Бугунги кунда иқлим ўзгаришлари туфайли об-ҳаво шароити кутилмаган ҳолда кескин ўзгариб, баъзан баҳорда куннинг исиб кетиши ёки хирмон кўтарилиб, ҳосил териб олинадиган пайтда тўсатдан кунларнинг совиб кетиши, ҳаттоки қор ёғиши оддий ҳолга айланиб қолди. Бундай табиий ҳодисалар куну тун меҳнат қилиб, ердан даромад топишни кутаётган деҳқонлар учун оғир синов ҳисобланади. Масалан, бир боғбон йиллаб меҳнат қилиб, мевали дарахт парваришлайди. Ниҳоят, ҳосил оламан, даромад кўраман деган вақтда, совуқ уриб, бутун меҳнати зое кетади. Ёки сўнгги йилларда янада кучайиб бораётган сув танқислиги туфайли бутун ҳосили сувсизликдан қуриб битади.
Энди ерга уруғ қадаб, бироз сув бериб, осмондан ёмғир кутган ҳолда ҳосил олиш орзудек эшитилади. Бу, гўёки, игна билан қудуқ қазиш каби машаққатли ишга айланди. Бундай вазиятда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришнинг ягона йўли — соҳани илмий ёндашув асосида ислоҳ қилишдир. Замонавий технологиялар, фан ва инновацияларни амалиётга жорий этиш орқалигина барқарорликка эришиш мумкин. Жумладан, қурғоқчиликка ва совуққа, касалликларга чидамли, кўп ҳосил берадиган навларни етиштириш замон талаби.
Янги босқичдаги миллий аграр ёндашув
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси” қабул қилинган. Ушбу ҳужжатда 9 та устувор йўналиш ва ислоҳотларнинг қисқа ҳамда узоқ муддатли йўналишлари белгиланган. Айни пайтда мазкур стратегия асосида аграр соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, чорвачилик ва иссиқхона хўжаликларини, пахта-тўқимачилик кластерларини қўллаб-қувватлаш, узумчилик ва виночилик соҳаларини барқарор ривожлантириш, хомашё базасини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, аграр секторни замонавий, ресурс тежамкор техника ва технологиялар билан таъминлаш борасида янги механизмлар жорий этиляпти. Бу каби чоралар ўз мевасини ҳам бермоқда. Биргина 2024 йил якунлари бўйича қишлоқ хўжалигида умумий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 467 триллион сўмни ташкил этди. Бунинг катта қисми деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларига тўғри келади. Бу соҳадаги ўсиш нафақат ички эҳтиёжларни қондириш, балки экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилиши табиий ҳол.
2024 йилдан фаолияти йўлга қўйилган Ғаллаорол туманидаги “Agro In Vitro” мажмуаси юртимизда қишлоқ хўжалиги тармоғида амалга оширилаётган муҳим лойиҳалардандир. 20,4 гектар майдонда ташкил этилган ушбу марказ таркибида “in vitro” лабораторияси, юқори технологияли иссиқхоналар, кўчатзор ва оналик боғи мавжуд. Мажмуа нафақат илмий ва амалий ечимларнинг, балки мамлакат агросаноати истиқболининг ҳам белгиси саналади.
“Agro In Vitro” лойиҳаси доирасида 72 нафар маҳаллий мутахассис иш билан таъминланган бўлиб, улар орасида PhD илмий даражасига эга олим, биотехнолог-агрономлар, магистр ва лаборантлар бор. Бундай мутахассислар жамоаси нафақат юқори технологиялар билан ишлаш, балки уни доимий равишда такомиллаштириш имкониятига эга.
Ҳар бир кўчат фақат тупроққа қадаб қўйилган бир поя эмас, у ортидаги илм, меҳнат, сабр ва тажрибанинг самараси. Шу жиҳатдан қаралганда, “Agro In Vitro” лойиҳаси ўзига хос билим ва инновация фабрикаси сифатида фаолият юритмоқда.
Лойиҳа доирасида 2026 йилда 2 миллион, 2027 йилда 5 миллион, 2030 йилга бориб 10 миллион дона кўчат етиштириш кўзда тутилган. Бу билан республикамиздаги умумий кўчат талабининг камида 5 фоизи қопланади. Энг муҳими, «in vitro» усулида етиштирилган кўчатлар: вирус ва касалликлардан холи, генетик жиҳатдан бир хил, йил давомида экиш имкониятига эга ва энг асосийси ҳосилдорлиги 40 фоиз юқори бўлади. Бу эса фермер учун самара, истеъмолчи учун сифат, мамлакат учун эса барқарор иқтисодий ўсиш демакдир.
— Бугунги кунда юртимиздаги интенсиз боғлар майдони 70 минг гектарни ташкил этади. 2030 йилгача бу кўрсаткични 110 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Бу ҳар йили камида 7–8 минг гектарга янгидан боғлар барпо этилишини англатади. Табиийки, шунча миқдорда янги мевали кўчатларга эҳтиёж ҳам пайдо бўлади, — дейди “Agro In Vitro” МЧЖ директори ўринбосари Акмал Абрўев. — Бундан ташқари, ҳар йили 7–8 миллион дона пайвандланган ва уруғсиз узум кўчатлари етиштирилиши ҳам талаб этиляпти. Бу жараён бир қарашда оддий кўринса-да, аслида муҳим аҳамиятга эга. Биринчидан, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Иккинчидан, ҳар бир юртдошимизнинг дастурхонида маҳаллий ва серҳосил мевалар бўлишини кафолатлайди. Энг муҳими, фермерлар учун бу кўпроқ ҳосил, кўпроқ даромад, барқарор ҳаёт манбасидир.
Халқаро тажриба — миллий ютуқлар замини
Лойиҳа доирасида дунёнинг етакчи компаниялари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган. Жумладан: VISCON GROUP (Нидерландия) томонидан МДҲ ҳудудида ягона бўлган “in vitro” лаборатория ташкил этилган. Яна ушбу мамлакатнинг Gakon Netafim компанияси дунёда бешинчи ўринда турувчи иссиқхонани мажмуада қурган. Шунингдек, Италия, Испания ва АҚШ компаниялари билан узоқ муддатли шериклик йўлга қўйилган.
Бу каби халқаро алоқалар маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, билим ва технологияларни локаллаштиришда муҳим омил бўлмоқда.
Инновацион лаборатория — илмий самара ва ишонч манбаи
Лойиҳа доирасида қуйидаги навлар устувор равишда етиштирилмоқда: 35 хил данакли, 25 хил уруғли, 30 хил манзарали, 11 хил узум, 30 хил пайвандтаг, 18 хил резавор мевалар. Уларнинг орасида эртапишар, кечпишар, ўзини-ўзи чанглатувчи, сувсизликка чидамли ва юқори ҳосилдор навлар ҳам бор. Бу эса турфа иқлим шароитида ҳам самарали боғдорчиликни йўлга қўйиш имконини беради.
Лойиҳанинг ўзак нуқтаси лабораториядир. У замонавий агробиотехнологиянинг юраги бўлиб, нафақат юқори сифатли кўчатлар етиштириш, балки улар орқали қишлоқ хўжалигини янгича босқичга олиб чиқиш вазифасини бажаради. Ушбу лаборатория нафақат техник ва стратегик нуқтаи назардан ҳам бир неча афзалликларга эга.
Аввало, лаборатория комплекс ишлаб чиқариш занжирининг тўлиқ босқичини ўз ичига олади. Яъни уруғ материалларини танлаб олишдан тортиб, уларни лабораторияда кўпайтириш, илдизлантириш, иссиқхонада парваришлаш ва тайёр кўчат сифатида чиқаришгача бўлган барча босқичлар бир жойда жамланган. Бу, ўз навбатида, сифатни кафолатлаш, тезкорлик ва назоратни таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, лаборатория Ўзбекистонда хандон писта, киви ва манзарали дарахт кўчатларини шу усулда кўпайтирувчи ягона марказ саналади. Бу унинг эксклюзив вазифасини ва аҳамиятини белгилаб беради. Италия ва Испаниядан келтирилган сертификатланган in vitro материаллар асосида клонлаш ишлари амалга оширилади. Яъни ҳар бир кўчатнинг генетик тозалиги ва сифат стандарти кафолатланган. Кўчатлар торф асосидаги муҳитда ўстирилади, бу эса уларнинг соғлом бўлиши ва очиқ майдонга мослашишини осонлаштиради.
Бундан ташқари, йил давомида лабораториядан тайёр кўчатлар чиқарилиши мумкин, бу эса мавсумий чекловларсиз ишлаш имконини беради.
Лаборатория таркибидаги замонавий иссиқхона махсус фильтрлаш тизимлари (осмос ва ультрабинафша) билан жиҳозланган бўлиб, ўсимликларга идеал озиқланиш муҳитини яратади. Бир вақтнинг ўзида турли хил ўсимликлар билан ишлай олиши — ҳарорат, намлик ва ёруғликнинг автоматик назорати ҳар бир навнинг индивидуал талабларига мос шароит яратилишини таъминлайди.
Лаборатория самарадорлигини ошириш мақсадида узум ва мевали дарахтларнинг кўргазмали коллекцияси ташкил этилган. Бу нафaқат илмий-амалий тажриба майдони, балки аграр таълим учун ҳам муҳим манба ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маҳаллий агроном ва кўчатчилар учун йилда икки марта бепул ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда. Бу орқали нафақат лойиҳа доирасидаги кадрлар салоҳияти оширилади, балки бутун минтақадаги агросаноат соҳасига билим тарқалиши таъминланади.
Бир сўз билан айтганда, “Agro In Vitro” мажмуаси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг муҳим трансформациялардан биридир. Бундай лойиҳалар орқали Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш баробарида, минтақада аграр инновациялар марказига айланиш имкониятига ҳам эга бўлади. Илм ва табиат уйғунлигида барпо этилаётган янги боғларни нафақат ҳосил манбаи, шу билан бирга умид, барқарорлик ва тараққиёт дарахтлари дейиш мумкин.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Ҳамкорлик материали










