Алишер Навоий ва Бобур мероси — беқиёс маънавий хазинадир

    Мана орадан беш асрдан ортиқ вақт ўтибдики улуғ мутафаккир боболаримиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маънавий мероси бутун дунёни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат ва меҳр-мурувват нурини таратиб келмоқда. Шу кунларда юртимизда Алишер Навоий таваллудининг 581 ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги кенг нишонланмоқда.

    Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармасида “Боқий маънавий мерос” мавзусидаги ўтказилган адабий-бадиий анжуман ҳам Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланди.

    Тадбирда бошқарма бошлиғи И.Абдусатторов ҳар икки ижодкор дунё адабиёти тарихида жуда катта ўрин тутишини, халқпарвар давлат арбоби сифатида жамиятда тутган юксак мавқеи жиҳатидан ҳам, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт аҳлига кўрсатган ҳомийлиги жиҳатидан ҳам ўхшаши йўқ сиймо эканлигини, улар бугун ўзбек халқининг миллий ифтихорига, адабий, маънавий камолот тимсолига айланганлигини таъкидлади.

    Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи илмий ходими, филология фанлари номзоди, навоийшунос олим Буробия Ражабова Алишер Навоий ва Бобурнинг шоир шахси ва ижоди билан боғлиқ маълумотларни иштирокчиларга эътиборига ҳавола этар экан, Навоийнинг ижодини ўрганиш ва илмий таҳлили бўйича сўнгги йилларда қатор таниқли тадқиқотчилар иш олиб бораётганлигини, бугунги кунда ҳам унинг ижодий мероси кўпгина олимларимизни илҳомлантириб келаётганлигини, маънавиятимиз асосларини эса буюк бобомизнинг бебаҳо меросидан айро тасаввур этиб бўлмаслигини айтиб ўтди.

    Ўз ўрнида Бобур буюк давлат арбоби, моҳир саркарда сифатида ақл-заковати ва шижоати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солганлиги, ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома”, “Мубаййин”, “Хатти Бобурий”, “Ҳарб иши”, Мусиқа сирлари”, “Қофия илми каби асарлари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан жой олганлиги тўғрисидаги фикрларини билдирди.

    Навоий ва Бобурнинг ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, улар умри давомида халққа хизмат қилиб, бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида шахсий ибрат кўрсатганини янада ёрқинроқ билиб оламиз. Улар барча асарларида ана шу эзгу ғояларни тарғиб этди.

    Халқимиз маънавий дунёсининг юксалишига улкан ҳисса қўшган икки буюк шахс – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан ташкил этилган тадбирда Давлат хизматлари маркази ходимлари, ижодкор ёшлар иштирок этиб, икки ижодкорнинг ҳаёти, фаолияти, ижодий мероси хусусида ўзаро фикр алмашишди.

    Тадбирда Навоий ва Бобур ижодидан намуналар ёддан айтилиб, Тошкент вилояти Мақом ансамбли иштирокчилари ижросида куй-қўшиқлар ижро этилди.

    ДХА Тошкент вилояти бошқармаси

    матбуот хизмати

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates