“Чорсу” бозоридаги ёнғиндан зарар кўрган майдонларни тиклаш бўйича ишчи гуруҳ тузилди

    Чорсу бозорининг Беруний ва Сақичмон кўчалари кесишмаси яқинида жойлашган дўконлари ва омборларида рўй берган ёнғиндан зарар кўрган майдонларни тиклаш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

    Шу йилнинг 28 июнга ўтар кечаси Чорсу бозорининг Беруний ва Сақичмон кўчалари кесишмаси яқинида жойлашган дўконлари ва омборларида ёнғин рўй берди. Пойтахт ҳокимлиги ёнғиндан зарар кўрган майдонларни тиклаш бўйича ишчи гуруҳ тузилганини эълон қилди.

    Айни вақтда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар давом этмоқда. Мутахассислар ёнғин сабабларини аниқламоқда, шунингдек, етказилган зарар миқдорини баҳоламоқда.

    Шаҳар ва туман ҳокимликлари вакиллари ёнғиндан зарар кўрган тадбиркорлар билан учрашди. Ишчи гуруҳ зарар кўрган майдонларни таъмирлаш, тиклаш ва ишга тушириш масалаларини самарали ва тезкор ҳал этиш мақсадида тузилди.

    Тез орада барча бинолар таъмирланиб, уларда янада яхши иш шароитлари яратилади. Ишлар якунига қадар эса ҳозирда тадбиркорлар фаолиятини давом эттиришлари учун бошқа бинолар ажратилган.

    Хабарда айтилишича, ёнғин бозорнинг умумий фаолиятига таъсир қилмай, у одатий тарзда ишини давом эттирмоқда.