Миллатнинг маънавий тимсоли

    Тилнинг барҳаётлиги, шубҳасиз, унинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган инсонларга боғлиқ. Ҳозир катта бир оилани бирлаштириб турган ўзбек тилида сўзлашувчиларнинг 60 миллионга яқин экани ҳам унинг халқаро майдондаги даражасини белгилайди.

    Тил ҳар бир халқнинг ўзлик булоғидир. унда халқ бошидан кечирган воқеа ва ҳодисалар жамланган. Ҳозирги кунда она ер бағрида 8 миллиард одам, турли миллат вакиллари яшайди. Яқин-яқингача улар 7-8 мингта тилда гаплашган. Бугун мавжуд тиллар сони 6 мингга қадар тушиб кетган. Ачинарлиси, бу тилларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида.

    Юқоридаги рақамларга эътибор берсак, унинг ортида атом бомбаси таъсиридан қолишмайдиган даражадаги таназзул ётибди. Яъни бир неча минг халқ ўз сўзлашиш забонидан айрилган. Таниқли адиб Пиримқул Қодиров “ҳар бир халқнинг она тили ватаннинг маънавий тимсоли ҳисобланади. Демак, тилидан айрилган халқ маънавий ватанидан жудо бўлади”, дея жуда тўғри фикрни илгари сурган эди. Агар миллатнинг маънавий қиёфаси бўлмаса, бу ўз-ўзидан халқнинг қадриятларини ушлаб турган устуннинг қулашидир. Яъни юқорида рақамлар қанчадан қанча халқлар маънавий қиёфаси ёхуд ўзлигидан айрилганини билдиради. Тасаввур қилинг-а, миллат бор-у, унинг боласи бошқа тилда алла эшитади. Руҳи бошқа миллатнинг дунёқараши билан камол топади…

    Бефарқлик — иллатларнинг бош омили

    Бугунги шиддатли давр ҳар бир миллатдошимизга масъулият юклаш билан бирга бир мушт бўлиб курашишни ҳам талаб қилмоқда. Айниқса, элнинг борлиги ва бирлиги рамзи бўлмиш тил масаласида. Она тилимизга давлат тили мақоми берилганда халқимиз ҳақли равишда қувонган. “Мен ўзбекман, ўзимга бекман”, дея ўз она тилида эркин гапира олмай, ватан озодлиги, тилнинг собитлиги учун жон олиб, жон берганларнинг руҳи шод бўлди. Аммо орадан йиллар ўтиб, тилнинг барҳаётлиги фақат қарорларга боғлиқ эмаслигини англаб бормоқдамиз.

    Тил ривожи давлатнинг иқтисодий қудратига ҳам боғлиқ. Бугун юқори саноатлашган давлатлар нафақат иқтисодий таъсир кучи, балки бунинг ортидан тили ва бошқа қадриятларини халқаро майдонда ёйишга бор кучи билан ҳаракат қилмоқда. Афсуски, бунинг таъсир кўлами юртимизда ҳам, ёш авлод дунё қарашида ҳам сезила бошлади.

    Биргина пойтахтимиз кўчаларини кузата туриб, бу юрт қайси миллатга тегишли эканини билиш қийин. Ҳар қадамда учрайдиган тадбиркорлик қўналғаларининг пештахталарига илиб қўйилган ажнабий сўзларни кўриб кўзимиз тўйди, эшитавериб қулоғимиз ўрганди. Ёмони, ўша дўконда ёки бошқа саноат соҳасида ишлаётган инсонларнинг аксарияти пештахтага ёзилган сўзнинг маъносини билмайди. Йилда бир-икки бора хорижлик меҳмон у тадбиркорлик объектига кирадими ёки йўқ, ном хорижники. Бунга шунчаки бефарқлик дея қараш керакми? “Ном қўйган билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди, муҳими, она тилимиз қалбимизда бўлиши”, дейдиган “ватанпарвар”лар ҳам топилишидан ажабланасан.

    Инсоннинг комиллиги, шахслиги ортида тоза руҳ ётади. Бу руҳни сўз юксалтиради. Бешикда ётган боланинг руҳи сўз билан улуғланади. Бир кун келиб, у сўз орқали ота-онани, оға-инини танийди, оила деган муқаддас қўрғоннинг ҳимоячисига айланади. Миллатнинг қанотига айланиб, ватаннинг эрку озодлиги йўлида белини маҳкам боғлайди. Яъни бир инсоннинг ўзини, ўзлигини таниши йўлидаги ягона кўприк — она тили. Унинг йўқолиши миллатнинг мустақиллигини, элнинг борлигини сўроқ остига олади. Бундай масалалар ечими эса, албатта, қонуний асосни талаб этади.

    Энг муқаддас бурч

    Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони давлат тилига оид масалаларни тизимли ҳал этишга хизмат қилмоқда. Фармон билан 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланган. Давлат тилини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Бугунги кунда 350 дан ортиқ вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органида раҳбарнинг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.

    Эътибор берсак, чекка вилоятларда эски тузумдан қолган номлар жуда кўп учрайди. Айни дамда тил маслаҳатчилари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўтган даврда 100 мингдан ортиқ географик объектнинг номи белгиланган тартибда давлат реестрига киритилди.

    Тилнинг барҳаётлигини таъминлайдиган асосий омиллардан бири саводхонлик даражасидир. Бугун нафақат ўзаро ёзишмаларда, балки маҳаллий ташкилотлар ва идораларда юритиладиган хат-ҳужжатларда хатолар кўплиги кўзга ташланади. Ачинарлиси, уларнинг бир қисми ҳамон давлат тилида юритилмаётгани одамни ўйлантиради.

    Шунингдек, кўчаларда берилаётган эълонларнинг аксарида хатолар учраши ҳам одатий ҳол бўлиб қолди. Албатта, бунга қарши чоралар кўрилмоқда. Масалан, сўнгги вақтларда ҳудудлардаги 150 мингдан ортиқ ташқи ёзув давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилган.

    Она тилимизнинг қўлланишини замон талабларига ҳамқадам қилишимиз, шунингдек, ўзбек тилида интернетдан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш керак. Бунинг учун, аввало, бошқа тиллардан ўзбек тилига таржима қиладиган электрон тизимлар, луғатлар яратишимиз зарур. Шунингдек, дунё миқёсидаги замонавий фанларга доир илмий асарларни ўзбек тилига таржима қилишимиз керак. Бу борада ҳам ҳаминқадар ишланмоқда. Мисол учун, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2020-2024 йилларда 58 номда 152 минг нусхадан ортиқ соҳавий луғат ва қўлланма чоп этилди.

    Давлат тилини рақамлаштириш борасида муайян ишлар қилинди. Масалан, “Ўзбек тили изоҳли луғати”нинг веб-сайти — izohli.uz яратилди. Ўзбекча матнларни таҳрир қилиш ҳамда уларни лотин ва кирилл ёзувига ўгириш, сўзларнинг луғавий маъносини кўрсатишга мўлжалланган tahrirlovchi.uz электрон дастури ишга туширилди.

    Она тили умуммиллат мулкидир

    35 йил кам муддат эмас. Бу фурсатда тилимизнинг грамматик қоидалари шакллантирилди. Шу билан бирга, ҳал қилиниши зарур масалалар ҳам бор. Шулардан бири ўзбек тилини илм тилига айлантиришдир. Аксарият илмий ишлар, мақола ва диссертациялар ўзбек тилида ёзилаётгани қувонарли ҳол. Аммо элакни сувдан кўтариб, атрофга реал кўз билан қарасак, бу борадаги ишлар талайгина эканига гувоҳ бўламиз. айрим илмий ишлар ҳамон хорижий тилларда ёзилиб, ўша тилда ҳимоя қилинмоқда. Эҳтимол, олим дунё миқёсидаги энг долзарб мавзуда илмий иш ёқлагандир. Аммо ўз тилининг аҳамиятини билмай туриб, бу мавзунинг инсоният учун муҳимлигини қандай тушунтиради? Паспортига “ўзбек” дея ёзиб қўйилганини улар шу йўл билан исботлаяптими? Хўш, унинг ўз тилида ёзмаслигига нима халақит бермоқда?

    Шу ўринда Эркин Воҳидовнинг сўзлари ёдга келади: “Она тили умуммиллат мулкидир, демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир. Эски тузум барбод бўлди. остановка турганда бекат, район турганда туман, вилка турганда санчқи дейишга нима бор, дегувчиларнинг даври ўтди”.

    Тилнинг ҳам уволи бор, дейишади. Бугун ажнабий сўзлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганини кўриб мум тишлаб ўтирсак, ёш авлодни қандай қилиб она тилимизга ҳурмат руҳида тарбиялаймиз?!

    Шу ўринда бир масалага тўхталсак. Тилимиз, мазкур мавзу атрофидаги масалалар ҳақида кўп гапирилмоқда. Ҳатто бу борада қонунлар қабул қилинмоқда. Лекин ҳар ким ўз-ўзига савол бериб кўрсин-чи: тилимизни кимдан муҳофаза қиляпмиз? она тилида ўзаро мулоқотда шевада гапиришдан фахр туядиган миллатдошданми ёки ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларда саводхонликнинг кўчасидан ўтмаган, хорижий тилни ўрганиб, ўзга давлатга кетиш мақсадида ўзбек тилида гаплашишдан ийманадиган ёшларданми? ёки хат-саводсиз ҳам яшаш мумкинлигини исботлашга уринаётган инсонларданми?

    Тил ўрганиш яхши. Бежиз улуғлар “иш билганга бир танга, тил билганга минг танга”, демаган. Бошқа давлатларнинг ютуғини ўша тилда ўрганиш шахс камолоти йўлида катта вазифани ўтайди. Аммо буни ўз тилимизни оёқости қилиш билан амалга ошириш керак эмас.

    Тил ҳимояси бир кишининг қўлидан келмайди! Унга шу миллатга мансуб барча инсонлар бирдек масъул. Уни ҳимоя қилиш учун тилшунос бўлиш ҳам шарт эмас. Ҳар бир ота-она фарзандида ўз она тили ҳақидаги тасаввурларни тўғри шакллантириб, унга она тилига бўлган тоза руҳни сингдириши энг муқаддас бурч.

    Бугун тилимиз борасида қилинаётган ишлар самараси одамни қувонтиради, албатта. Шу билан бирга, ҳар бир инсон бу йўлда енг шимариб келажак учун ҳаракат қилиши зарур. Биз тилимизга ачиниб қарамай, балки ундан фахрланиш туйғусини ҳис этиб яшашимиз керак.


    Сардор ТОЛЛИБОЕВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    

    “Янги Ўзбекистон“ газетасининг 212-сонида (2024 йил 19 октябрь) чоп этилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates