«Карпат» зотига мансуб асаларининг 120 дона қутига жойланган 240 та оиласи олиб келиниб, қишлоқ хўжалик кластерининг 34 та бўлимига парваришлаш учун тарқатилди.
— Қишлоқ хўжалик кластерида асаларичилик тармоғини йўлга қўйишда асаларининг «Карпат» зотидан фойдаландик, — дейди «Сайёра фаввораси» хусусий корхонаси пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерининг асаларичилик тармоғи мутахассиси Авазбек Қурбонов. — Бу турдаги асаларининг асосий жиҳати эрта ёшдан нектар ва гулчанг йиғишга киришувчанлиги бўлиб, таркибида шакар миқдори кам бўлган нектарни ҳам яхши ўзлаштиради ва бизнинг мўътадил иқлимга тўла мослашгандир.
Асаларичилик сердаромад соҳа ҳисобланади. Мазкур кластер тизими меҳнаткашлари томонидан парваришланаётган асаларидан минимал кўрсаткичда яъни, ҳар бир асалари оиласидан 10 килограммдан асал олинганида ҳам мавжуд 240 та оиладан икки тонна тўрт юз килограмм асал олишга эришилади. Асал маҳсулотининг бозорлардаги нархига нисбатан анча арзон яъни бир килограмм асални 50 ёки 60 минг сўмдан сотувга олиб чиқилганда ҳам моддий даромад қарийб 120 миллион ёки 144 миллиондан ҳам ошиши мумкин. Қолаверса, асаларидан бир йилда икки маротаба асал олинишини инобатга олсак мазкур даромад бундан ҳам ошиши мумкин.
Ўз ўрнида ташкил этилган асаларичилик тармоғи нафақат қишлоқ хўжалиги кластери тизимида меҳнат қилаётган ишчи ходимларнинг даромадини янада оширади, балки юртимиз бозорларида хуштаъм, тоза ва табиий асал маҳсулотининг янада арзон бўлишига ҳисса қўшади.
Айни пайтда қишлоқ хўжалик кластерининг мавжуд бўлимлари тасарруфидаги барча дала шийпонларида асалари парвариши учун қулай шарт-шароитлар яратилган бўлиб, кластер аъзолари томонидан асалари парваришлаш ишлари кўнгилдагидек олиб борилмоқда.
Илҳомжон ТОЖИБОЕВ,
Андижон вилояти, Бўстон туманидаги пахта
тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери
матбуот хизмати ходими.