Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳатларнинг изчил амалга оширилиши давомида Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тасдиқланди ва кейинги беш йилликда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган бир қанча вазифалар белгиланди.
Тараққиёт стратегиясининг 19-мақсадида Адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш бўйича бирқанча вазифалар белгиланди .
Шунингдек, ўтган 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган суд–ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мақсади – инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида адвокатуранинг нуфузини ошириш, судларда қонун устуворлигини таъминлаш, демократик инсонпарвар ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ролини кучайтиришдан иборатдир.
Мустақиллик йилларида тўпланган тажрибани таҳлил этиш ва умумлаштириш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари асосида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва янада либераллаштириш, адвокатура институтинини ривожлантириш орқали, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг масъулиятини кучайтириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва аниқ чора-тадбирларни белгилашдан иборатдир.
«Инсон қадри учун», «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида адвокатура интитутинини янада ривожлантиришга талаб ошиб бормоқда. Фуқароларнинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият эканлиги, фуқароларнинг суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқлари, одил судлов тамойиллари, суд давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи эканлиги, судларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши, айбсизлик презумпсияси каби қатор фундаментал, умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари ўз аксини топган.
Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг пировард мақсади инсонлар учун эркин, қулай, фаровон ҳаёт шароити яратишга қаратилган. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари одил судловни фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилувчи жараёнга айланмоғи, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришга олиб келувчи, мамлакатимизда демократик янгиланишлар жараёнини чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини шакллантиришга асос солиниши сифат ўзгаришларга олиб келмоғи лозим. Ўзбекистон Республикасининг янгиланган конституциясининг 141- 142 моддаларида Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади.
Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.
Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.
Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади.
Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилиниши кафолатланган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида қабул қилинган қонунлар инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаб, уларга хизмат қилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тикланишини таъминламоқда.
Инсон ҳуқуқлари – бу шахс мавжудлигининг ўзига хосликлари ва хусусиятлари бўлиб, инсонларга тегишли бўлган эркинликлар бўлиб, ҳаётда, жамият, давлат ва бошқа индивидлар билан муносабатларда олиб қўйилмайдиган муҳим усул ҳамда шароитларни ифодалайди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, адвокатлик институти инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг энг муҳим кафолатларидан биридир.
Адвокатуранинг аҳамияти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда конституциявий қонунийлик режимини мустаҳкамлашда иштирок этишда намоён бўлади.
Шунингдек, мамлакатимизда адвокатура бўйича амалга оширилилаётган ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида “Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–263, 30.05.2022 й) қабул қилинди Қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб:
-адвокатлик фаолияти учун лицензия бериш, малака имтиҳонини топшириш тартиби сақланган ҳолда, “Лицензия” ахборот тизими орқали;
-адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш ЯИДХП орқали амалга оширилади;
-адвокатликни бошлашда малака имтиҳонини топшириш, лицензия олиш ва адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича композит хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.
2023 йил 1 январдан фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интегратсия қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилди.
Мазкур ахборот тизими доирасида:
-адвокатлар электрон реестри ва адвокатларнинг шахсий электрон кабинети шакллантирилди;
-адвокатнинг шахсий электрон кабинети орқали жисмоний ва юридик шахслар билан онлайн мулоқот қилиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ишонч билдирувчи шахс хоҳишига асосан масофадан туриб юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида онлайн битимлар (шартномалар) тузиш ва онлайн юридик ёрдам кўрсатиш имконияти яратилди;
-адвокатура, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви йўлга қўйилди;
-терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ҳаракатлари ёки суд мажлиси ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида адвокатга электрон хабар бериш имконияти яратилди;
-адвокат сўровини электрон юбориш ва адвокат сўрови асосида юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилди;
-адвокатнинг ўз аризасига кўра адвокатлик мақомини тўхтатиб туриш электрон тарзда адвокат томонидан хабарнома бериш шаклида амалга оширилади. Адвокатура соҳасида амалга оширилилаётган ишлар инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада кафолатланишига сабаб бўлади.
Адвокатура – ҳуқуқий институт, адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Ёки бошқача айтганда адвокатура адвокатларнинг кўнгилли уюшган жамоат ташкилотидир.
Адвокатлик муассасалари ўз фаолиятларини қонуннинг устунлиги, мустақиллиги ва бошқа демократик принциплар асосида амалга ошириши лозим.
Илмий адабиётларда адвокат сўзига қуйидагича таъриф бериб ўтилган:
“Адвокат (лотинча адвоcатус, адвоcаре сўзларидан олинган бўлиб, “ёрдамга чакириш” деган маънони англатади) – юридик ёрдам кўрсатувчи шахс бўлиб, жиноят ишлари бўйича суриштирув, тергов ҳаракатлари юритилганда ва суд мажлисларида, фуқаролик ишлари судларида, фуқаролик, иқтисодий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларини ҳал этишда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларда қонунда белгиланган тартибда ваколатга эга бўлган ва ўзининг юридик ёрдами билан иштирок этадиган шахс”.
Адвокат касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади. Адвокатнинг ҳуқуқлари:
- тегишли масалаларни ҳал этишда ваколатли бўлган барча органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларни топшириғига мувофиқ уларнинг манфаатларини ифода этиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
- судларда, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқаётган органларда далил сифатида фойдаланиши мумкин бўлган фактлар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш;
- юридик ёрдам кўрсатилиши муносабати билан давлат органларидан ҳамда жамоат ташкилотларидан зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш;
- унга ваколат берган ёки унинг ҳимоясида иш юритаётган судга ва бошқа давлат органларига тўпланган материалларни тақдим этиш;
- мансабдор шахсларга илтимоснома ва шикоят бериш, ҳамда улардан ёзма тарзда далил – исботли жавоб олиш;
- ҳар бир мамлакатнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш;
Жиноий ишни кўриб чиқишда қатнашишга тайёрланган адвокат фуқаронинг тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб юридик ёрдам кўрсатишдан бош тортишга ҳакли эмас.
Адвокатура ҳуқуқий муассаса ҳисобланади. У адвокатлик фаолияти ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Ўзи фаолият юритувчи давлатнинг фуқароларига, ажнабий фукароларга, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, корхона, муассаса, ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатади. Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган шахс ўз адвокатлик бюросини очиб, якка тартибда фаолият кўрсатиши мумкин, ёки бўлмаса, ихтиёрийлик асосида бошқа адвокатлар (шериклар) билан ҳайъатлар ва фирмалар тузишга ҳақли.
Адвокатура нотижорат ташкилот бўлиб, ўзининг фаолиятини ўз маблағлари хисобидан амалга оширади.
Адвокатуранинг молиявий маблағлари ва унинг у ташкил этилган ҳудуддаги давлат билан ўзаро муносабати ўша давлатнинг қонунчилиги билан белгиланади.
Адвокатлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёки бошқа ягона мақсадлар йўлида адвокатлик жамоат бирлашмаларига бирлашиш ҳуқуқларига эгадирлар.
Демак, юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, “адвокатура – фуқаролар ва уларнинг бирлашмалари асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи муҳим ҳуқуқий институт”. Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисидаги қонунининг тўртинчи моддасига кура адвокатнинг ваколатлари қуйидагича белгиланган.
Жумладан: Адвокат Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида, шунингдек, агар олинган топшириқни бажариш зарурияти тақозо этса ва тегишли давлатларнинг қонунчиликка зид бўлмаса, республика ташқарисида ҳам адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Муайян ишни олиб боришга адвокатнинг ваколатли эканлиги ордер билан тасдиқланади. Адвокат, тараф сифатида, суд ишларини юритишнинг ҳамма босқичида процесснинг барча иштирокчилари билан тенг ҳуқуқларга эга.
Шунингдек, адвокатлар қонунчиликка кўра қуйидаги ҳуқуқларга эга: қонунда белгиланган тартибда ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни кўчириб олиш; ўз ҳимоясидаги шахс билан у ушланган пайтдан бошлаб қонунчиликда белгиланган тартибда миқдори ва муддати чекланмаган ҳоли учрашувлар ўтказиш; иш материаллари билан танишиш ҳамда ишни судда ва бошқа органларда кўриш чоғида овоз ёзиш қурилмалари ҳамда бошқа техника воситаларидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш; агар жиноят ишини юритишда, шунингдек фуқаролик ишини, иқтисодий ишни ёки маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишни кўриш ва ҳал этишда ҳимояни ёки вакилликни амалга ошириш зарурияти тақозо этса, давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сир ҳисобланган маълумот билан қонунчиликда назарда тутилган тартибда танишиш.
Адвокат қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга. Адвокат: юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида маслаҳат бериши; юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг ишига унинг ҳолатини оғирлаштирадиган касбий нуқтаи назар билан ёндашмаслиги; ишонч билдирувчи шахснинг (ўз ҳимояси остидаги шахснинг) нуқтаи назарига кўра ноқонуний қарор чиқарилган тақдирда, бу қарор устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиши шарт. Адвокат қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради. Юқоридаги адвокатларга берилган ваколатлардан кўриниб турибдики, адвокатлар фуқароларнинг қонуний маънфаатларини ҳимоя қилишида адолатни ўрнатиш мақсадида қонунда белгиланган барча усул ва воситалардан фойдаланишади. Шулардан келиб чиқиб купчилик ҳолларда фуқаролар ўз ҳуқуқларини адвокатлар орқали ҳимоя қилинишини авзалроқ кўришади.
Фикримиз сўнгида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларнинг теров ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбини обрўси ва нуфузини ошириш мақсадида шу кунга қадар адвокаура институти бўйича бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди. Албатта адвокатура институти қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш йўлида амалга оширилиб келинаётган ислоҳотлар, фуқароларнинг жиноят, иқтисодий, фуқаролик, маъмурий ва бошқа соҳаларда ўз ҳуқуқларини адвокатлар орқали ҳимоя қилинишида катта аҳамиятга эга.
Қудрат Маткаримов,
Тошкент давлат юридик университети
Суд, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар ва адвокатура
кафедраси доценти, юридик фанлари доктори (DSc)









