Ватан ичра “кичик Ватан” қуриш ниятида ер сотиб оламиз. Унга иморат қуриб, ўз номимизга расмийлаштирамиз. Аммо турар жой биносигина бизнинг мулкимизга айланади. Ер эса давлат мулки бўлиб қолаверади. Боиси, шу вақтгача давлат фуқарога ер участкасини фойдаланиш, эгалик қилиш ёки ижарага берган.
Эндиликда бу тартиб ўзгармоқда. Юртимизда жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли ер участкаларини хусусийлаштириши мумкинлигига оид тегишли қонун ва ҳукумат қарори кучга кирди. Унга кўра, ер участкасига мулк ҳуқуқи белгилангандан сўнг ерни мулкдордан фақат сотиб олиш мумкин бўлади. Агар фуқаро ер участкасини бериш ёки сотишни истамаса, уни давлат ва жамият эҳтиёжлари учун шунчаки олиб қўйилишига йўл берилмайди.
“Снос” — кўпчиликни қийнаб келаётган масала. Шу боис, бу янгилик юртдошларимизда қизиқиш уйғотди. Таҳририятимизга йўлланган саволлар орасида “биз яшаб турган ҳовли-жой ери ўзимизга тегишли эмасми, уни хусусийлаштириш учун қаерга мурожаат қилишимиз керак, хусусийлаштириш тартиби ва тўлови қандай?” каби сўровлар кўп бўлди. Мавзу бўйича маълумотларни олиш мақсадида мутахассисга мурожаат қилдик.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги тегишли қарори билан “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш, ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир” Маъмурий регламент тасдиқланди, — дейди Давлат кадастрлари палатаси раиси Моҳир Валиев. — Бу нима дегани? Биламизки, шу кунгача фуқароларга тегишли уй-жойлар жойлашган ер участкалари, мерос қилиб қолдирилган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқидаги ерлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган нотурар жой объектларининг ер участкаларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилар эди. Яъни бино сизники бўлса ҳам, ер участкаси давлатга тегишли бўлган. Шу боис, кўпчилик ер участкасини давлат эхтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкинлиги ёки исталган вақтда ер майдони “снос”га тушишидан ҳавотирланиб яшайди. Янги регламентга кўра, ер участкаси мулк ҳуқуқи асосида сотилиши белгиланди. Бу, энг аввало, фуқаронинг ер участкасига бўлган мулкчилик ҳуқуқини кафолатлайди. Яъни, ҳовлиси жойлашган ер майдони ҳам уй эгасининг ўзига тегишли бўлади. Энди, ерни ундан давлат ҳам олиб қўя олмайди, фақат бозор нархида сотиб олиши мумкин.
Ер участкасини хусусийлаштириш мутлақо ихтиёрий. Бунинг учун фуқарони мажбурлаш қонунан тақиқланади. Талабгор тегишли тўловни амалга оширгач, ер унинг хусусий мулкига айланади.
Хусусийлаштириш тартиби қандай?
Аксарият хориж давлатларида бу тажриба қўлланилади. Фуқаро ўзи яшаб турган ерга ўзи эгалик қилгани ҳолда, уни рози қилмасдан туриб, ер участкасини сотиб олишнинг имкони йўқ. Кўплаб инсонлар турар жойи ерини сотишдан бош тортгани сабаб, турли давлатларда лойиҳалаштирилган йирик лойиҳалар бир неча йилга чўзилиб кетгани ҳақида ҳам эшитганмиз.
Жамиятда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашнинг бош омилларидан саналади. Мамлакатимизда жорий этилган янги тизим ҳам, биринчи галда, аҳолининг ўз уй-жойи, ер участкасига ўзи эгалик қилишини кафолатлашга қарилган.
Регламентга кўра, ерни хусусийлаштириш қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларга нисбатан амал қилади. Булар юртимиз фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амага ошириш учун берилган, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ҳамда бўш турган ер участкаларидир. Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунида қандай ерларни хусусийлаштириш мумкин эмаслиги ҳам изоҳланади.
Шундай қилиб, сиз ўзингиз яшаб турган ҳовли-жойнинг ер участкасини хусусийлаштиришга қарор қилдингиз. Бунинг учун кўчмас мулкнинг ер участкасига тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш лозим. Демак, ишни жисмоний ёки юридик шахс сифатида Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёхуд Ягона давлат интерактив портали (my.gov.uz) орқали ариза билан мурожаат қилишдан бошлайсиз.
— Ариза қолдирилган вақтда фуқаронинг ер участкасига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиши керак, — дейди Моҳир Валиев. — Тартибга кўра, ўзига тегишли ерни хусусийлаштириш жараёни 22 иш кунигача, бўш ерлар аукцион орқали сотиб олинганда эса 16 иш кунигача бўлган муддатда амалга оширилади.
Ер участкаларини хусусийлаштириш учун тақдим этилган ариза Кадастр агентлиги ва Қурилиш бўлимларига йўналтирилади. Давлат кадастрлари палатасининг туман(шахар) филиаллари ер участкаси ариза берган фуқаронинг номига расмийлаштирилганми ёки йўқ, яъни рўйхатдан ўтказилганини текширади. Мазкур ер участкаси ўзгармагани, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги маълумотларга мувофиқлиги, объект бўйича тақиқ ва чекловлар мавжуд эмаслиги жойига чиққан ҳолда ўрганилади. Кадастр ҳужжатлари, хусусийлаштиришга монелик қилмайдиган барча томонлар текшириб чиқилади.
Қурилиш бўлимлари эса ер участкаси жойлашган ҳудуднинг шаҳарсозлик меъёрларига, қуриш ҳужжатларига мослигини ўрганади. Шундан сўнг фуқарога хусусийлаштириш учун тўловни амалга ошириш ҳақида хабарнома юборилади. Хусусийлаштириш тўлови мулкдорлар ва ердан фойдаланувчилар учун ўша кунда белгиланган базавий солиқ ставкасининг 20 баробари этиб белгиланган.
Тўлов амалга оширилгач, Давлат активларини бошқариш ҳудудий бошқармаси ер участкасига мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерини расмийлаштиради. Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси эса ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказади.
Бошқа биров сотиб ололмайди
Қонунийлик, ихтиёрийлик, ҳақ тўлаш, хусусийлаштириладиган ер участкалари ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг яхлитлиги, очиқлик ва шаффофлик — булар ер участкаларини хусусийлаштиришнинг асосий принциплари ҳисобланади. Шулардан бирига амал қилинмаган тақдирда ҳам хусусийлаштириш амалга оширилмайди.
— Баъзан фуқаро ўзи эгаллаб турган ер участкасини хусусийлаштириш учун ариза берадию, лекин айрим сабабларга кўра хусусийлаштириш рад этилади ёки фуқаронинг ўзи томонидан бекор қилинади, — дейди Моҳир Валиев. — Балки тўлов суммасини тўлаш ёки бошқа ҳуқуқий масалаларда юзага келган муаммо бунга сабаб бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда ер участкаси ҳусусийлаштирилмайди. Бироқ бу ер участкасига бўлган аввалги ҳуқуқ бекор қилинади, дегани эмас. Олдинги ҳуқуқ қандай бўлса, шундайлигича сақланиб қолади.
Ер участкасига бўлган мулкдорлик ҳуқуқи фуқарога нафақат бино-иншоот, балки унинг ерини ҳам алоҳида сотиш имконини беради. Шунингдек, бу ердан гаров объекти сифатида фойдаланиш мумкин. Ерни мулк сифатида банкка гаровга қўйиб, ипотека кредити олиш имконияти ҳам бор.
Хусусийлаштириш жараёнида ҳар бир жисмоний ва юридик шахс ўзига тегишли бўлган ер участкасини фақат ўзи сотиб олиши мумкин. Бу ер аукционга қўйилмайди, бошқа одам сотиб олиши ёки ўзга кишига ўтиб кетиши ҳам мумкин эмас. Яъни, мулкдорнинг ихтиёридаги ер участкасига унинг розилигисиз ҳеч ким даҳл қила олмайди.
“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида қонуннинг 34-моддасида белгиланган жиҳатлар бундан мустасно. Аниқроғи, айрим ҳолларда хусусийлаштирилган ер мулкдордан олиб қўйилиши мумкин. Хусусан, ер давлат ва жамият эҳтиёжлари учун сотиб олинганда, ерга ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилганда, ер мусодара қилинганда ва эпидемия, табиий офат вақтида ер реквизиция қилинганда олинади.
Айтиш жоизки, қонунчиликда шу вақтгача ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқи бўлмаган. Янги тизим сўнгги йилларда юртимизда ер соҳасида амалга оширилаётган тезкор ислоҳотларнинг самараси. Энди одамлар нафақат ҳовли-жой, балки ер участкасининг ҳам қонуний мулкдорига айланади. Бу ерга эгалик қилишни истаган ҳар қандай киши ана шу мулкдор билан ҳисоблашади. Асосийси, хусусий мулк дахлсизлиги қонуний ҳимояланади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири