Аҳолининг таклиф ва истаклари инобатга олинди

    Президент топшириғига асосан қабул қилинган ҳужжатга мувофиқ, автомобиль йўлларида ҳаракатланишда қатор тартиблар жорий этилмоқда.

    Орзу-ҳавас, хоҳиш-истакларнинг кўп бўлиши инсон табиатига хос хусусият. Зеро, ҳар биримизда оиламиз, яқинларимиз, ўқиётган ёки ишлаётган муассасамиз ҳамда давлат ва жамиятдан кутадиган хоҳиш-истаклар мавжуд. Бу табиий ҳолат.

    Халқ истаги-чи? Ўз номидан ҳам бу мутлақо кўпчиликнинг муайян мавзу ёки масалага доир хоҳиш ва истаклари мажмуини англатади. Масалан, ҳаммамиз юртимиз доим тинч бўлишини, халқимиз фаровон яшашини хоҳлаймиз.

    Лекин жамиятда табиий ривожланиш жараёни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги янгиланишлар, илм-фан ва техника тараққиёти, ортиб бораётган эҳтиёжларимиз ҳисобига айрим муаммоли масалалар пайдо бўладики, бу жуда кўпчиликка дахлдор бўлгани нуқтаи назаридан ҳам халқ истаги даражасига кўтарилади. Айтайлик, мамлакатимизда узоқ йиллар мобайнида аҳоли талабини қондирадиган даражада турар жойлар қурилмагани ва уй-жой қуриш учун ер ажратилмагани оқибатида, бир томондан, ноқонуний қурилишлар кўпайган бўлса, бошқа томондан, уй-жойга юқори талаб сақланиб келди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг кўламли уй-жой қурилиши бошлангани, махсус фармон қабул қилиниб, аҳолининг ноқонуний турар жойларини ҳужжатлаштириш ишлари олиб борилаётгани эса халқимиз истаган, бошқача айтганда, миллионлаб юртдошларимиз хоҳлаган иш бўлди. Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” ­тамойили ислоҳотларнинг ўзаги экани амалий жиҳатдан ўз тасдиғини топди.

    Шу маънода, Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 15 майда қабул қилинган “Транспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кўп минг сонли юртдошларимизнинг айни кўнглидаги, улар истаган воқеа бўлди.

    Хўш, ушбу қарор қайси жиҳатлари билан кўпчиликнинг қувончи, олқиши, бугунги яшаётган кунидан рози бўлишига замин яратмоқда? Бунга қуйида атрофлича тўхталиб ўтамиз.

    Ҳар куни кимдир ишга, ўқишга ва яна кимдир ўз юмуши билан бошқа манзилга бориш учун йўлга чиқади. Лекин йўллардаги тирбандлик, сунъий чекловлар сабаб кўпчиликнинг куни кўнгилхиралик билан бошланади. Табиийки, эрталаб ишга келаётган одам шошади. Ҳайдовчига тезроқ юришни, кечикаётганимизни айтамиз. Ҳайдовчи эса, ўз навбатида, сизга чорраҳаларда турган фото-видео қурилмаларни, тирбандлик сабаб йўл чизиқларини босиб ўтиб кетолмаслигини айтади.

    — Иложсизликдан кўп ноқулай вазиятларга тушиб қоламиз, атайлаб қоидабузарлик қилинмайди, — дейди 65 ёшли ҳайдовчи Анвар Бозорбоев. — Чуқурликдан олиб қочамиз ёки ёнингиздаги ҳайдовчи бир сабаб билан сиз томон автомобиль рулини буриб юборади. Кейин мажбур бўласиз қоида бузишга. Бугунги ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузганлик бўйича жарималарни тўлашнинг ўзи бўлмайди. Ҳар куни йўлга чиқишга мажбурман. Чунки эрталаб невараларимни боғчага, катталарини мактабга олиб боришим керак. Ўзларини жўната олмайман, йўлларда ҳаракат оқими жуда катта. Бу қабул қилинган янги ҳужжат билан ҳайдовчиларга тақдим этилаётган енгилликларни ўқиб жуда қувондим. Тўғрисиям-да, баъзи жойлардаги чизиқлар ўзи кўринмайди-ю, лекин жаримаси келиб туради. Одамга алам қилади-да ахир. Адолат бор экан, мана энди бу қарор нафақат жарималарни камайтиради, балки тирбандликларнинг ҳам олдини олади деб ўйлайман.

    Мамлакатимиздаги барча янгиланиш жараёнлари, ислоҳотлар асосида “Инсон қадри учун” тамойили ётибди. Бунинг учун, аввало, аҳоли билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиб, муаммолар, камчиликларни бартараф этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатлари рўёбга чиқарилишини таъминлаш бош мақсадга айланди.

    Амалга оширилаётган ислоҳот ёки жорий этилаётган янги тартиблардан мақсад аҳолига наф келтириш, одамлар оғирини енгил қилиш бўлиши керак. Бунинг натижаси халқни рози қилиш билан ўлчанади. Бу бугун юритилаётган сиёсат талаби.

    Гоҳида одамларнинг ушбу масала Президентга етиб борса, муаммо бартараф бўлади деган гаплари қулоғимизга чалинади. Ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинган масалаларга давлатимиз раҳбари томонидан изоҳ, ечим бўйича тегишли топшириқлар берилгани билан боғлиқ мисоллар жуда кўп.

    Аҳолининг йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ турли жарималарга нисбатан билдирилаётган ҳақли эътирозлари ҳам Президентимиз томонидан бир неча бор кўрсатиб ўтилган. Бунинг натижаси Вазирлар Маҳкамасининг номи юқорида қайд этилган қарори бўлди. Бу қарор бевосита аҳоли эҳтиёжи, сўровлар ва баъзи эътирозларидан келиб чиққан масалаларни ўз ичига олиб, уларнинг ечимларини бериши билан муҳим аҳамият касб этади.

    — Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан, соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқаролар ва ҳайдовчилар фикрларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириб борилмоқда, — дейди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров. — Чунки йўл ҳаракатини тартибга солишдаги айрим нормалар фуқаролар эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу қарор жамоатчилик фикри инобатга олиниб, уларни бугунги кунда қийнаб келаётган масала ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилди. Иш жараёнида йўл-транспорт ҳодисалари таҳлиллари, тегишли вазирлик ва идоралар фикр ва мулоҳазалари ўрганилди. Бугунги кунда юртимизда транспорт воситалари ва аҳоли сони ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда жуда катта масъулиятни талаб қилади. Шу билан бирга, йўл инфратузилмасини ҳам ривожлантириш зарур.

    Аслида, ҳаққоний ёзилган жаримага ҳайдовчи ҳам, пиёда ҳам эътироз билдирмайди. Лекин яхши кўринмайдиган, сунъий қўйилган тўсиқ ёки автомобилни жиддий шикастлаши мумкин бўлган чуқурни айланиб ўтаётганда ҳамда бошқа ҳолларда йўл чизиғини босишга жарима қўллаш адолатдан эмас. Айни масалага аҳоли томонидан ҳақли равишда эътироз билдириб келинаётган эди.

    ИИВ маълумотларига кўра, фото-видео қайд этиш техник воситалари орқали биргина йўл чизиқлари билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ўтган йилда 3,3 миллион ҳайдовчи жаримага тортилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида 884 минг ҳайдовчига нисбатан жарима қўлланилган.

    Қарорга мувофиқ, жорий йил 1 июндан бошлаб йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқларни босиш ҳолатларини фото-видео воситалар орқали расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.

    — Ижтимоий тармоқ фаолиман. Кузатишларим давомида тармоқларда эътирозлар ва тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган айрим қоидабузарликлар ҳақидаги гап-сўзлар жуда кўп тарқалган эди, — дейди блогер Асқар Жуманиёзов. — Мисол тариқасида айтиб ўтишим керакки, чорраҳалардаги фото ва видео қайд этиш воситаларидан йўл чизиқлари сабаб келаётган жарималарнинг аксарияти адолатсизликдан бошқа нарса эмас. Чунки ҳайдовчи мажбуран босишга тўғри келган ҳолатлар кўп. Бунга кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз ёки бевосита ана шу қоидабузарлик сабабчисимиз.

    Энди йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга йўл қўйилмайди. Тўхташ чизиғи — “стоп-линия” бундан мустасно экани белгилаб қўйилди.

    Яъни ҳайдовчи чизиқни босиб олса, бу қоидабузарлик фоторадар ёки видеокамера орқали қайд этилмайди, демак, автоматик равишда жарима ёзилмайди. Лекин ЙПХ ходими томонидан аниқланганда, қоидабузарлик ўрнатилган тартибда расмийлаштирилади.

    Одатда дам олиш кунлари саёҳатга чиқамиз. Шундай вақтда энг кўп асабимизни километрлаб чўзилган сунъий тирбандликлар бузади. Сабаби қаердадир йўл таъмирлан­япти ёки йўлга чизиқ тортилмоқда. Бундай таъмир ишларини оддий иш кунларида ҳам қилиш мумкин, аслида.

    Қарорда бу масалага ҳам ечим берилди. 2025 йил 1 июндан бошлаб шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга (дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно) йўл қўйилмайди.

    — Хорижий тажриба ва фуқаролар фикрини инобатга олган ҳолда йўлларда таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни тунги вақтларда амалга ошириш белгиланмоқда, — дейди Э.Бозоров. — Бундай ишлар фақат кечаси, йўллардаги ҳаракат камайган вақтда амалга оширилади. Бу эса, ўз навбатида, тирбандликларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

    Соҳадаги янгиликлардан яна бири шундаки, маъмурий жазолар тизимига янги — “маъмурий огоҳлантириш” таъсир чорасини киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

    Лойиҳага кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ айрим енгил турдаги ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахсларга ДПХ инспектори томонидан огоҳлантириш берилади. Огоҳлантириш бир йил ичида фақат бир маротаба берилиши мумкин.

    Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг олтита моддасида кўзда тутилган қоидабузарликларни содир этган шахслар маъмурий огоҳлантирилиши белгиланди. Хусусан, транспорт воситасини бошқариш вақтида мобил алоқа воситасида гаплашиш, видеодастурларни томоша қилиш мақсадида монитордан фойдаланиш, “Тўхташ тақиқланган” ва “Тўхтаб туриш тақиқланган” қоидаларини бузиш, мажбурий суғурта талаблари ва пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларини бузиш шулар жумласидан.

    Мазкур чора йўл ҳаракати билан боғлиқ айрим енгил турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан инспектор томонидан қўлланилиши мумкин.

    Яна бир муҳим жиҳат. Тақиқловчи ёки тезликни камайтирувчи белги қўйилиб, устига-устак камера ўрнатилган бўлса, амал қилишга мажбурсиз. Гарчи кечаси соат 00:01да темир йўлдан поезд ўтмаётган бўлса-да.

    Бугунги кунда автомобиль йўлини кесиб ўтувчи айрим темир йўлларда ҳафта ёки кун давомида вагонлар ҳаракатланмаса-да, ҳайдовчилар белги олдида тўхташга мажбур ва натижада узун тирбандликлар юзага келмоқда.

    Масалан, Тошкент шаҳрининг Фарғона йўли кўчаси (кўприк олдида), Чўпонота ва Шота Руставели кўчалари кесишмаси, Кичик ҳалқа йўли (Қушбеги) сингари йирик йўлларда зарурат бўлмаса-да, ҳайдовчилар тўхташга мажбур.

    Қарор билан автомобиль йўлларидан ўтган айрим темир йўл кесишмаларида “Стоп” белгилари бошқарилувчи светофорларга алмаштирилиши белгиланди.

    Шунингдек, жамоат транспорти учун ажратилган йўлларда соат 23:00 дан 06:00 га

    қадар бошқа транспорт воситаларининг ­ҳаракатланишига “Тўхташ тақиқланган” ва “Тўхтаб туриш тақиқланган” йўл белгиларига қўшимча равишда уларнинг амал қилиш вақтини ўрнатган ҳолда ушбу ҳудудда тунги ёки бошқа вақтга тўхтаб туришга рухсат берилади.

    — Жамоат транспортига устуворлик бериш, тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида автомобиль йўлларида алоҳида “А” тасмали йўлаклар ажратилган, — дейди Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ахборот хизмати бошлиғи Фирдавс Хайриддинов. — Бу йўлаклар автобуслар ҳаракати учун ажратилган, яъни бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган.

    Қарорга кўра, эндиликда соат 23:00 дан бошлаб деярли барча автобус йўналишлари ўз ишини тугатишини ҳисобга олиб ҳамда қўшимча қулайлик яратиш мақсадида бошқа транспорт воситаларига соат 23:00 дан

    06:00 га қадар алоҳида ажратилган тасмаларда ҳаракатланишига рухсат берилди.

    — Мазкур қарор билан ҳудудларни ўрганиб чиқиб, унинг ўзига хос хусусиятини инобатга олиб, кўчаларда ўрнатилган “Тўхташ тақиқланган” ва “Тўхтаб туриш тақиқланган” йўл белгиларининг мақсадга мувофиқ ўрнатилгани нуқтаи назаридан тўлиқ қайта кўриб чиқилиши белгиланди, — дейди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқарма бошлиғи Анвар Абдуллажонов. — Жумладан, зарурат бўлмаган жойларда ўрнатилган йўл белгилари демонтаж қилинади, уларнинг амал қилиш вақтини кўрсатувчи қўшимча ахборот белгилари ўрнатилади.

    Эслатиб ўтиш керакки, қўшимча ахборот белгиларида белгиланган вақтдан ташқари ҳолатда тўхтаб туриш қоидабузарлик ҳисобланмайди. Қарор билан шу белгиларда кўрсатилган амал қилиш вақтидан ташқари пайтда транспорт воситаларининг тегишлича тўхташи ҳамда тўхтаб туришига рухсат берилди. Масалан, “Тўхтаб туриш тақиқланган” белгисининг тагида амал қилиш вақти соат 07:00 – 21:00 деб кўрсатилган бўлса, транспорт воситалари ушбу белги ҳудудида соат 21:00 дан 07:00 га қадар бемалол тўхтаб туриши мумкин бўлади.

    — Мен яшайдиган уй ёнидаги давлат ташкилоти олдида “Тўхташ тақиқланган” йўл белгиси бор, — дейди ҳайдовчи Санъат Шокиров. — Табиийки, биз ўша уйда яшовчилар автомобилимизни яшаш жойимизга қўямиз. Ачинарлиси, менга машинамни уйимнинг олдига қўйганим учун жарима келди. Бу қарордан хурсандлигим шундаки, энди бемалол кечки пайтдан эрталабгача, яъни белгиланган вақт оралиғида бундай имкониятдан фойдаланишим мумкин. Мен ва менга ўхшаган ўша ерда яшовчилар учун бу жуда қулайлик бўлди.

    Шунингдек, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ҳаракат тезлигини назорат қилишга мўлжалланган ҳар қандай турдаги стационар ва мобил радарлар жойлашган ҳудудда ва унгача камида 250 метрдан кам ҳамда 500 метрдан кўп бўлмаган ҳудудда “Радар” йўл белгисининг ўрнатилиши мажбурий бўлади.

    Шунингдек, қарорга мувофиқ:

    — ИИВ томонидан 2025 йил якунига қадар чорраҳа ва йўллардаги барча махсус техника воситалари тўлиқ хатловдан ўтказилади;

    — хатлов натижалари бўйича ўзбошимчалик билан ёки белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда ўрнатилган, техник ва стандарт талабларига жавоб бермайдиган техника воситалари демонтаж қилинади;

    — ҳайдовчилар томонидан тезликни ошириш ҳолатлари кўплаб кузатилаётган ҳудудларда автомашиналарнинг айни вақтдаги тезлигини кўрсатиб огоҳлантирувчи электрон таблолар ўрнатилади;

    — тадбиркорларнинг махсус техника воситаларидан фойдаланишда шахсга доир маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади;

    — тадбиркорлик субъектларининг ахборот базалари ва сервер қурилмалари “Хавфсиз шаҳар” маркази бошқарувига ўтказилади.

    — Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида фото-видео қайд этиш тизимларидан фойдаланиш янада такомиллаштирилиб, “Хавфсиз шаҳар” маркази томонидан техник назорат ва мониторинг тизими кучайтирилади, — дейди ИИВ “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш маркази директори Улуғбек Куланов. — Яъни давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан ҳамкорликда фото-видео қайд этиш тизимларининг белгиланган янгича талабларга мувофиқ ишлаши таъминланади.

    Жорий йил якунига қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган фото-видео қайд этиш тизимларининг маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш қурилмалари ҳамда дастурий таъминоти босқичма-босқич “Хавфсиз шаҳар” маркази бошқарувига ўтказилади. Тизимларни узлуксиз мониторинг қилиш орқали уларнинг иши тўғридан тўғри ҳамда масофавий равишда доимий назорат қилиб борилади.

    Бугунги кунда муҳим масалалардан яна бири — мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофида соатига 30 километрдан оширмасдан ҳаракатланиш мумкинлигини кўрсатувчи белги. Тартибга кўра, бу белгига ҳар қандай вақтда амал қилишга мажбурсиз. Лекин дам олиш кунлари, кечки пайт, таътил пайтлари, яъни таълим муассасаларида болалар бўлмаган вақтда ҳам бу қоидага амал қилиш мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.

    Шунинг учун ҳам эндиликда мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофидаги йўлларда йўл ҳаракати қоидалари билан белгиланган тезлик чегарасини дам олиш кунлари, таътил даврларида ва 19:00 дан 07:00 гача вақт оралиғида ушбу аҳоли пункти учун рухсат этилган умумий тезлик чегарасигача ошириб ҳаракатланишга рухсат берилмоқда.

    Кўриниб турибдики, бир қарашда кўзга ташланмайдиган, лекин одамлар кундалик ҳаёти давомида дуч келадиган кўплаб масалалар бор. Булар аҳолининг вақти, асаби ва чўнтагига, пировардида умумий самарадорликка таъсир қилади. Шу маънода айтадиган бўлсак, қабул қилинган қарор билан катта муаммоларга етаклайдиган кичик муаммолар бартараф этилмоқда.

    Лутфулла СУВОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates