Аждодлар таълимоти ҳикмат ва ибратдир

    “Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак...” Шавкат МИРЗИЁЕВ,

    Навоийшунос олимларимиз таъкидлаганидек, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори Навоийни англашдан бошланади. Навоийни англаш ўзликни англашдир. Ҳазрат Навоий ибораси билан айтганда:

    Эл нетиб топгай мениким,

    Мен ўзимни топмасам.

    Буюк аждодларимиз юксак даражаларга қандай эришганини уларнинг ҳаёт йўлларига бир назар солиб, ижодларидаги ҳикматларни ўқиб, уқиб ва таҳлил қилиб англашимиз, лозим бўлади.

    Алишер Навоийдек шахслар ўз-ўзидан етишиб чиқмайди, албатта. Бунинг учун ўзига яраша илмий-маданий муҳит мавжуд бўлиши керак. Навоий оиласининг илм аҳли мухлиси бўлган темурийлар саройига яқинлиги унинг баркамол тарбия топишида муҳим ўрин тутган. У темурийзодалар, хусусан, бўлажак султон Ҳусайн Бойқаро билан бирга таълим-тарбия олган.

    Манбаларда кўрсатилишича, Алишер Навоийни 4 ёшида бошланғич мактабга беришади ва у, асосан, диний билимлардан таълим олади. Тўққиз ёшида Қуръони каримни ёд олиб, ўсмирлигидаёқ тўлиқ ўрганади. Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ, тасаввуф, шеърият, адабиёт, тилшунослик, фалсафа ва бошқа илмларни ҳам мукаммал эгаллаб, забардаст олим даражасига етади:

    Илм, Навоий, сенга мақсуд бил,

    Эмдики илм ўлди —

    амал айлагил.

    Демак, камолга етиш учун илм ўрганиш ва унга амал қилиш керак бўлади. Шунинг учун ҳам илм ўрганган олимлар пайғамбарнинг ворислари ҳисобланар экан:

    Бировким қилса

    олимларга таъзим,

    Қилур гўёки пайғамбарга таъзим.

    Қадимий ривоятларда Шарқда 33 мингдан зиёд машойих ўтгани нақл қилинади. Навоий “Насоим ул-муҳаббат” асарида ўша даврда яшаб ўтган тасаввуф шайхлари, машҳур файласуф олимлар ҳақида кўплаб маълумот берган. Бу улуғ алломалар ўз амаллари, ҳаёт тарзлари, юксак ахлоқий фазилатлари, одоб намуналари билан халқни маърифатга, инсофу диёнатга чорлаган.

    Абу Наср Форобийда бундай таълимотни учратамиз:

    “Кишини яхши ишлар қилишга ва гўзал хулқ соҳиби бўлишга даъват этувчи ички (ахлоқий) сифат “фазилат” деб аталади. Одамларни хунук хатти-ҳаракати ва иллатга даъват этувчи иштиёқлар “разолат” дейилади, булар инсондаги камчиликлар ва хатоликлар ифодасидир”.

    Ҳикматнинг биринчиси — саодат манзили ва у ҳамиша ғолибдир. Иккинчиси — жаҳолат ботқоғи ва у мудом мағлубдир.

    Илм соҳиблари фазилатли кишилардир ва улар элда, юртда қадр-қиммат топадилар, меҳр ва ҳурматга сазовор бўладилар. Илмдан бенасиб кишилар эса умрини беҳаловат ва бесамар ўтказади. Илм инсонни шарафлайди ва юксалтиради.

    Одамдан Ҳотамгача, Ҳотамдан шу дамгача яшаган барча олиму фузалоларимиз таълим-тарбияга оид бундай мисолларни кўп ва хўп айтганлар. Буюк юнон олими Аристотель “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деса, ўзимизнинг маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Бизлар учун тарбия ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидур”, дейди.

    Билим олишни истамайдиган, устозига меҳр кўрсатмайдиган, ота-онасининг қадрига етмайдиган, ўткинчи ҳою ҳавасларга берилиб, вақтини беҳуда ўтказадиган ёшларнинг келажаги йўқдир.

    Таълим масканларида устоз-муаллимлари билан гап талашиб, улар устидан куладиган беодоб ва фазилатдан бенасиб қолган ёшлар ҳам улуғ алломаларимиз таълимотидан ибрат ва ўгит олсинлар, илм ва ҳунар ўргатувчи устозларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишни одат қилсинлар. Чунки:

    Ҳақ йўлинда ким сенга

    бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

    Айламоқ бўлмас адо ҳақин

    онинг юз ганж ила.

    Қайси бир ўқувчи-талабанинг устози ҳаққини адо қилмоқлик умри давомида тугамаслигини англагани унинг саодатманд эканини билдиради. Зеро, устоз ҳақи адо этиб, тугатиб бўлмайдиган ҳақдир. Инсон нима экса, шуни ўради.

    Ўз вужудингга

    тафаккур айлагил,

    Ҳар не истарсен —

    ўзингдин истагил.

    Илм-маърифат ва ҳунар ўргатган устозини қадрламайдиган ўқувчи эл-юртига наф келтира олмайди. Агар устозларига меҳр-мурувватли ва тавозели бўлсалар, Ватан, ота-она олдидаги ўз бурчларини бажарган хайрли бир авлод бўлиб, Яратганнинг ҳидоятига эришади. Шоир айтганидек:

    Шогирд агар шайх ул ислом,

    агар қозидир,

    Агар устод андин розидир —

    тангри розидир.

    Илло, илм ўрганишдан мақсад Яратганни таниш, ота-онани рози қилиш, билим ва касб-ҳунар маҳоратини ўргатган устозлар дуосини олишдан иборат бўлмоғи керак.

    Онанг рози этсанг замон сеники,

    На замон, замину осмон сеники.

    Агар отангни ҳам рози этолсанг,

    Ўн саккиз минг олам — жаҳон сеники.

    Буюк аждодларимизининг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий меросини ўрганиш маъносида, иккинчи Ренессанс — маънавий-маданий тараққиёт гуллаб-яшнаган даврда яшаб ижод қилган ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижоди мисолида тарбия, билим, илм, устозлар ҳақидаги ҳикматларидан баҳраманд бўлдик. Хулоса қилдикки, Навоийни англаш учун, авваламбор, ўша даврда илмий муомалада бўлган тилларни яхши ўзлаштириш, Навоий билган ва фойдаланган билимларни ва шу илмларга алоқадор бўлган истилоҳий атамаларни ўрганиш керак бўлади.

    Яна бир мисолни келтирсак. Айтишларича, файласуф шоир Бобораҳим Машрабни дастлабки билимларни олиш учун мактаб (мадраса)га олиб боришади. Устози “Алиф”, “Бе”, деб алифбони ўргатар экан, Машраб “Алиф”нинг маъносини билмасдан, “Бе”, демасман”, деган экан.

    Шу маънода, ҳар бир сўзни ўқиб, уқиш услубини ҳозирги замонавий илм-фанларни ўқитиш жараёнида ҳам қўллашни тавсия этамиз. Чунки ҳар бир фанда фақат унгагина тегишли луғат-истилоҳлар мавжуд ва бу ўқитиш услуби мазкур фанни илмий асосда ўрганиш учун замин бўлиб хизмат қилади.

    Муродҳожи МУХТОРОВ,

    П. Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган

    рассомлик мактаби услубчиси

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates