Кучли ёмғир сабабли ҳудудларни сув босиши мумкин — Ўзгидромет

    «Ўзгидромет» 30 июндан 1 июлгача кучли ёмғир ёғиши кутилаётгани сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

    Мазкур огоҳлантириш амал қиладиган ҳудудлар:

    • Сурхондарё вилояти — Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музработ туманларида;
    • Тошкент вилояти — Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида;
    • Наманган вилояти — Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида;
    • Фарғона вилояти — Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида;
    • Андижон вилояти — Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманларида ва Хонобод шаҳрида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

    Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз, — дейилади хабарда.

    Республиканинг Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Фарғона водийси бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин.