Ўзбекистон футбол ассоциациясида жаҳон футболи афсоналари билан учрашув ташкил этилди

    Ёшлар ойлиги доирасида жаҳон футболи афсоналари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бразилия ва Италиянинг яқин ўтмишдаги юлдузлари Дида, Сержинио, Кристиан Пануччи ва Кристиан Заккардо каби футболчилар Ўзбекистон футбол ассоциациясида меҳмон бўлди.

    Футбол афсоналари дастлаб ўзбек футболи тарихини акс эттирувчи музей билан танишдилар. Шундан сўнг ЎФА, МОҚ, БМБ Ҳолдинг компанияси раҳбарияти ҳамда бугунги мартабали меҳмонлар иштирокида учрашув ташкил этилди.

    Учрашув аввалида мамлакатимизда спорт, хусусан, футболга берилаётган эътибор натижасида бугунги кунда ушбу йўналиш юксак даражада ривожланиб борилаётгани қайд этилди. Бу турли терма жамоаларимизнинг натижаларида акс этаётгани, шунингдек, футболни ривожлантириш, унга ёшларни кенг жалб қилиш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича футболи ривожланган давлатлар билан қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

    Футбол афсоналари ҳам ўз ўрнида юртимизда ҳаваскор ва профессионал футболни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма ва халқаро ареналардаги натижалар, хусусан илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритилганини юқори баҳоладилар.

    Учрашув давомида футболни оммалаштиришга қаратилган долзарб ташаббус ва режалар юзасидан фикр алмашилди. Италия ва Бразилия футболи афсоналари иштирокида келажакда бир нечта лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.