқда. Аллома Шарқ ва Ғарб илм-фани, маърифати, маданият тараққиётига катта таъсир кўрсатгани боис, ўз даврида «Шайх ур-раис», «Олимлар бошлиғи», «Табиблар подшоҳи» каби юксак мақомларга сазовор бўлган. «Тиб қонунлари» асари эса асрлар давомида табобатнинг муфассал қомуси бўлиб қолмоқда.
Халқаро анжуманда сўзга чиққан ўзбекистонлик олимлар Абу Али ибн Синонинг ўз давридаги инновацион ғоялари, тиббиёт фалсафаси, халқ табобати мутахассисларини тайёрлашдаги ўрни, стоматология ривожидаги ҳиссаси, ахлоқий ва тарбиявий қарашлари ҳақида маърузалар ўқиди.
Хорижлик соҳа мутахассислари эса COVID-19 профилактикаси ва уни даволашда ибн Сино ўгитлари, Европада Авиценна руҳи ва таъсири, Ҳиндистонда ибн Сино меросини ўрганиш борасида амалга оширилаётган илмий изланишлар ҳақида маълумотлар берди.









