Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ҳайкал пойида йиғилганларга байрам табригини йўллади.
Шундан сўнг асосий байрам тадбири Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мажлислар залида давом этди. Унда ёзувчи ва шоирлар, олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Сайид, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, филология фанлари доктори, профессорлар – Пердабой Нажимов, Низомиддин Маҳмудов, Баҳодир Каримов тадбирда нутқ сўзлаб, қорақалпоқ тилининг бой тарихи, адабиётининг ўзига хос ютуқлари, бадиий савияси ҳақида фикр билдирди.
Қорақалпоқ тилида янграган куй-қўшиқлар йиғилганлар кўнглига байрам шукуҳини бахш этди.
Қорақалпоқ тили — туркий тилларнинг қипчоқ гуруҳига мансуб тиллардан; қозоқ ва нўғай тиллари билан биргаликда қипчоқ тилларининг қипчоқ-нўғай гуруҳчасини ташкил этади. Асосан, Қорақалпоғистонда, шунингдек, Хоразм, Навоий, Бухоро вилоятлари ҳамда Қозоғистон ва Туркманистоннинг унга қўшни ҳудудларида, Россия федерацияси ва Афғонистонда тарқалган.
1989 йил 1 декабрь – Қорақалпоғистон тарихидаги муҳим саналардан бири. Айни шу куни Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган.
Маълумот учун, қорақалпоқ ёзуви ҳам худди ўзбек ёзуви каби бир неча босқичларни бошидан ўтказган. У 1928 йилгача араб алифбоси асосида ёзилган бўлса, кейин лотин алифбосига ўтди. 1940 йилда кирилл ёзувига, 1994 йилда эса яна лотин алифбосини қабул қилган.
Бугунги кунда қорақалпоқ тилини янада бойитишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, қорақалпоқ тилидаги янги дарсликлар билан қўлланмалар, бадиий китоблар нашрдан чиқарилаётгани, илмий анжуманлар ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилаётгани, Ибройим Юсупов номидаги қорақалпоқ тили ва адабиёти фанини чуқур ўргатишга ихтисослашган ижод мактабининг очилганини қайд этиш мумкин. Адиблар хиёбонида қорақалпоқ шоир ва ёзувчиларининг ҳайкаллари ўрнатилиши шулар жумласидандир.