«Чиғатой гурунги», Янги алифбо қўмитаси, Тил-термин қўмитаси сингари ташкилотлар томонидан XX асрнинг 20–30 йилларида ўзбек тилининг илмий асослари, янги лотин ёзуви, имло қоидалари ишлаб чиқилди. Бундай тадбирлар натижасида илк миллий дарсликлар, қўлланмалар, грамматикалар ва луғатлар яратилди.
Бу масалада маърифатпарвар боболаримиз, хусусан Фитрат, Мунавварқори, Шокиржон Раҳимий, Элбек ва Ашурали Зоҳирий каби жадидларнинг хизматлари беқиёс. Улар ўзбек тилини илмий асосда ўрганишга киришиб, араб ва рус грамматикаси андозасидан воз кечиб, миллий тил руҳига мос имло ва грамматикани яратишга ҳаракат қилдилар.
Жадидлар учун алифбо шунчаки ёзув эмас эди – бу миллат келажагини белгиловчи восита эди. Улар ўзбек ёзувининг келажагини араб ёки рус графикасида эмас, лотин ёзувида кўрганлар. 1926 йилда илк бор лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тасдиқланди. Бу янги ёзув – халқни маърифатга олиб чиқишнинг калити эди.
Афсуски, 1940 йилда бу ҳаракатлар сиёсий қатағонга учради. Жадидлар қамалдилар, уларнинг кўплари отилди. Лотин ёзувида яратилган асарлар ёқилди, халқ кирилл ёзувига ўтишга мажбур бўлди. Аммо орадан йиллар ўтиб, тарихий адолат қарор топди – Ўзбекистон мустақилликка эришгач, биз яна лотин ёзувига асосланган алифбога қайтдик.
Лотин ёзувига ўтганимизга қарийб 30 йилдан ортиқ вақт ўтишига қарамасдан икки ёзувлилик ҳали ҳануз барҳам топмади: истаган кирилл ёзувида, истаган лотин ёзувида ёзяпти. Мазкур муаммони ҳал қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 61-сонли қарори (2021 йил 10 февраль) қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда 2023 йил 1 январдан бошлаб ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиётининг тўлиқ жорий этилиши белгиланган. Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритишга тўлиқ ўтишини таъминлаш кўрсатилган. Шундай бўлса-да, газета, журналлар ҳалигача кирилл ёзувда чиқариляпти, бадиий асарлар ҳамон кирилл алифбосида чоп этиляпти.
Ёзувдаги бундай тартибсизлик жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айланган. Кекса авлод лотин ёзувидаги матнларни тушунишда қийналяпти, ёшлар эса адабий меъёрдан четлашган, аралаш ёзув ва лоқайд нутққа ўрганиб қоляпти. Бу эса, миллатнинг маданий негизини емиради. Кирилл ва лотин графикасининг ёнма-ён ишлатилиши қонунийликка, маданиятга, энг ачинарлиси — тил обрўсига зид. Шокиржон Раҳим айтганидек, “касал ёзув” – бу руҳий таназзулнинг белгиси.
Аммо тилга муносабат фақат афсус билан ўлчанмайди. Энди бу борада амалий ҳаракатлар ва қатъий ислоҳотлар даври келди. Аввало:
кексалар учун лотин ёзуви бўйича махсус курслар ташкил этилиши;
расмий ҳужжатларда ягона ёзувга қатъий амал қилинишига эришиш;
Оммавий ахборот воситалари ва таълим тизимида адабий тил меъёрларининг мустаҳкамланиши – долзарб масалага айланиши лозим.
Бу борада Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган ПФ-5850-сонли фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги 34-сонли қарори тарихий қадам бўлди. Мазкур ҳужжатлар асосида барча давлат идораларида давлат тилига риоя этилиши бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди.
Бу лавозимдаги шахсларнинг меҳнати кўпчиликка кўринмас, аммо ўта масъулиятлидир. Ҳар бир расмий ҳужжатдаги имло, услуб ва тиниш белгиларидаги аниқлик, реклама матнларининг тўғри ёзилиши, пешлавҳалар, географик номлар адабий меъёрларга мос ёзилиши – буларнинг барчаси уларнинг эътиборида.
Ташқи ёзувларни давлат тилида тўғри ва меъёрий расмийлаштириш — бу фақат маслаҳатчиларнинг вазифаси эмас, балки ҳар бир фуқаронинг миллий бурчи ва маънавий масъулиятидир. Она тилга ҳурмат — Ватанга садоқат ифодасидир. Хато ёзувлар ва бошқа тиллардаги номлар нафақат эстетик, балки маънавий нуқсон ҳисобланади. Тилини ардоқлаган халқ – ўз тарихини ва келажагини асраган халқдир.
Бугун эса ўша фидойиларнинг орзуси — ягона, адабий меъёрга асосланган, миллий руҳга содиқ ёзувни барпо этиш барчамизнинг бурчимизга айланиши керак. Ҳар бир тўғри ёзилган ҳарф – бу тарихга ҳурмат, келажакка ишонч. Ҳар бир хато ёзилган матн – бу миллат хотирасига хиёнатдир.
Алифбо – миллат кўзгуси, ёзув – унинг абадий ёдгорлигидир. Тилни асраш – шунчаки тўғри ёзиш эмас, балки миллатни, маданиятни, асраш демакдир.
Шуни ёдда тутайлик: алифбо тақдири – тил ва миллат тақдиридир.
Гулноза Собирова,
Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани ҳокимининг
давлат тилида иш юритиш масалалари бўйича маслаҳатчиси.








