“AGROCOMP” фермер ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлайди

    Агросектор 5 июн 2020 3049

    Лойиҳа ташкилотчилари бепул вебинарлар ўтказиш билан бирга, аҳолининг айрим гуруҳларига тадбиркорлик фаолиятини бошлашида ҳуқуқий ёрдам беришни мақсад қилган.

    2017 йилнинг март ойида иш бошлаган “AGROCOMP” лойиҳаси Европа Иттифоқи, Италиянинг Милан шаҳридаги «Formaper» савдо агентлиги, ҳунармандчилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (Тошкент) ва Қозоғистон Республикасининг ЮОЛ савдо ва саноат корхоналари уюшмаси (Олмота) ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, юртимизда агросаноат, фермер хўжаликлари вакиллари ҳамда тадбиркорларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, уларни кредитлаш тизимига тайёрлаш ва бизнес режа тузишга кўмаклашиш ишларини амалга ошириб келмоқда.

    Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган мазкур лойиҳа доирасида шу кунга қадар ўзбекистонлик 20 нафар қишлоқ хўжалиги мутахассислари махсус "study visit" ҳамда "twinning" дастурлари асосида Италияда малака ошириб қайтди. Иштирокчилар у ерда турли тренингларда қатнашиб, европалик соҳа мутахассислари билан ишлаш имкониятига эга бўлди. Юртдошларимизнинг Италияга сафари мамлакатимизда олма ва бошқа меваларнинг янги турлари пайдо бўлишига ҳам хизмат қилди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан "Vitro plant" ҳамда "Баттистини" кўчатзорларидан гилос ва шафтолининг янги турлари олиб келиниб, Ўзбекистонда экилди.

    Италияда малака ошириб қайтган мутахассислар ҳозирда “AGROCOMP” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бепул онлайн вебинарларда иштирок этиб, юртимиздаги агросаноат соҳасига қизиқувчи ёшлар, қишлоқ ва фермер хўжаликларига онлайн тренинглар ўтмоқда. Вебинар спикерлари орасида менежмент, маркетинг, агросаноат, кадрлар билан ишлаш, сервис соҳаларида узоқ йиллик иш тажрибасига эга маҳаллий ва халқаро бизнес-мураббийлар, мутахассис ҳамда йирик ишбилармонлар ҳам бўлиб, қатнашчилар улардан онлайн маслаҳатлар билан бирга, ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олиш, замонавий бизнес-кейслар билан танишиш имкониятига эга. Ҳар куни ташкил этилаётган онлайн вебинарларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг @bmguz телеграм тармоғи орқали исталган киши иштирок этиши мумкин.

    – Юртимиз улкан агросалоҳиятга эга мамлакат бўлиб, бу ердаги қулай тупроқ ва иқлим шароити деҳқон ва фермерларга катта ҳосил етиштириш имконини беради, – деди лойиҳа менежери Фарруҳ Омонов. – Шу боис, сўнгги йилларда бу соҳада барқарор ўсиш суръатлари яққол кўзга ташланмоқда. Бизнинг асосий мақсадимиз бепул онлайн вебинарлар орқали қишлоқ хўжалиги оҳасида олиб борилаётган мазкур ишларни пандемия даврида ҳам сусайтирмаслик ва бу борада деҳқон ҳамда фермерларга зарур маслаҳатларни бериш билан мамлакатимизда аграр соҳани янада ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат.

    Лойиҳа ташкилотчилари бепул вебинарлар ўтказиш билан бирга, аҳолининг айрим гуруҳларига тадбиркорлик фаолиятини бошлашида ҳуқуқий ёрдам беришни мақсад қилган. Лойиҳа доирасида айниқса, аёл тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, қишлоқ жойларда яшовчи 100 га яқин изланувчан, ишбилармон аёлларга келажакда ўз бизнесларини очишларида юридик маслаҳатлар бериш, улар учун соҳа профессионаллари иштирокида бепул бизнес тренинг ва вебинарлар ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, фермерлар учун кредитлаш бўйича бизнес-режа тайёрлашда амалий кўмак бериш ҳам кўзда тутилган.

    Айтиш жоизки, айни вақтида амалга оширилаётган бундай лойиҳа ва дастурлар мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган мақсадли чора-тадбирларнинг бир қисмига айланиб улгурди. Муҳими, улар нафақат тадбиркорлар, балки аҳолининг барча қатламида катта қизиқиш уйғотиб, инсонларнинг қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик соҳасига оид билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилмоқда.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates