Миржаҳон Нурматов олийгоҳни юқори баҳолар билан тамомлаганига кўп бўлмади. Тенгдошлари турли жойларга ишга кириш истагида ҳужжат кўтариб юрганида у бунинг уддасидан чиқиб бўлган эди. Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта. Ўқиш чоғида вақтини китоб ўқишга, соҳани янада чуқурроқ англашга сарфларди. Бунинг учун устозларидан саволларига жавоб излар, доим билимини мустаҳкамлашга интиларди. Натижада талабалар ўртасида ташкил этиладиган билимлар беллашувида доим фаоллар қаторидан жой олиб келди. Бундай изланувчанлик, ҳаракат самара берди.
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ доим ёш билимдонларни саралаб, уларга стипендия бериш анъанаси бор. Бунинг учун улар талабалар орасида танлов ўтказиб келади. Ўшандай танловда қаҳрамонимиз биринчилар қаторидан жой олди. Натижада бир йил давомида стипендия олиш бахтига эришди. Қувонарлиси, моддий рағбат билан бирга мазкур корхонага ишга кириш учун имтиёзга ҳам эга бўлди. Бугун у корхонанинг етакчи ходимларидан бири.
Миржаҳоннинг ушбу ютуқлари эндигина мактабни битираётган ёшларда ҳавас уйғотди. Уларнинг кўпчилиги жорий йилда айнан у ўқиган олий ўқув юртига ҳужжат топширишга отланди. Ҳозир мазкур олийгоҳда янгиликларга қўл урилиб, воҳа ёшлари учун янги имкониятлар эшиги очиляпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 10 декабрдаги “Қарши давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиали негизида Қарши давлат техника университети ташкил этилди.
Бугун Қашқадарёда нуфузли олийгоҳлардан бири сифатида иш бошлаган мазкур университет талабаларга техника йўналишида юқори даражали билим берадиган масканга айланди. Яна бир асосий жиҳат, Қашқадарё саноати ривожланган вилоятлардан бири ҳисобланади. Шу пайтга қадар ҳудудда етук, билимли кадрлар билан таъминлашда комплекс ечим бера оладиган олий таълим муассасаси йўқ эди. Бу университетда асосий эътибор техник соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш талабини қўяди. Шу боис, олийгоҳда мазкур йўналишга эътибор кучайтирилди. Хусусан, муҳандислик, геология, ишлаб чиқариш, қурилиш, транспорт, энергетика, ахборот технологиялари, дастурлаш, хизмат кўрсатиш ҳамда ирригация ва агротехнологиялар каби йўналишларга устуворлик берилди. Натижада университет йирик корхоналар билан кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорлик имконияти кенгайди.
Ҳозир йирик заводлар, ишлаб чиқариш муассасалари мутахассислари таълим жараёнига жалб этилган. Шу орқали стипендия ва амалиёт дастурлари изчил амалга ошириб келинмоқда. Айни пайтда дуал таълимни ташкил этиш борасида ҳамкорлик шартномалари имзоланган.
Бугун университет хориждаги етакчи олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб, имкониятларини янада кенгайтиш йўлидан бормоқда. Шу орқали талабаларнинг академик алмашинувини таъминлаш йўлга қўйилади. Мисол учун ҳозир Қарши давлат техника университети ва Беларусь миллий техника университети ҳамкорлигида “2+2” таълим дастури асосида талабалар таҳсил олмоқда.
Шу билан бирга талаба ва профессор-ўқитувчиларнинг саноат корхоналарида малакавий амалиёт ва стажировка ўташини йўлга қўйиш ҳам яхши самара беради. Натижада янги ўқув қўлланмалар, янги авлод дарсликлари яратилади. Илмий-тадқиқот ишлари, синовлар замонавий лабораторияларда ўтказилади. Амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион лойиҳаларнинг самарадорлиги ошади.
Университет ва “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ ҳамкорлигида “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби ташкил этилган. Унда “тармоқ – корхона – олийгоҳ” тамойили йўлга қўйилган. Мазкур мактаб соҳада кадрлар тайёрлашнинг муҳим тизимига айланди.
Илғор муҳандислик мактаби замонавий кадрларни тайёрлашни мақсад қилган. Бундай кадрлар атроф-муҳитни муҳофаза қилишга жиддий эътибор берадиган, юқори ва кўп тармоқли технологияларни ўзлаштиришга қодир бўлади. Айни пайтда креатив фикрлайдиган, рационализаторлик таклифларини ишлаб чиқадиган “муҳандис-тадқиқотчи” малакасига эга янги авлод мутахассислари тайёрланади.
– Жорий йилнинг 5 июнидан бошлаб юртимиздаги олий ва касбий таълим муассасаларига қабул жараёни бошланди. Университетимизда абитуриентлар ҳужжатини қабул қилиш ишлари қизғин олиб борилмоқда, – дейди Қарши давлат техника университети 2025–2026 ўқув йили учун қабул бўлими масъул котиби Санжар Тоштемиров. – Маълумки, Президентимиз жорий йил 5 майда “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди. Унга кўра, 2025–2026-ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи шаклига қабул тугатилди. Айни пайтда масофавий таълим, кечки ва мақбуллаштирилган кундузги “Part-time” таълим шаклларини босқичма-босқич шакллантириш назарда тутилган. Шундан келиб чиқиб университетимизда ҳозир таълимнинг кундузги, масофавий ва кечки шакллари бўйича қабул режа қилинган.
Хусусан, кундузги таълим шакли бўйича 69 та таълим йўналиши бўйича 3360 нафар, кечки таълимга 54 та йўналишда 1450 нафар ва масофавийга 19 та таълим йўналишига 550 нафар, жами 5210 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, 71 та магистратура мутахассислиги бўйича 497 нафар киши қабул қилиш режалаштирилган.
Масофавий таълим йўлга қўйилиши талабалар учун жуда кенг имкониятлар яратиб беради. Бу, айниқса, ишдан ажралмаган ҳолда олий таълимга эҳтиёжи борлар учун катта имконият. Чунки масофавий таълимда талаба қаерда бўлса ҳам ахборот-коммуникaция технологиялари орқали таълим дастурини ўзлаштириш учун имконият беради. Шу боис, ўқув режа ва дастурларда барча фандан масофавий таълим олиш имкони бўлади. Талабалар ўқув контентини қамраб оладиган электрон ўқув-методик мажмуалар, илмий ва ўқув адабиётларининг электрон базаси билан тўла таъминланади.
Бизда масофавий таълимни ташкил этиш учун барча имконият мавжуд. Ҳозир 19 та йўналишда масофавий таълимни йўлга қўйишни режа қилганмиз. Кейинги йилларда ушбу кўрсаткични босқичма-босқич ошириб борамиз.
Жорий йилда илк бор абитуриентларни қабул қилаётган университет техника йўналишига қизиқадиган ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очмоқда. Муҳими, мазкур олийгоҳнинг битирувчилари сабаб келгусида воҳадаги саноат корхонаси учун зарур бўлган кадрлар синфи яратилади. Улар ўз ўрнида мамлакат иқтисодиётини кўтарадиган мутахассислар, етук шахслар бўлиб хизмат қилади. Шу маънода ушбу таълим даргоҳини замонавий мутахассислар саноати дейиш мумкин.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Ҳамкорлик материали











