Она тилимизнинг “тили” бўлганда ёхуд унга хиёнат қилмоқ хайрли битмас

    Баъзида ўйлаб қолади одам, бизнинг қадриятларга муносабатимиз лов этиб ёниб, сўнгра ўчган оловга ўхшайди. Аҳён-аҳёнда бийрон сўзлаб мақтаймиз-у, яна жим бўлиб кетамиз. Лекин она тилининг қадр-қиммати масаласида бундай муносабат қимматга тушмасмикин?

    Ҳадемай мамлакатимизда Ўзбек тили байрами кенг нишонланади. Унинг арафасида худди эрта баҳор олдидан ўт-майсалар ниш ура бошлагани каби тил жонкуярларига ҳам “тил киради”. Ижтимоий тармоқларда ўзбек тилининг мақоми ҳақидаги мақолалар, ажнабий сўзларнинг кўпайиб бораётгани-ю, бутунлай “оврўполашиб” кетаётган дўконлар, умумий овқатланиш шохобчалари номлари... Айниқса, ўзбек тилини ривожлантиришга масъул давлат ташкилотларининг тадбирлари, байрамлари кўпайгандан кўпаяди. Мактабларда ҳам ўзбек тили ҳақидаги ҳикматлар ёзилган деворий суратлар чоп эттирилиб, болаларга она тили ҳақида шеърлар ёдлатилади. Олийгоҳлар эса ижтимоий лойиҳалар ташкиллаштириб, одамларга тил байрамини эслатишга ҳаракат қилади. Агар она тилимизнинг “тили” бўлганда бундай эътибордан юраги ҳаприқиб, тинмай раҳмат айтган бўларди, назаримизда. Лекин буларнинг аксарияти байрам ўтгунча эканини у қаердан билсин?!

    Баъзида ўйлаб қолади одам, бизнинг қадриятларга муносабатимиз лов этиб ёниб, сўнгра ўчган оловга ўхшайди. Аҳён-аҳёнда бийрон сўзлаб мақтаймиз-у, яна жим бўлиб кетамиз. Лекин она тилининг қадр-қиммати масаласида бундай муносабат қимматга тушмасмикин?

    Бир қарашда, тил шунчаки кишилар орасидаги мулоқот воситаси. Бироқ унинг башарият, миллатлар тақдиридаги улкан аҳамиятига синчиклаб назар солар экансиз, тил шунчаки восита эмаслигига амин бўласиз. Миллатларнинг жипслашуви, тараққаётга эришувида тил муҳим марказ вазифасини ўтаб келган. Сабаби, ҳар қандай қалбга йўл даставвал тил ёрдамида очилади. Тиллар қанча қадимий бўлса, унинг қуввати, таъсир қилиш механизми шунчалик юқори бўлади. Шукрки, она тилимиз ана шундай қувватли тиллар сирасига киради.

    Олимлар она тилимизнинг ривожланиш тарихини уч босқичга бўлган: қадимги туркий, қадимги ўзбек ва замонавий ўзбек тили даврлари.

    Биринчиси — қадимги туркий тил. Ушбу босқич V-XI асрларни қамраб олади. Бу даврда турклар Сирдарё, Амударё ва Зарафшон қирғоқлари бўйлаб ҳинд-эрон қабилаларини аста-секин чиқариб юборган. Алоқа воситаси қадимги туркий тил бўлиб, унинг асосида кейинчалик кўплаб Осиё тиллари пайдо бўлган. Бугунги кунда қадимги туркий ёзувнинг фақат ўша даврга тегишли маданий ёдгорликларда тасвирланган қисмлари мавжуд.

    Кейингиси – қадимги ўзбек тили. Мазкур босқич XI-XIX асрларга тўғри келади. Шу вақт ичида ўзбек тили кўплаб қўшни тиллар таъсирида ривожланди. Бирлашган ва ривожланган адабий тилни яратган Алишер Навоий тилнинг шаклланишига улкан ҳисса қўшди. Бу шаклда у XIX асрнинг охиригача ўзгаришсиз ишлатилган.

    Ниҳоят – ҳозирги ўзбек тили. ХХ асрда замонавий ўзбек тилининг шаклланиши бошланди. Фарғона лаҳжаси унинг асосини ташкил этади. Адабий тил нормалари янада демократлашди, бу эса уни анча соддалаштирди.

    Демак, манбаларга асослансак, тилимизнинг шартли тарихи ўн беш асрдан зиёд. Бу эса уни асраш масъулияти нақадар улкан эканини англатади. Хўш, бу масъулиятни қанчалик уддалаяпмиз? Биздан кейинги авлодга уни бекаму кўст етказиб бера оламизми, ўзи бу ҳақида ўйлаб кўрамизми?

    Бир сафар тил муҳокамасига бағишланган даврада шу савол ўртага ташланди: Нега биз сўзлашув жараёнида кўп сўзларнинг ўзбекча муқобилини билган ҳолда ажнабий шаклларини ишлатамиз? Нега тилимизни алиштиряпмиз? Жавоблар турлича бўлди. Бироқ барчасида якуний хулоса оиладаги муҳит ҳамда бошланғич таълимга бориб тақалгани мени ўйлантириб қўйган эди. Ростан ҳам ўзбекона оилада она тилимизга жиддий эътибор қаратамизми? Фарзанд эсини таний бошлаганиданоқ унга тил ўрган, тил ўрганмасанг, ҳеч ким бўлолмайсан, унинг боласини қара, бунинг боласини қара, деб “енгил зарбалар” беришни бошлаймиз. Лекин мен шу пайтгача фарзандидан “Болам, ўз она тилингни қанчалик биласан?” дея сўраган ота-онани кўрмадим ёки эшитмадим. Нега, чунки биз ўз она тилимизга келажакда муваффақият келтирадиган билим сифатида қарамаймиз.

    “Ҳа, тил билса, яхши ишларга жойлашади”, “Ҳа, тил билса, маошига қўшиб берилади”, “Ҳа, тил билса, дунё кезади”... Эҳ-ҳе, ўзимиз учун ясаб олган “сабаб”ларнинг қатори анча узун. Она тилини билмаса-чи? Инсон она тилини унутса, ундан уялса нима бўлади? Маошини камайтиришадими, ишга олишмайдими? Ёки чет элга хизмат сафарларига юборишмайдими? Афсуски, мамлакатимиздаги кадрлар тизимида бу ҳол кўп учраётир. Ҳозир ҳам аксарият давлат ва нодавлат ташкилотларининг ишга қабул қилиш талабларининг бир бурчагида “номзодлар фалончи тилни билиши шарт” деган талаб туради. Қизиғи, ўша лавозимларнинг мажбуриятлари билан батафсил танишиб чиқсангиз, хорижий тилни билишга оид ерини излаб топа олмайсиз. Рухсат берсангиз, айтиб кетай – бу мен учун жамиятимиздаги энг тушунарсиз ҳолатлар қаторида энг олдинги ўринларда туради.

    Бир гал хориждаги таниқли университетлардан бирини тамомлаб келган танишим нуфузли давлат ташкилотига ишга кириш учун суҳбатга чақирилгани, барча босқичлардан муваффақиятли ўтгани, бироқ рус тилини яхши билмаслиги туфайли “йиқилгани” ҳақида айтиб берганди. Ачинарлиси, унинг касби дастурчилик эди ҳамда дастурлаш учун энг асосий тил ҳисобланган инглиз тилида бекаму кўст мулоқот қила оларди. Танишим охир-оқибат ўзига муносиб иш топа олмагани учун яна хорижга қайтиб кетди. Кўрдингизми, бир қарашда шунчаки ғалати туюладиган бу “анъана” келажагимиз эгалари учун қандай фожиага сабаб бўлиши мумкин. Аслида бундай ҳолатга дуч келган танишлар ҳаммамизда керагидан ортиқ топилади.

    Айнан кадрлар сиёсатидаги бу жиҳат туфайли ота-оналар фарзандини хорижий тилга ўқитиладиган боғчаларга бергиси келади, тўла хорижий тилда ўқитиладиган мактабларда ўқитишни истайди. Ахир қайси ота-она ўз фарзанди келажакда тил билмаслиги туфайли ишга кира олмай, қийналиб юришини истайди?!

    Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бошқаларга, деганларидек, телевизорда, газета-журналларда тил ҳақида узундан узун маърузалар қиладиган аксарият зиёли инсонлар ҳам фарзандини хорижий тилли мактабларда ўқитаётганини кўриб ёки эшитиб эса тилни асраш борасида иммунитетимиз ҳали анча нимжонлиги ҳақида ўйлаб қолгандим. Бу худди анча олдин эшитганим бир ҳикояни эслатади. Қадимда бир файласуф яшаб ўтган экан. Унинг шогирдлари кўп бўлиб, таълим олиш учун ҳатто қўшни мамлакатлардан ҳам излаб келаркан. Файласуф шогирдларини, асосан, тўғриликка чорлар, зарарли одатларни йўқотишга даъват қиларди. Шогирдлар эса бу тарбияга қатъий амал қилиб, устози каби умр кечиришга интиларди. Кунларнинг бирида уч-тўрт мусофир шогирд қоқ ярим тунда файласуф маст аҳволда уйга қайтаётганига гувоҳ бўлиб қолибди. Табиийки, файласуфни саволга кўмиб ташлашибди. Файласуф эса уларга “айтганимни қилинглар-у, қилганимни қилманглар”, деб жавоб берган экан. Шундан кейин устозидан ихлоси қайтган шогирдлар ўз юртига қайтиб кетибди.

    Дарҳақиқат, бугун тил борасида жон куйдираётган кўпчилигимизда аҳвол шундай. Яъни тилга эътиборсизлик жамиятнинг энг қуйи бўғинларидан бошланиб келади. Бундай вазиятда айрим олимларнинг ўзбек тили равнақини ошириш борасидаги таклифлари самара беришига ҳам шубҳа билан қарайсан киши.

    Уларга кўра, ўзбек тилининг обрўсини ошириш учун мактабларда она тили ва адабиёт фанлари учун ажратилган соатларни кўпайтириш, олийгоҳларда айни соҳадаги йўналишларга қабул квоталарини ошириш, хорижий мамлакатларда ўзбек тилини тарғиб қилувчи марказлар ташкил қилиш, шунингдек, ўзбек тилида жаҳонга машҳур бўлишга лойиқ асарлар ёзилиши керак. Бироқ бу оламшумул вазифалар амалга оширилса-ю, мамлакатнинг ўзида она тилининг қадри ҳаминқадар бўлса, кимга не наф?!

    Нима қилиш керак? Албатта, муҳокама бор ерда таклиф ҳам бўлиши лозим. Бироқ тилнинг қадри бир кунда ёки бир ойда юксалиб қолмайди. Дарҳақиқат, бешикдаги болага она тилига муҳаббатни сингдира бошласангиз, у келажакда тилига хиёнат қилмайдиган бўлиб вояга етиши мумкин. “Эҳ-ҳе, бунга жуда кўп йиллар керак бўларкан-ку”, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо бешикдаги болага ҳам тилга муҳаббатни сингдириш учун инсоннинг ўзи-да она тилини севиши керак. Хуллас, бу хусусият ҳар биримизнинг ўзимизда бўлмас экан, тилимизни бошқа тилларга “алиштириб” яшашда давом этаверамиз.

    Анча илгари амакимга бозордан телефон олиб келиб бердим. Янги телефон бўлгани боис, дастлабки созламаларни тартибга солиш талаб қилади. Созламалар орасида қурилма тилини танлаш ҳам бор. Амакимдан “қайси тилни танлай”, деб юзландим, у “ўзбек тилиси ҳам борми?” деб сўради. Ҳа, дедим. Шунда амаким “Бор бўлса, ўйлаб ўтирмасдан, ўзбек тилини танла, бор имкониятдан фойдаланиш керак”, деганди. Оддийгина кечган суҳбат хаёлимда худди мангуга муҳрланиб қолгандай бўлди. Айрим амалдорларнинг, эл таниган инсонларнинг ўз халқи олдида она тили қолиб, бошқа тилда гапиришига гувоҳ бўлсам, ҳар гал амакимнинг ўша гапи ёдимга тушаверади – нега она тилимиз бор бўла туриб, ундан фойдаланмаймиз?!

    Бир анжуманда тушлик пайти ўзбек тилини анча яхши ўрганган корейс аёл билан ёнма-ён ўтириб қолдик. Ўзбек тилини адабий шаклда ўрганган бўлса керак, деб ундан санчқини узатиб юборишни илтимос қилдим. У тушунмади чоғи, “вилькани узатиб юборинг, илтимос”, деб такрорладим. Узатаркан, “бу санчқи дейиладими ўзбек тилида?” деб ҳайрон бўлиб сўради. Бироз ўйланиб, нега шундай чиройли номи бор экан, бегона тилдаги “вилька” сўзини ишлатасизлар, деди.

    Ҳозир ўйлайман, агар ўша корейс аёл ўзбекча муқобили бор минглаб сўзларимиз ўрнига ажнабий сўзларни ишлатишимизни билса... Ахир ҳар қадамда, ҳар соатда, ҳар даврада тилимизга муттасил хиёнат қилаётган биздек миллат яна қайда бор? Она тилимиз бу хиёнатимизни юзимизга сола олмайди, сабаби унинг “тили йўқ”. Бундай вазиятда унинг аста-секин нураб, камайиб, йўқолиб боришдан бошқа чораси қолмайди.

    Тилимизнинг билинмасдек туюлаётган бу таназзулига бефарқ қараб турмайлик. Ахир у “она” нисбати берилган жуда кам сонли неъматлардан бири. Она инсон учун қанчалик керак бўлса, тил ҳам миллат учун шунча муҳим. Шундай экан, она тилимизнинг навбатдаги шодиёнаси олдидан ҳар биримиз ўзимизга зарур хулосалар чиқара олишимиздан умидвормиз.


    Жонибек АЛИЖОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири


    “Янги Ўзбекистон“ газетасининг 211-сонида (2024 йил 18 октябрь) чоп этилган.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates