Академик ҳалоллик замонавий тамойиллар ва мақсадларга уйғун

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 7 январь сонида Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Нодирбек Салаевнинг “Академик ҳалоллик замонавий тамойиллар ва мақсадларга уйғун” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Халқимиз орасида “иккита касб эгалари хато қилишга мутлақо ҳақли эмас” деган гап бор. Булар шифокорлар ва ҳуқуқшунослардир. Сабаби, шифокорлар хатога йўл қўйса, инсон соғлиғига ёки ҳаётига раҳна солиниши мумкин. Ҳуқуқшунослар адашса, бунинг оқибатлари ҳақида ҳатто тасаввур қилиш ҳам оғир. Ҳозир ҳуқуқ, ҳуқуқий таълим ва барқарор ижтимоий тараққиёт ўзаро боғлиқ тушунчаларга айланиб улгурди. Давлат ва жамият олдида турган кўплаб масалаларни ечишда ушбу соҳа эгаларининг масъулияти, ҳалоллиги ва билими ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

    Замонавий профессионал юристларни тайёрлаш юридик фан алифбосини ўргатиш ёки содда қилиб айтганда, юридик таълимдан бошланади. Ҳар бир жамиятда мавжуд ҳуқуқий манзара, энг аввало, юридик мактабда олинган юридик таълимнинг сифати ва стандартини акс эттиради. Демократик жамиятда юридик таълимнинг аҳамиятини ортиқча таърифлашга зарурат йўқ. Ўқитишнинг бу тури пировард натижада нафақат профессионал ҳуқуқшуносларни, балки инсоний қадриятлар ва ҳуқуқларга риоя қилинадиган, қонунга итоаткор фуқаролик жамиятини ҳам яратади.

    Шу маънода, мамлакатимизда юридик таълимни такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар тўғри ўзанда давом этаётганини таъкидлаш жоиз. Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони сўзимиз тасдиғидир. Ушбу ҳужжат билан юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Шулардан бири замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашдан иборат.

    Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат юридик университетида муайян амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 2022–2026 йилларда Тошкент давлат юридик университетини стратегик ривожлантириш дастурини амалга ошириш юзасидан “Йўл харита”сида белгиланган вазифалар асосида шаклланган миллий тажриба, шунингдек, ўқитиш тизими илғор ривожланган хорижий давлатлар амалиёти чуқур таҳлил қилиниб, университетда академик ҳалоллик кенгаши тузилди.

    Дунё, хусусан, АҚШ, Европа давлатлари таълим тажрибасида академик ҳалоллик тушунчаси энг муҳим принциплардан ҳисобланади. Ушбу тамойилнинг замонавий академик соҳадаги етакчи роли университетнинг учинчи (таълим ва илмий тадқиқотлардан сўнг) мақсади — давлат хизматини бажариш ва уни амалга оширишда юзага келган олий таълимни оммалаштириш жараёнида намоён бўлади.

    Академик ҳалоллик тушунчаси 1990-йиллардан бери “academic integrity” (академик ҳалоллик) ғоясини фаол муҳокама қилиб келаётган АҚШлик олимлар томонидан муомалага киритилган. У ўқиш ва ёзма ишлар (тест, эссе, битирув-малакавий иши ва диссертация) ни бажариш, оралиқ ва якуний назорат, имтиҳон саволларига жавоб бериш, тадқиқот ўтказиш, билимни намоён этиш, педагоглар ва бошқа ходимлар ҳамда талабалар билан муносабатларда ҳалолликни ифода этадиган қадрият ва тамойиллар мажмуидир.

    Тадқиқотни амалга ошириш жараёнида маълумот, илмий натижа, усул ва илмий нашрнинг ҳолатини ҳаққоний ва холисона кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, кўчирмачилик, маълумотларни сохталаштириш ва қалбаки маълумотларни яратишга йўл қўймаслик лозим. Академик ҳалоллик кенгаши университетда педагогик жараёнга инновацион, илғор ва халқаро таълим стандартларини жорий этиш, ўқитиш сифатини таъминлаш талабларига риоя этилишини назорат қилади.

    Хусусан, ўқув давомида кредит-модуль тизими, замонавий ўқитиш технологиялари ҳамда интерактив услубларни кенг жорий этиш, таълим жараёнида академик ҳалолликни таъминлаш ва унга қатъий риоя этилишини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади. Таълим сифатини ошириш ва академик ҳалолликни таъминлаш осон иш эмас.

    Шу боис, бу борада кенгаш бир қатор стратегик вазифаларни бажаради. Жумладан, университетнинг академик ҳалоллик сиёсатини белгилайди. Ўқув адабиётлари, хусусан, дарслик, ўқув-услубий қўлланмалар сифатига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш, эълон қилиш ва ўқув адабиётларини сифат талаблари бўйича қайта нашрга тавсия этишда иштирок этади. Дарсликлар, жумладан, хорижий адабиётлар фондини мунтазам янгилаб бориш юзасидан тавсиялар беради.

    Чет эллик мутахассисларнинг ўқув-илмий адабиётларини таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказишда ҳам кенгашнинг ҳиссаси катта. Мамлакатдаги ислоҳотларнинг замонавий босқичидаги эҳтиёж ҳамда чет эл илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликларининг малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилишини таъминлайди.

    Клиник юридик таълимни ривожлантириш йўли билан ўқув жараёни ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасида узвий алоқани таъминлашга кўмаклашади. Хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда ўқув жараёнига чет эллик олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш, профессор-ўқитувчиларнинг дарслари сифатини таҳлил қилиш каби ишларда академик ҳалоллик кенгашининг иштироки алоҳида аҳамиятга эга.

    Ушбу вазифаларни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад ўқитишнинг илғор услубларидан кенг фойдаланиш, замонавий талабларни инобатга олган ҳолда таълим стандартларини модернизациялаш, ўқув дастурлари, юридик таълим ва фан тизимини доимий такомиллаштириб боришга қаратилган. Қолаверса, халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошликни таъминлаш, юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни бажариш орқали юридик таълим самарадорлигини кўтаришга эришилади.

    Давлат ва жамиятга ҳалол хизмат қиладиган, замонавий фикрлайдиган, билимли ва инсоний қадриятларни англайдиган, садоқатли ва профессионал юристларни тайёрлаш айни пайтда Тошкент давлат юридик университетининг энг муҳим мақсадидир. Академик ҳалоллик кенгаши бу мўлжалга етиш йўлида ўзига хос иштироки билан ҳисса қўшади.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates