Алишер Навоий “Ғазалиёт девони”нинг факсимиле нашри

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2022 йил, 9 февраль сонида ЎзРФА вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимовнинг “Алишер Навоий “Ғазалиёт девони”нинг факсимиле нашри” номли мақоласи эълон қилинди.

    Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Алишер Навоий асарларининг факсимиле нашрларини амалга ошириш масаласига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Зеро, Навоий асарларининг барча нашрларини ҳам талаб даражасида амалга оширилган, деб бўлмайди. Баъзи сўзларнинг имлосида вужудга келган хатоликлар туфайли улуғ мутафаккир айтмоқчи бўлган асл маънодан чалғиб кетиш ёки эркин талқин этиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу маънода, Навоий асарлари қўлёзмасини тадқиқ этиш ва уларнинг асл нусхасини (факсимиле шаклида) илм аҳли ва халққа тақдим этиб боришга доимий эҳтиёж сезилади.

    Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти томонидан яқинда нашр этилган Алишер Навоийнинг “Ғазалиёт девони” факсимилеси мазкур қарор ижросининг амалий натижаларидан бири бўлди, дейиш мумкин. Ушбу китоб институт фондидаги Алишер Навоий “Ғазалиёт девони” номли ноёб қўлёзмасининг факсимиле нашри ҳисобланади. У мустақиллигимизнинг 30 йил ­ лигига ва Навоийнинг 580 йиллик саналарига бағишланади.

    Қўлёзма асар Навоий ҳаётлиги чоғи — 1492­1493 йилда, унинг замондоши “хаттотлар султони” номи билан машҳур бўлган Султонали Машҳадий (1432­1520) томонидан юксак дид билан кўркам настаълиқ хатида кўчирилган. Девондан муаллифнинг 335 та ғазали ўрин олган.

    Маълумки, Султонали Машҳадий узоқ вақт Темурийлар саройида фаолият юритган. Ушбу хаттот ижодий фаолиятининг энг барқ урган йиллари Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги (1469­1506) ва Навоий ижод этган даврга тўғри келади. Қўлёзма XV аср Ҳирот китобат санъатининг юксак намуналаридан ҳисобланади. Шеърлар матни ҳар бир варақда икки устунли жадвалга бўлиб кўчирилган, атрофи зийнатланган. Бошланишида олтин суви билан нафис фронтиспис ишланган.

    Чоп этилган ушбу китобга профессор А.Эркинов ва PhD О. Мадалиева томонидан ўзбек, инглиз ва рус тилларида кириш тадқиқоти ёзилган, шунингдек, девоннинг хусусиятидан келиб чиқиб, иккита илова шакллантирилган. Тадқиқот муаллифларининг фикрига кўра, ушбу қўлёзма 1492­1498 йиллар давомида тузилган “Хазойин ул­маоний” девонлар мажмуасининг протодевони бўлиши мумкин.

    “Прото” (proto) cўзи “биринчи”, “дастлабки”, “бошланғич” деган маъноларни англатиб, бирор нарсанинг дастлабки, энди­энди шаклланаётган босқичини билдиради. “Ғазалиёт девони”нинг 898/1492 йилда, яъни “Хазойин ул­маоний”нинг тартиб бериш жараёнлари бошланган вақтда кўчирилгани ва албатта, қўлёзманинг таркиби унинг мазкур девонлар мажмуасига нисбатан протодевон бўлганига асослар яратади, дейди тадқиқот муаллифлари.

    Профессор Ҳамид Сулаймонов (1910­1979) ўз вақтида бу қўлёзма варақларининг айримлари йиртилган ва шу муносабат билан юзта ғазал тушиб қолган бўлиши мумкинлигини қайд этган эди. Тадқиқотлар натижаси баъзи ўринларда узилишлар мавжудлиги, аммо улар у қадар кўп эмаслигини кўрсатди.

    "Ғазалиёт девони” қўлёзмасининг муҳим жиҳатларидан яна бири — у маълум муддат Қўқон хони Амир Умархон (1809­1822) кутубхонасида сақланган. Нусханинг айрим варақларига қўйилган Умархоннинг икки хил муҳри ушбу фикрни тасдиқлайди.

    Асарнинг ушбу асл нусхаси ўзида буюк мутафаккирнинг илмий­ижодий меросини сақлаш билан бирга унинг кўчирилган даври китобати, миниатюраси, хаттотлиги, муқовасозлиги каби санъатнинг бир неча турларини ҳам ўзида мужассам этган. Шу сабабдан ҳам ушбу факсимиле нашр мутахассислардан ташқари санъатсевар халқимизни Навоий асарларининг асл матни билан таништириб, уларни ўша давр бетакрор санъат намуналаридан ҳам баҳраманд этади.

    Ушбу турдаги нашр ноёб қўлёзманинг умрини узайтириш ва бутун дунё мутахассисларини асл матндан фойдалана олишлари учун имкон яратиш каби мақсадларни кўзлаб амалга оширилади. Айни вақтда Алишер Навоий “Ғазалиёт девони” қўлёзмасининг янги факсимиле нашри навоийшунос мутахассисларга ва халқимизга муносиб туҳфа бўлди.