Давлат тилининг ижтимоий-сиёсий жараёндаги ўрни

    Тил бу нафақат одамлар ўзаро мулоқот қилиши учун восита, балки маданиятнинг энг муҳим таркибий қисмларидан биридир.

    Тарихий фактларга асосан, тил бир миллатнинг хусусиятларидан ташқари, ўша халқ қудратининг кўрсаткичи ҳам ҳисобланади. Жумладан, Рим империясининг – лотин тили, орадан минг йиллар ўтганига қарамай ҳануз кимё, биология, фармацевтика, ҳуқуқшунослик ва бошқа кўплаб фан тармоқларида асосий терминлар сифатида учрайди. Ҳозирги кунга назар ташлайдиган бўлсак, 1,5 миллиарддан ортиқ аҳоли инглиз тилида мулоқот қилади. Бунинг сабаби тарихда дастлаб Буюк Британия кейинчалик АҚШ каби ривожланган давлатларнинг давлат тили бўлганлигидир. Табиийки, қанча кўп хорижий фуқаролар сизнинг давлат тилингизда гапирса, шунча сизнинг тилингиз, давлатингиз халқаро майдондаги ўрни шунчалик катта бўлади.

    Ўз мустақиллигини тарихий мезонларга кўра, яқинда қўлга киритган Ўзбекистон ривожланиш ва демократия йўлида улкан ютуқларга эришмоқда, уларнинг ичида нафақат иқтисодиёт ва сиёсатга тегишли ислоҳотлар, балки маданий, хусусан, давлат тилига оид ислоҳотлар ҳам амалга ошириляпти. Чунки муайян тилнинг халқаро майдондаги мавқейини оширишдан аввал, сўзловчи мамлакатдаги қадрини мустаҳкамлаши керак.

    Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳукуматимиз томонидан юритилаётган тил сиёсати ана шу тамойилга асосланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони ўз олдига ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқейини тўлақонли таъминлаш мақсадини қўяди. Фармонга мувофиқ:

    Давлат раҳбарининг айнан шу муҳим топшириғи ўзбек тилига боғлиқ кейинги ислоҳотларга йўл очиб берди.

    2020 йил 20 октябрда «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент томонидан имзоланган яна бир фармон давлат тилига берилган урғуни янада чуқурлаштирди. Фармонга кўра ўрта ва олий таълим муассасалари учун ўзбек тили фанининг соатини ошириш, керакли ўқув луғат ва адабиётлар: «Ўзбек тилининг имло луғати», «Ўзбек тили синонимлари луғати», «Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати», «Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати»; «Ўзбек тили омонимлари луғати» кабиларни нашр этиш ва кўплаб бошқа чора-тадбирлар талаб қилинди.

    2024 йил 18 январда «Хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилиш орқали туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда мамлакатимиз нуфузини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» имзоланган фармон эса ўзбек тилини халқаро майдонга чиқишига йўл очди. Унга кўра хорижий фуқаролар юртимизнинг маданияти, тили ва тарихини ўрганиши учун махсус «Ўзбек академияси» («Узакадемй») интернет платформаси, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатларда жойлашган маданий марказлари ва дипломатик ваколатхоналари ҳузурида ўзбек тили курслари яратилиши кўзда тутилган.

    Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўйи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сони кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир. Президентимиз ташаббуси ва ҳаракатлари билан ўзбек тили нафақат мамлакатимизда муҳим ўринни эгаллаяпти, балки хорижий давлатларда ҳам аста- секинлик билан кенг миқёсда ёйилмоқда. Масалан, Россия Федерациясининг машҳур олий ўқув юртларидан МДХМИда (МГИМО) 2000 йилдан бери Халқаро муносабатлар факультетида, МДЛУда (МГЛУ) 2010 йилдан буён, ОАМИ МДУ (ИСАА МГУ) ва бошқа рус университетларда ўзбек тили курслари мунтазам равишда талабаларга иккинчи хорижий тил сифатида ўқитиляпти.

    Бундан ташқари ўзбек тили Ғарб мамлакатларида ҳам кенг ўрганилади. Уларнинг ичига: АҚШнинг Индиана штатидаги «Индиана» университети Марказий Евросиё департаментида, Людвиг-Максимилиан номидаги Мюнхен университети шарқшунослик йўналишида, Франция Республикасининг Шарқ тили ва тамаддунлари миллий институтида, шунингдек, дунё бўйлаб 65 та университетда талабалар ва ёзги оромгоҳ қатнашувчилари учун ўзбек тили курслари фаолият юритяпти.

    Ўзбекистон тарихида қолган йирик сиёсий чиқишлардан бири бу давлатимиз раҳбарининг БМТ минбарида ўзбек тилида нутқ сўзлагани бўлди. 2023 йил 23 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида Президентимиз ҳам иштирок этди. Ушбу чиқишнинг тарихий аҳамияти шундаки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилгани ва унга Ўзбекистон аъзо бўлиб киргандан буён илк бор ташкилот минбарида давлат раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлайди. У киши сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этади. Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.

    Давлат тилини ривожлантириш мақсадида республика миқёсида ҳам бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказидаги жамоатчилик марказлари, идора ва ташкилотлар, хизмат кўрсатиш шохобчаларининг номи ўзбекчага ўзгартирилди. Кирилл алифбосидаги китоб, журнал, дарсликлар лотин алифбоси асосида қайта нашр қилинди. Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти намоёндалари асарларини таржима қилишни рағбатлантириш тизими яхши йўлга қўйилди. Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида хорижликлар ўзбек тилини пухта ўрганиши учун «Ўзбек мактаби» мактаби фаолият юритмоқда. Давлат хизматлари портали сайтлари ва уларнинг иловалари лотин ёзуви асосида тузилиб фойдаланишга топширилди. Ўзбекона маданиятни жаҳонга кенг тарғиб қилиш мақсадида сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган шаҳарларда доимий равишда миллий фольклор намуналари бўйича концерт дастурлари, «Шашмақом» миллий мусиқа фестивали, театрларда саҳна асарлари намойиш этилмоқда. Хорижий сўзларнинг ўзлашган қатлам сўзлар таркибига киришининг олдини олиш учун Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари ташаббуси билан «Ўзбекчаси борку» лойиҳаси муваффақиятли ўтказилди. Ушбу лойиҳа доирасида Тошкент шаҳридаги корхона ва ташкилотларнинг расмий ва норасмий ҳужжат матнларидаги рус тилидаги сўзлар ўзбек тилидаги муқобилига ўзгартирилди. Шунингдек, кўчалардаги жой номлари ўзбекча номга алмаштирилди. Бундан ташқари ўзбек тилининг нуфузини ошириш мақсадида доимий равишда «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» танлови ўтказилади. Мазкур танловда «Энг яхши бадиий асар», «Энг яхши публицистик мақола», «Энг яхши фильм сценарийси» номинациялари бўйича синов бўлиб ўтади. Ўзбек миллатига мансуб ёки чет эл фуқаролари томонидан яратилган хорижда ўзбек тилини тарғиб қилишга қаратилган илмий, бадиий, мусиқий асарлар ҳамда аудио, видео маҳсулотлар тайёрлаш бўйича конкурс ўтказилди. Олий даражадаги санъат асарларини яратган иштирокчилар моддий рағбатлантирилади. Танловга тақдим этиладиган ижодий ишлар аҳоли ҳамда ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ижтимоий фаоллиги ва миллат тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтириш, китобхонлик маданияти, ёзма ва оғзаки саводхонлигини ошириш, ёш авлодда ўзбек тилига нисбатан миллий ғурур ҳиссини шакллантириш, улар қалбида умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиромни тарбиялашга, Шунингдек, ижодий ишларда чет эллардаги ватандошларимиз ва ўзбек тилини севувчи хорижликларнинг ўзбек тилига муҳаббати ва эътиборини намойиш этиш, ўзбек тилининг амалдаги халқаро мавқейини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Ўзбек тилининг амалдаги нуфузини ошириш, шу билан биргаликда давлат тилига оид муаммоларни ҳам этишга кенг жамоатчиликнинг ижодий ёндашувини ривожлантириш; таълим муассасалари, давлат идоралари, меҳнат жамоаларида намойиш этиш ҳамда халқ орасида кенг оммалаштириш учун ўзбек тили ва адабиётига доир ижодий ишлар жамланмасини яратиш; иқтидорли ёшларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ва ривожлантириш, уларнинг давлат тилини тарғиб қилувчи ижод намуналарини рағбатлантириш ва оммалаштириш танловнинг асосий мақсадларидир. 2024 йилнинг 7 июнь кунида «Зиё форум» илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш халқаро фонди ташаббуси билан ёшларга футболкалар улашилмоқда. Уларда «Бугунги ишни эртага қўйма», «Юзга кирсанг юз йил ўқи», «Мақсадли бўлган йўл топар» каби халқ донишмандлигини акс эттирган мақоллар ёзилган. Инсон ҳар куни бу ҳикматларга назар ташлар экан, беихтиёр унинг шуурига ўзбекча ҳикматлар маъноси сингиб боради. Бу эса тил кўникмасини юқори даражада ривожлантиради.

    Барча мамлакатлар ижтимоий, сиёсий, маданий жиҳатдан ривожлантирувчи тизим ишлаб чиқиш учун доимий саъй-ҳаракатлар, ислоҳотларни амалга оширади. Ўзбекистон ҳам муҳим сиёсий жараёнлардан бири Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайловини ўтказиш арафасида турибди. Халқ вакилларидан таркиб топган сиёсий партиялар жамият ҳаётини йўналтирувчи куч ҳисобланади. Шу боис, партияларнинг сайловолди дастурлари таркибига давлат тили нуфузини ошириш ва унинг хориждаги тарғиботи масаласини ҳам киритиш жоиз. Бу фикримизнинг амалдаги тасдиғи сифатида Миллий тикланиш демократик партияси сайловолди дастурининг 2-банди 3-қисмида «Давлат тили мақомини ошириш, кенг тарғиб этиш» режасини айтишимиз мумкин. Афсуски, бошқа партияларда бу мавзу қайд этилмаган. Агар партияларнинг мазкур дастурларига ўзбек тилини ривожлантириш ва халқаро тил даражасига кўтариш муаммоси қўйилса, ўзбек тилининг ижтимоий-сиёсий жараёнларидаги мавқейи ортган бўлар эди.

    Бундан ташқари, Олий таълим муассасаларида таълим грантлари сонини ошириш, хорижлик талабалар ўқиши ва ишлаши учун шароитлар яратиш давлат тилини ёйишга катта ёрдам берувчи омиллардан биридир. Халқаро талабалар учун грантлар ажратиш орқали уларни Ўзбекистонга жалб қилиш самарали натижа беради. Бу тажрибани Туркия ва Германия давлатлари мисолида кўрсак бўлади. Таълимнинг биринчи йилида турк тили ва немис тили курслари мажбурий ўқитилади. Натижада хорижлик талабаларда ўзбек тили орқали ўзбекона маданият ҳам шаклланади.

    Ижтимоий ҳаётда давлат тилидан фойдаланиш, давлат тилини муҳофаза қилиш, унинг қўлланилишини назорат қилиш ҳамда «Давлат тили тўғрисида»ги қонун талабларини бузганлик учун жавобгарликни таъминлаш масалаларини тартибга солиш мақсадларида кўп мамлакатларда давлат тили ҳақида махсус қонунлар қабул қилинмоқда. Баъзи мамлакатларда тил билан боғлиқ масалалар конституцияда ўз ифодасини топган. Масалан, Ҳиндистон бош қомусида ҳам махсус моддаларда акс эттирилган. Давлатимизда ҳам шу каби тил ислоҳоти ўтказиш мақсадга мувофиқ. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, миллатпарвар инсон сифатида барчамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб давлат тилининг манфаатларини ҳимоя қилишимиз, адабий меросини асрашимиз лозим. Ҳар бир ватандошимиз она тилимизнинг тарғиботи учун чин дилдан қайғуриши, унинг ривожланишига ҳеч қурса кичик-кичик амалий ҳаракатлар билан ҳисса қўшиши керак. Зеро, давлат тили нуфузининг ортиши миллат тараққиёти гаровидир.

    Мухлиса Садуллаева,

    Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

    Ўзбек ва рус тиллари кафедраси ўқитувчиси,

    Исломов Боситхон,

    Халқаро муносабатлар факультети

    2-босқич талабаси.